Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу (19-қисм)

668

ТУНДАГИ ҲОДИСА

Мусулмонларнинг халифаси Умар розияллоҳу анҳу доимий одатларига кўра, бир кун кечаси Мадина кўчаларини айлангани чиқдилар. Ана шундай “сайр” пайтлари аҳолининг ҳолидан хабар олар, адолат бузилмаслигини назорат қилар, бева-бечораларнинг арз-шикоятларини тинглар эдилар.

Бу гал ҳам тунги кўчаларни айланиб юраркан, олдинда бир шарпа кўринди. Яқинлашиб қараса, бир одам ҳадеб чодир ичига қараяпти. Ҳазрат Умар ундан сўрадилар:

– Бу ерда нима қилиб турибсан?

– Саёҳатга чиққан эдик. Ичкарида ўтирган менинг аёлим, ҳомиладор эди, шу ерда тўлғоқ тутиб қолди. Мажбуран шу ерда қолдик, биз билан келган карвон йўлида давом этиб кетди, – деб жавоб берди мусофир.

– Унда нега бу ерда турибсан, кириб хотинингга ёрдам бермайсанми? – дедилар ҳазрат Умар.

– Ёрдам берай десам, бу ишга ақлим етмайди.

– Унда сен шу ерда тур, мен ҳозир доя олиб келаман.

Ҳазрат Умар шундай деб, уйларига жўнадилар ва ухлаб ётган хотинларини уйғотдилар.

– Эй Умму Гулсум. Тур ўрнингдан, ҳозир сенинг ёрдаминг керак бўлиб қолди. Агар уруш майдонидаги жанг бўлса, безовта қилмас эдим. Бугун сен кераксан, бу иш сенинг қўлингдан келади.

Умму Гулсум чодирдаги аёлга ёрдам қилди ва бир оздан сўнг чодир ичидан чақалоқ йиғиси эшитилди. Юмушларини тугатиб чиққан Умму Гулсум мусофирни ўғилли бўлгани билан қутлади.

Сўзлашув асносида хотинининг туғишига кимлар ёрдам берганини сезиб қолган мусофир тамоман довдираб қолганди:

– Эй мўминлар амири, сизни безовта қилдимми?

Бунга жавобан ҳазрат Умар хиёл жилмайиб қўйдилар ва мусофирга қаттиқ тайинладилар:

– Тонгда ҳузуримга кел. Байтул молдан керакли ёрдам берилади.

ЧИРОЙЛИ ХОТИМА

Иттифоқо, бир куни мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига уч йигит кириб келди. Улар оталарини ўлдирган қотилни тутиб келишганди, ундан қандай қасос олиш масаласини аниқлашни халифага топширмоқчи эдилар. Қотил ҳазрат Умарни алдаб бўлмаслигини тушуниб, айбини бўйнига олди, ҳар қандай жазога розилигини изҳор қилди. Фақат мол-мулкини фарзандларига билдириб қўйиш учун уч кунга муҳлат сўради. Ўша ерда ҳозир бўлган саҳобийлардан Абу Зарр Ғифорий қотилнинг кафолатини олди.

Уч кун ўтди, қотилдан дарак йўқ эди. Халифа унинг кафолатини олган Абу Заррни топтириб келди. У етиб келиб, қатл этилишга тайёргарлик кўра бошлади. Шу пайтда ўша қотил ҳаллослаганича етиб келди. Халифанинг юзи ёришди. Қотилдан таажжубда сўради:

– Қочиб кетишга имконинг бўла туриб, нега қайтиб келдинг?

– Халифаликда ваъдасининг уддасидан чиқадиган қолмабди дейишларидан қўрқиб келдим,

– деди қотил.

Шунда халифа саҳоба Абу Заррга юзланиб

сўрадилар:

– Сен нега танимаган одамингнинг кафолатини олдинг, ахир у келмаганида унинг ўрнига қатл этилган бўлардинг-ку?!

– Халифаликда ҳимматли кишилар йўқ эканда дейишмаслиги учун шундай қилдим, – деди саҳобий.

Бу манзарани кўриб турган жабрдийда уч йигит халифага шундай деб мурожаат қилишди:

– Биз ҳам отамизнинг қотилини кечирдик, ундан қасос ҳам олмаймиз, тағин бу дунёда афв этувчилар қолмабди-да, деб юришмасин.

Масаланинг бу янглиғ чиройли адолат билан хотима топганини кўрган амирнинг юзларида мамнунлик аломатлари жилва эта бошлади.

“УМАР ЭШИТМАСИНМИ?”

