Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу (20-қисм)

640

УЧТА ГУНОҲ 

Мадина кўчаларини кезиб, раъият аҳволотидан доимо хабардор бўлиш халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг энг суйган машғулотларидан эди. Бу гал ҳам ҳазрат Умар шу тариқа пойтахт кўчаларини айланиб юргандилар. Бир ҳовли ёнидан ўтиб кетаётиб, эркак ва аёлнинг ғўнғир-ғўнғир гаплашаётганини эшитиб қолдилар. Деворга чиқиб қарасалар, уларнинг ўртасида ичкилик тўла идиш турибди. Шунда ҳазрат Умар тутақиб кетиб, эркакка таъна қилдилар:

– Эй Аллоҳнинг душмани, сен қилаётган бу гуноҳ ишлар Аллоҳдан пинҳон қолади, деб ўйлайсанми?

У одам эса хотиржам туриб, халифага жавоб қилди:

– Эй амирал мўминин, мен Аллоҳга бир гуноҳ қилган бўлсам, сиз биратўла учта гуноҳга йўл қўйдингиз. Аллоҳ таоло “Жосуслик қилманглар!” деган. Сиз бизнинг гапимизни пойлаб, жосуслик қилдингиз. Аллоҳ яна айтганки: “Уйларга эшиклардан киринглар!” Сиз эса девор ошиб тушдингиз. Ва яна Аллоҳ таоло: “Ўзларингизнинг уйларингиздан бошқа уйларга унинг аҳлидан изн сўрамасдан, салом бермасдан кирманглар”, дейди. Сиз буни ҳам қилмадингиз.

Ҳазрат Умар бу кишининг зукколигига тан бериб, бўшашиб қолди ва ундан шундай деб сўради:

– Бирорта хайрли ишинг бўлса, айт, сени афв қиламан.

– Худо ҳақи, қайтиб бу ишни ҳеч қачон қилмасликка сўз бераман, – дея узр сўради бояги киши.

– Борақол, сени кечирдим, – дедилар ҳазрат Умар хотиржам бўлиб.

СОТИЛГАН ШИКОЯТ

Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб қоронғи кечаларнинг бирида мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг уйига бориш учун йўлга чиқдилар. Кетаётсалар, йўлда саҳройи одамларнинг йиртиқ кийимларини кийиб олган бир киши йўлларини тўсиб чиқди ва енгларидан тортиб “Юр мен билан, эй Аббос” деди. Аббос розияллоҳу анҳу диққат билан қарасалар, у киши амирал мўмининнинг ўзлари эканлар. Кўпинча биров таниб қолмаслиги учун кийимларини ўзгартириб, Мадина кўчаларини айланиш, мусулмонларнинг кундалик турмушидан хабардор бўлиш у кишининг одатларидан эди. Чунки амирал мўминин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Сизларнинг ҳар бирингиз бамисоли чўпондирсизлар ва ўз қўл остингиздагиларга масъулдирсизлар”, деган гапларини маҳкам тутган эдилар.

Аббос ибн Абдулмутталиб халифага салом бергач, сўрадилар:

– Йўл бўлсин, эй мўминлар амири?

– Бу зулматли тунда араб маҳаллаларини айланиб чиқмоқчиман, – дедилар ҳазрат Умар. Кеча салқин эди. Ҳамма кечки юмушларини тугатиб, уйқуга ҳозирлик кўраётганди. Ҳазрат Умар чодирлар ва кулбалар оралаб борарканлар, уларнинг ҳар бирини диққат билан кузатар, ниманидир ахтараётганидек баъзан тўхтаб ҳам қолардилар. Айланишни тамомлаб, энди орқага қайтишмоқчи ҳам эдики, тўсатдан бир чодирдан келаётган овоз халифани сергаклантирди. Секин чодирга яқинлашишди. Унда бир аёл қозон олдида куймаланиб ўтирар, атрофида бир неча бола чирқираб йиғларди. Аёл болаларни овутмоқчи бўлар, “Сабр қилинглар, озгина қолди, ҳозир овқатим пишса, ейсизлар”, деб алдарди.

Ҳазрат Умар бу ҳолатни кўриб, кайфиятлари бузилди. Ўринларидан жила олмай қолдилар. Шу алпозда анча туриб қолишди. Ниҳоят, Аббос тилга кирди:

– Эй амирал мўминин! Нега бу ерда турибмиз, юринг, кетайлик!

