Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу (22-қисм)

698

ОДИЛЛИК ШАМШИРИ

Ҳазрат Умар раиятни қаттиққўллик билан бош қарсалар-да, мўмин-мусулмонлар, ҳаттоки зиммийлар ҳам у кишидан норози бўлмасдилар. Чунки Умар ибн Хаттоб адолат билан иш тутардилар. Ҳукм чиқарганда икки томоннинг обрў-мартабасию бой-камбағаллиги, ҳукмдор-қул эканини ҳисобга олмас, Ислом шариатига, Аллоҳнинг буйруғию Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига амал қилардилар. Ҳазрат Умарнинг халифалик даврларида Ислом давлати бир неча вилоятларга бўлинган, уларнинг ҳар бирига алоҳида волий (ҳоким) тайин этилган эди. Халифанинг ўзлари Мадинада волий эдилар. Маккада Нофиъ ибн Абдулхорис Ҳузоий, Тоифда Суфён ибн Абдуллоҳ, Басрада Абу Мусо Ашъарий, Дамашқда Муовия ибн Абу Суфён, Мисрда Амр ибн Ос, Фаластинда Алқама ибн Муҳаззаз волий эдилар. Улар халққа ҳам, қўшинга ҳам, дин ишларига ҳам раҳбар эдилар. Халифа давлат амалдорлари учун қуйидаги тўрт қоидани ишлаб чиққанди: ҳеч қачон от ёки извошда юрмаслик; ҳеч қачон нафис, гўзал матодан кийим киймаслик; сира лаззатли таом емаслик; муҳтожлар келганда ҳеч қачон эшикни ёпиб олмаслик ва ташрифчиларни қабул қилувчи ҳожиб (махсус ходим) тутмаслик. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир қўлларида дарра, иккинчи қўлларида адолат шамширини маҳкам тутиб идора этганлари боис у зот ноҳақ бирор кишига зулм етказмадилар, ноўрин жазоламадилар. Аксинча, гуноҳ иш қилган кимса ўзининг бойлиги, насл-насаби, мартабасига қарамай, халифанинг даргоҳидан ва жазосидан қочиб қутула олмади.

Ҳазрат Умар амалдорлар пора олишмасин деб уларни бирор ерга ишга юборишдан олдин барча мол-мулкини ҳисобга олдирардилар. Орадан вақт ўтгач, ана шу мулкни тафтиш қилиб-текширти рардилар. Агар текширувда мулк аввалгисидан кўпроқ чиқиб қолса, ортиқчасини давлат хазинасига – Байтул молга олдириб қўярдилар. Масалан, Канона араблари ҳузурига закот омили (йиғувчи) бўлиб борган Утма ибн Абу Суфён Мадинага қайтиб келганида, унинг ортиқча мол-мулки Байтул молга қўшиб олинган. Унинг “Мен буни савдогарчилик қилиб, ҳалол йўл билан кўпайтирганман”, деган баҳоналари ҳам инобатга ўтмаган.

Шунингдек, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Холид ибн Валиднинг Ашъас ибн Қайсга ўн минг дирҳам мукофот берганларини эшитиб қолиб қаттиқ ғазабландилар. Холид ибн Валидни вазифасидан бўшатдилар ва барча пулни хазинага мусодара қилиб олиб қўйдилар. Кейинчалик Усмон ибн Аффон даврларида хазина молини ўз манфаати йўлида тасарруф қилиб, баъзи амалдорларни мукофотлар эвазига ўз томонига оғдириб олган кишилар ҳам ҳазрат Умар даврларида бундай ярамас ишларга қўл урушга ботина олмаган эдилар.

Ҳазрат Умар қўл остиларидаги волийларга халқ орасида адолатни маҳкам ушлашга, катта-кичик, бой-камбағал, аслзода-оддий фуқаро орасини айир масдан, ҳаммага бир хил кўз билан қарашни буюрдилар. Қайси бир ўлкадан элчи ёки шикоятчи келса, энг аввало волийлар ҳақида сўрар эдилар: “Касалларингизни бориб кўрадими? Қулларни зиёрат этадими? Заиф, бечораларга юмшоқлик билан муомалада бўладими? Муҳтож, ночорлар ҳолидан хабардорми? Шикоятчилар, ҳожатмандлар учун эшиги доимо очиқми?” деган саволларни берардилар. Агар бирор саволга “йўқ” деган жавоб олсалар ва бу далил текшириб кўрилганда исботини топса, ўша волийнинг ҳолига вой деяверинг, у зудлик билан ишдан бўшатиларди. Ҳазрат Умар адолат бузилмасин деган мақсадда далилларини жуда мукаммал текширтирардилар. Агар текширув натижаси волийни бўшатишни тақозо этса, қандай мартабали киши бўлмасин, уни вазифасидан тўхтовсиз олиб ташлардилар.

* * *

Бир куни мисрлик бир қибтий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб, Миср волийи Амр ибн Оснинг ўғлидан шундай шикоят қилди: “Мен пойгада Амрнинг ўғлидан ўзиб кетсам, у алам қилиб, мени қамчи билан ноҳақ урди, устингдан халифага шикоят қиламан, десам, “Биз аслзодалармиз, ҳеч ким бизни тергай олмайди, қўлингдан келганини қил”, деб мени ҳақоратлади”.