Ҳазрат Умарнинг халифалик йиллари. У киши ўз одатларига кўра бир гуруҳ кишилар билан Мадина кўчаларидан кетиб борардилар. Шунда бир аёл халифани тўхтатиб, қаттиқ овозда насиҳат қилишга тушди: “Эй Умар, яқиндагина Умарча деб аталардинг, улғайганингдан сўнг “Эй Умар” деб мурожаат қиладиган бўлишди. Энди эса “Эй амирал мўминин” деб аталмоқдасан. Аллоҳдан қўрққин, эй Умар! Ким ўлимга ишонса, умрини бекор ўтказишдан қўрқади, ким Ҳисоб-китобга ишонса, азобдан қўрқади”. Шундай дея таъна-дашном қилаверибди бояги аёл.

Бутун Ислом оламининг халифаси, дунёнинг ярмини турғизиб-ўтқизаётган ҳукмдор юпун кийинган, кўримсизгина бу аёлнинг маломатларини худди талаба боладай одоб билан, жимгина тинглаяпти, ҳатто эътироз билдира олмаяпти. Бу не ҳол?

Халифанинг ҳамроҳлари таажжуб билан у кишидан “Эй мўминларнинг амири, бу кампирга ҳам шунчалик тўхтаб, аччиқ-тизиқ гапларини эшитиб ўтирасизми?” деб сўрашди. Бунга жавобан ҳазрат Умар “Аллоҳга қасамки, агар у эрталабдан кечгача йўлимдан тўхтатиб ушлаб турса ҳам, фарз намозлари вақтидан бошқа пайтда туравераман. Бу кампирнинг кимлигини биласизларми ўзи?! Бу – Ҳавла бинти Саълаба. Унинг сўзини Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан эшитган. Оламларнинг Парвардигори бу аёлнинг сўзларини эшитади-ю, оддий банда Умар эшитмасинми?” дедилар.

ХАЛИФАНИНГ КЕЛИНИ

Ҳазрат Умар халифалик йилларида кўпинча Мадина кўчаларини тунда ёлғиз айланар, мусулмонларнинг ҳоли-ҳаётидан, турмушидан шу тариқа янада яхшироқ хабардор бўларди. Ўша куни ҳам оддий кийимдаги халифани Мадина кўчаларида кўрганлар таний олишмади, эътибор ҳам беришмади. У катта-катта қадам ташлаб бораркан, чор атрофга синчковлик билан назар ташлар, нигоҳидан майда-чуйда нарсалар ҳам қочиб қутулмасди. Шу пайт хонадонларнинг биридан икки аёлнинг ғўнғир-ғўнғир гаплашаётгани қулоғига чалинди. Қизиқсиниб деворга яқин борди. Девор ортидан бир хотиннинг қизига айтаётган гаплари баралла эшитилиб турарди:

– Қизим, бугун соққан сутимиз негадир кўзимга

оз кўриняпти, шунга бир оз сув қўшиб кўпайтирмасак бўлмайди, шекилли. Шунга сув олиб келиб бергин.

Қизи ҳайратланиб:

– Вой онажон, нималар деяпсиз? Амирал мўминин сутга сув қўшманглар, деб буюрган эди-ку,

– деди. Онаси унга жавобан:

– Қизим, биласанки, тирикчилигимиз сут билан ўтади. Мен бир бева аёлман, бошқа даромадимиз йўқ. Сутга бир оз сув қўшсак, кўпаяди, эҳтиёжимизга ишлатамиз, – деди.

Аллоҳдан қўрқиш қалбига жо бўлган одобли қиз:

– Онажоним, бугун сизга нима бўлди? Сизнинг бундай деганингизни халифа эшитса, нима бўлади? – деди.

– Қизим, кечаси бу вақтда халифа ухлаб ётибди. Бизнинг бу ерда сутга сув қўшганимизни қандай билади, қандай кўради?! – деди.

Бу муборак қиз:

– Онажон! Бугун сизга бир нарса бўлибди.Шундай номақбул сўзларни айтмоқдасиз. Сиз айтган ҳийлани агар халифа кўрмаса, ҳамма нарсани билувчи Аллоҳ билади ва кўради! Сутга сув қўшиш гуноҳдир! – деб онасини гуноҳдан сақлаб қолди.

Ҳазрат Умар бу суҳбатни охиригача эшитди. Эртасига эрталаб бу ерга келиб, Аллоҳдан қўрқувчи, гўзал ахлоқли, яхши фазилатли, иффатли ва тарбияли қизни келинликка – ўғлига сўради. Ҳазрат Умар ўғлини шу фақир қизга уйлантирди. Ҳазрат Умарнинг ўша муборак келинидан шундай авлодлар – фарзандлар дунёга келдики, улардан бири ҳазрат Умар каби адолатли бўлиб, тарихда иккинчи Умар исмини олди. Бу зот Умар ибн Абдулазиздир. Умар ибн Абдулазиз бобоси каби адолатни севувчи, Аллоҳдан қўрқиб яшаган муҳтарам бир зотдир.

(давоми бор) (1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

468 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

470 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

600 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

576 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

679 22:05 26.01.2021
« Орқага