– Аллоҳ номи билан қасам ичаманки, токи бу аёл овқатини сузиб болаларига едирмагунча ҳеч қаёққа кетмайман! – дедилар ҳазрат Умар.

Вақт ўтиб борарди. Болалар ҳамон йиғидан тўхтамас, аёл эса “Сабр қилинглар, ҳозир овқатни сузаман, озгина қолди”, деб такрорлашдан чарчамасди. Ҳазрат Умар чидаб туролмадилар ва Аббосга:

– Юр, ичкарига кирайлик-чи, нима гап экан?

– дедилар. Икковлон орқама-орқа чодирга киришди. Ҳазрат Умар аёлга салом бердилар.

– Ассалому алайкум!

– Ва алайкум ассалому ва роҳматуллоҳу ва барокатуҳ, – деб гўзал жавоб қайтарди бояги аёл.

– Болаларга нима бўлган, нега улар йиғидан тўхташмаяпти? – сўрадилар ҳазрат Умар.

– Қоринлари оч.

– Нега қозондаги овқатдан бермаяпсан?

– Овқат бўлганда бермасмидим. Уларни алдаб, овутиб ўтирибман, холос. Зора, йиғидан чарчаб, ухлаб қолишса. Уларга едирадиган ҳеч нарса йўқ!

– деди аёл бўшашиб. Ҳазрат Умар қозонни ковлаб кўрдилар. Озгина сув ичига бир неча майда тош ташлаб ковлаб ўтирган экан.

– Нега бундай ночор аҳволда қолдинг? – сўрадилар амирал мўминин.

– Менинг ҳеч кимим йўқ, на ака-укам, на отам, на эрим... Бирортаям қариндошим йўқ, ёлғиз аёлман.

– Унда нега мўминлар амирига бориб, аҳволингни тушунтирмадинг? Байтул молдан бирор нарса берарди-ку!

– Валлоҳи, Умар менга зулм қилди, – деди аёл. Аёлнинг бу гапидан ҳазрат Умар даҳшатга тушди, вужудлари қалт-қалт титрай бошлади, пешоналаридан совуқ тер чиқиб кетди.

– Эй хола, Умар сенга нима зулм қилди? – деб сўради халифа аранг тилга кириб.

– Ҳа, Худо ҳақи, Умар бизга зулм қилди. У бошлиғимиз эди, қўл остидаги ҳар бир одамнинг ҳол-аҳволидан огоҳ бўлиб туриши лозим эди. Ахир мусулмонлар орасида мендақа серфарзанд, ночор, ёрдам ва шафқатга муҳтож оилалар бор- ку!

– Умар сенинг аҳволингни қаердан билсин? Сен унга арз билан бориб, аҳволингни маълум қилиб қўйишинг керак эди, – деди ҳазрат Умар.

– Йўқ, валлоҳи, ҳақиқий бошлиқлар қарамоғидаги одамларнинг нимага муҳтожлигидан доимо хабардор бўлишлари керак. Эҳтимол, мендай камбағалнинг ҳаёси йўл қўймай, бошлиқ олдига боришга ийманар...

– Ҳақ гапни айтдинг! – деди ҳазрат Умар. – Болаларни озгина тинчитиб тур, мен ҳозир келаман!

Ҳазрат Умар ҳазрат Аббосни етаклаб чиқиб кетди. Хазинага бориб, ичкарига киришди. Ҳазрат Умар битта қопга ун тўлдириб, Аббос ёрдамида елкага олдилар. Кўзада турган ёғни Аббосга кўтартириб, икковлон бояги аёлнинг чодирига жўнашди. Йўл хийла олис эди, қопдаги ун ҳазрат Умарнинг пешонасига, юз-кўзига тўкилиб борар, терга қоришиб қотиб қоларди. Халифанинг чарчагани ва қийналаётганини кўрган ҳазрат Аббос ёрдамлашмоқчи бўлди.

– Ота-онам сизга фидо бўлсин, амирал мўминин. Чарчаб кетдингиз, қопни мен кўтариб олай!

