Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу (21-қисм)

632

БОЛА БИЛАН СУҲБАТ

Ҳазрат Умар эрта тонгда масжидга боришни одат қилгандилар. У киши ҳали азон айтилмасдан масжидга кириб, намоз вақти бўлишини кутиб ўтирардилар. Ўша куни ҳам тонг отмай масжидга отланиб, йўлга чиқдилар. Кўчада шошилинч кетиб борарканлар, бир болага кўзлари тушди. У ҳам қаёққадир шошилиб кетаётганди. Ҳазрат Умар қизиқсиниб болакайдан сўрадилар:

– Эй болам, эрта тонгда бунчалик шошилиб қаёққа кетяпсан?

– Намоз ўқиш учун масжидга боряпман, – бурро жавоб қилди ўша бола, – намоз вақти яқинлашиб қолди. Менинг эса таҳоратим йўқ эди, шунинг учун азон айтилмай туриб, таҳорат олишим ва намоз вақтини кутишим керак. Шунинг учун шошиляпман.

Ҳазрат Умар боланинг жавобидан суюнди, аммо уни бир синаб кўриш учун яна саволга тутди:

– Болам, ҳали жуда ёш кўринасан, ҳатто намоз ҳам фарз бўлмаган, сенга қийин бўлмаяптими?

Аммо бола саволга довдираб қолмади, аксинча, бир ҳаяжон ичида ажиб жавоб қилди:

– Ҳазратим, наҳотки бу ишда ёшнинг аҳамияти бўлса? Кеча маҳалламизда мендан ҳам ёшроқ бир бола вафот этди. Демак, менга ҳам шунча йил яшайсан, деб кафолатлаб қўйилмаган. Шунинг учун ибодат қилишга ошиқаман.

Ҳазрат Умар боланинг бу қадар зукколик билан айтган жавобидан ҳангу манг бўлди, икки қарама-қарши туйғу оғушида қолди. Бир томондан, боланинг кичик ёшдаёқ Аллоҳдан қўрқиб, унинг ибодатига шошганидан қувонган бўлса, иккинчи томондан, ақлини таниган кап-катта одамларнинг ғафлатда, жаҳолатда юрганидан мутаассир бўлиб, қайғу чекди.

АЛЛОҲНИНГ ҚАДАРИДАН АЛЛОҲНИНГ ҚАДАРИГА...

Умар розияллоҳу анҳу бир неча мулозимлар билан Шом сафарига чиқди. Мақсад – у ердаги мусулмонларнинг аҳволини ўз кўзи билан кўриш, ҳолидан хабар олиш, Шом волийи, машҳур саҳоба Абу Убайда ибн Жарроҳнинг арз-илтимосларига қулоқ осиш эди. Ўнлаб отлар карвони кечга яқин Ҳижоздан келадиган йўлда биринчи бўлиб тўқнашиладиган Шом қишлоғи Сирғга етиб келди. Бу ерда халифа Умар ва унинг йўлдошларини Ажнод (Фаластин, Ўрдун, Дамашқ, Химс, Қунсурайн) амирлари Шом волийи бошчилигида кутиб олгани чиққан эканлар.

Абу Убайда ҳазрат Умар отининг жиловидан ушлаб, халифанинг эгардан тушишига ёрдамлашди. Икковлон қучоқлашиб кўришишди. Ҳолаҳвол сўрашилди. Халифа Умар Расулуллоҳнинг машҳур саҳобаларидан доно ва жасур Абу Убайдани жуда ҳурматлар, унинг дилини ранжитмасликка тиришарди. Абу Убайда гап орасида Шомда вабо тарқаганини айтиб қолди. Ҳазрат Умар бир сапчиб тушдилар. Вабо давоси мушкул, ўта юқумли касаллик бўлганидан бирор тадорикини топиш лозим эди. Ҳазрат Умар ибн Аббосга юзланиб буюрдилар:

– Эй Аббоснинг ўғли, менга биринчи муҳожирларни чақириб кел.