– Йўқ. Худо ҳақи, сен қиёмат куни бўлганда менинг гуноҳ ва зулмимни кўтара олмайсан. Эй Аббос, шуни билиб қўйки, зил-замбил тоғларнинг оғирлигини кўтариш охиратда катта-кичик жиноятлар азобини кўтаришдан осонроқ. Юрақол, Аббос, болалар чарчаб ухлаб қолмасларидан етиб борайлик!

Ҳазрат Умар ва Аббос қадамларини тезлатишди. Чодирга етиб келганларида иккови ҳам Ҳақ ҳамиша ғолиб ҳолдан тойиб, мадордан кетиб бўлишганди. Қоп елкадан тушди. Ҳазрат Умар ўчоқ бошига бориб, қозон ичидаги тошларни тўкиб ташлаб, тозалади. Унга ёғ солиб, ўт қалади. Ўтин ҳўл экан, анчагача тутаб ёнмади. Халифа энгашиб, ўтинга пуфлай бошлади. Бу юмушларни Аббос қилмоқчи эди, халифа кўнмади. Қозонга ўзи ёғ солиб, ун билан аралаштириб, таом тайёрлай бошлади. Овқат пишгач, ўзи уни совутиб болаларга едирди. Уларнинг қорни тўйиб, ўйнай бошлаганларидан кейингина кўнгли тасалли топди. Бу ишларни ҳайрон бўлиб кузатиб турган аёл ҳазрат Умарга шундай деди:

– Ҳой яхши одам, аслида, Умарнинг ўрнига сен лойиқ одам экансан!

Шунда ҳазрат Умар ўнғайсизланиб:

– Мен амирал мўмининнинг яқинларидан бўламан. Аҳволингни унга тушунтириб қўяман. Эртага унинг ҳузурига боргин, мен ҳам ўша ерда бўламан. Иншааллоҳ, ҳаммаси яхши бўлади, – деди.

Икковлон аёл билан хайрлашиб ташқарига чиқишди. Шундагина халифа енгил тин олиб, чуқур хўрсинди:

– Бугун ғалати тун бўлди, эй Аббос! Валлоҳи, ўша аёлнинг болаларини тош қайнатиб алдаётганини кўрганимда гўё тоғлар силкиниб, елкамга ағдарилгандай бўлди. Масаллиқни келтириб, овқатни пишириб уларга едирганимдан кейингина ўша зил-замбил тоғ елкамдан тушди. Алҳамдулиллаҳ, бир ҳақсизликнинг олди олиб қолинди.

Халифа ва Аббос ўша тун бирга қолишди. Ҳазрат Умар тонг отгунча тўлғаниб ухлолмай чиқди. Эртасига тонг отгач, ўша аёл халифа ҳузурига кириб келди. Ҳазрат Умарни бошқа кийим, бошқа мақомда кўриб қолиб, қўрққанидан дағ-дағ титрай бошлади. Аммо халифа унга далда берди:

– Қўрқманг, сизни бу ерга таклиф этишдан мурод, кеча сиз мендан Аллоҳга шикоят қилган эдингиз. Шу шикоятингизни сотиб олмоқчиман, қанчага сотасиз?

Аёл ҳам қўрқув, ҳам таажжубдан тили калимага келмасди.

– Эй Аббос, сиз гувоҳ бўлинг, – деди халифа ўрнидан туриб, ўша шикоятни ўз пулимдан беш юз динорга сотиб олдим. Ҳазрат Умар пулни санаб, аёлга узатди. Етказилган озор учун ундан қайта-қайта узр сўради. Унга ва болаларига Байтул молдан ҳар ойга етгудай миқдорда нафақа тайинлади ва унинг ижросини доимо назорат қилиб юрди.

(давоми бор)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Улардан бўлишни истайман!

16 19:30 07.03.2021

Ўз фарзандларига қарши жиҳод эълон қилаётганларга мурожаат

285 18:30 07.03.2021

Сабр бўлмаса, иймон ҳалокатга юз тутади

142 17:23 07.03.2021

Отасига муносиб бўлган имом Қушайрий

264 14:00 07.03.2021

Хитой ва Литва Тайван туфайли тортишиб қолишди

632 11:00 07.03.2021

Аёл кишини “бузуқ” деб айблашнинг гуноҳи (давоми)

336 09:26 07.03.2021
« Орқага