Ибн Аббос ҳамсафарларидан бир неча кишини бошлаб келди. Ҳазрат Умар уларга маслаҳат солдилар: “Шомда вабо тарқалибди. Нима қиламиз, кириб бораверамизми ёки ортга қайтамизми?” Муҳожирлар тортишиб қолишди. Бирлари Шомга бораверишни маслаҳат беришса, бошқалари беҳуда ҳалок бўлмаслик учун Ҳижозга қайтмоқни мақбул кўришарди. Ҳар иккала томоннинг гаплари ҳам жўялига ўхшаб кўринарди:

– Шомлик мусулмон биродарларимизнинг ҳолидан хабар олгани чиққан эдик. Бу хабарни ҳамма эшитган, дўст-душман қараб турибди. Дўстларимизни ҳафа қилиб, душманларимизни шод қилиб, ортга қайтсак, қандоқ бўларкан?

– Сен билан шунча одам Шомга кетяпти. Улар орасида Расулуллоҳнинг саҳобалари, Ясрибнинг машҳур аъёнлари ҳам бор. Шунча одамни вабо тарқаган жойга олиб бориш уларни ўлимга маҳкум қилиш ила баробар эмасми?

– Жўнанглар олдимдан, – деди ҳазрат Умар уларнинг ихтилофга бораётганларидан тутақиб. Сўнг Аббосга буюрдилар:

– Менга ансорийларни чақириб кел! Улар ҳам муҳожирлар каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вабо ҳақидаги кўрсатмаларидан бехабар эканлар. Ансорлар ҳам иккиланиб қолишди. Умар ноилож ҳамсафарларидан бошқа бир гуруҳни чорлашга жазм этди:

– Менга ҳув анави ердаги Қурайш шайхларидан фатҳ муҳожирларини чақириб кел!

Фатҳ муҳожирларидан икковининг ҳам гапи бир жойдан чиқди: “Одамлар билан орқага қайтишни, вабо тарқаган жойга бормасликни маслаҳат берамиз!” Ниҳоят, ҳазрат Умарнинг кўнгли таскин топди. У одамлар орасига жарчи юборди: “Ҳаммага маълум қил, эрта тонг чоғи уловимга минурман, орқага қайтурмиз!” Шунда Абу Убайда шундай деб қолди:

– Аллоҳнинг қадаридан қочибми?

Шом волийининг бу гапи ҳазрат Умарга малол келди, оғир ботди. Аммо сиртига чиқармади. Чунки халифа шундай машҳур саҳобани хафа қилиб қўйишдан қўрқарди. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хиёнат деб тушунарди. Лекин барибир бир оз оғринганини изҳор қилиб қўйди:

– Бу гапни сендан кутмагандим, эй Абу Убайда. Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан Аллоҳнинг қадарига қочяпмиз. Мана сенинг бир қанча туянг бўлса-ю, уларни иккига бўлинган водийда ўтлатаётган бўлсанг. Бўлакларнинг биринчисида ўт-ўлан мўл-кўл, иккинчиси эса қуп-қуруқ, қовжираган. Туяларни у ўтлоқда ҳам Аллоҳнинг қадари билан боқасан, бунисида ҳам Аллоҳнинг қадари билан боқасан...

Шу пайт аллақаёққа ҳожати билан кетиб қолган Абдураҳмон ибн Авф келиб қолди-ю тортишувга нуқта қўйилди. Ҳазрат Умар тортишувга сабаб бўлган вабо ҳақида сўради. Абдураҳмон ибн Авф шундай деди:

– Бу ҳақда менда илм бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қачон бирор ерда вабо чиққанини эшитсангиз, у ерга борманг, қачон сиз турган ерга вабо тарқаса, ундан қочиб чиқманг”, деганларини эшитганман. Ҳазрат Умарнинг юзларига табассум қалқди: “Аллоҳнинг Расули, Пайғамбарларнинг саййиди шундай деб кўрсатма берган эканлар-у, боядан бери нега беҳуда тортишиб ўтирибмиз”. У киши ҳамроҳларига буюрдилар:

– Қани, отларга мининг! Ҳижозга кетурмиз. Шомга эса кейинроқ келурмиз. Хуш қол, эй Абу Убайда! Хуш қолинг, Ажнод амирлари!

(давоми бор) (1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

468 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

463 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

600 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

575 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

678 22:05 26.01.2021
« Орқага