Ҳазрат Умар дарҳол Амр ибн Осга хат ёзиб, ўғли билан зудликда Мадинага етиб келишини буюрдилар. Ота-бола шошилинч етиб келиб, халифанинг ҳузурига кириб боришди. Уларни кўрган халифа бояги мисрлик қибтийни чақиртирдилар. Қўлига қамчи тутқазиб, волий Амрнинг ўғлини калтаклашга буюрдилар. Ҳар урганда ҳазрат Умар “Ур аслзоданинг боласини!” деб турдилар. Амрнинг ўғлини уриб, қасосини олган қибтийга энди унинг отасини урушга буюрдилар. Аммо миср лик “Отасида қасдим йўқ, ўғлидан қасосимни олдим”, деб халифани хотиржам қилди. Амр ибн Ос ҳазрат Умарга ушбу воқеадан мутлақо бехабар эканини айтиб, узрхоҳлик қилди. Аммо халифа бунинг баҳона бўлмаслигини айтиб, Амрни шундай таънаомуз сўзлар билан койидилар: “Сизлар қачондан буён халқни ўзингизга қул қилишни бошладингиз. Ҳолбуки, оналари уларни озод, ҳур ҳолда туққан-ку!” Ҳазрат Умарнинг адолатларини қарангки, шикоятчи оддий мисрлик бир қибтий бўлса, Амр ибн Ос эса бутун Миср ўлкасининг волийи, янгича таъбир билан айтганда, генерал-губернатори вазифасидаги киши бўлган. Ҳазрат Умар бир ҳаж мавсумида бутун халқни йиғиб, волийлар иштирокида уларга шундай хутба сўзладилар: “Эй халойиқ, мен ушбу волийларимни сизга ҳақлик билан ҳукм юргизиш лари учун юборганман. Асло сизнинг танингизга, молингизга эгалик қилиш учун жўнатмаганман. Ҳозир кимда-ким булардан зарар ёки азият кўрган бўлса, туриб очиқ айтсин!” Шу пайт бир киши ўрнидан туриб, Миср волийи унга ноҳақ равишда юз дарра урганини айтиб берди. Буни эшитган ҳазрат Умар хафа бўлиб, ўзларини қўйгани жой тополмай қолдилар ва Миср волийини саволга тутдилар: “Нима учун юз қамчи урдинг?” Маънилироқ асосни эшитмаган халифа ундан қасос олишга амр этдилар. Бу буйруқни эшитган Амр ибн Ос чидаб туролмай, ўриндан туриб кетди ва халифани бу йўлдан қайтармоқчи бўлди: “Эй амирал мўминин, агар сиз бундай йўл тутсангиз, волийларга оғир ботади, уларнинг халқ олдидаги обрўсига путур етади. Сиздан кейинги халифаларга ҳам ушбу иш одат бўлиб қолади”. Ҳазрат Умар бунга жавобан “Нечун қасос олинмаслиги керак? Ҳатто Расулуллоҳ ҳам ўзларидан қасос олдирганлар, олдирар эдилар”, дедилар-да, бояги шикоят қилган одамга буюрдилар — “Волийни юз қамчи ур!” Амр ибн Ос қараса, халифа ниятидан қайтадиган ҳолатда эмас. Энди ўзга чора қолмаганини тушунган волий ҳазрат Умарга ялинишга тушди: “Эй мўминлар амири, ҳеч бўлмаса, бизга ҳар қамчи ўрнига пул бериб, ризо қилишга рухсат этинг!” Халифа рози бўлдилар. Волий бояги одамни ҳар қамчи учун икки динордан олишга кўндирди ва икки юз динор баробарига муқаррар қасосдан қутулиб қолди.

* * *

Бир куни ҳазрат Умар Мадина кўчаларида кетиб бораётсалар, бир одам йўлларини тўсиб чиқиб, у кишига таъна-маломатлар ёғдира бошлади: “Эй мўминлар амири, сен волийларингга ёлғиз панд-насиҳат қилиш билан Аллоҳнинг азобидан қутулиб қоламан деб ўйлайсанми? Ҳолбуки, Мисрдаги волийинг Иёз ибн Ғанам Пайғамбар алайҳиссалом тақиқлаганига қарамай, нафис ипак кийимлар кияди, шикоятчи – ҳожатманд кирмасин дея эшигида соқчи ҳам сақлайди”. Бу гапни эшитган ҳазрат Умар қаттиқ хафа бўлдилар, ҳатто шу жойнинг ўзидаёқ тафтишчилар бошлиғи Муҳаммад ибн Масламани топтириб келдилар. Уни Мисрга боришга ва юртнинг ўша пайтдаги волийи Иёзни қандоқ ҳолда топса, шундайлигича Мадинага олиб келишга амр этдилар. Текширишдан маълум бўлишича, Иёз нафис кийимлар ҳам кийган, эшигида соқчи ҳам ушлаган экан. Иёзни ҳазрат Умарнинг ҳузурига олиб киришди. Халифа Иёзни ечинтириб, устига дағал жундан тўқилган қора чакмонни кийдириб, қўлига чўпонлик таёғини тутқаздилар-да, “Энди сен бориб, манови қўйларни боқиб келасан!” дедилар. Иёз бундан қатъиян бош тортди: “Мен ката ўлканинг волийи бўлсам, қўй боқаманми? Менга бундан ўлим яхшироқ!” деди. Ҳазрат Умар яна буйруқларини такрорладилар. У эса яна тихирлик қилиб туриб олди. Бундан ғазабланган ҳазрат Умар “Сенинг отанг қўй боққани учун Ғанам (яъни қўй) деб номланган бўлса керак, сен нега қўй боқишдан ор қиласан?” дедилар. Халифа билан тортишиб баттар обрўси расво бўлишини тушунган Иёз ялиниб-ёлворишга тушди: “Албатта, ўзимни тузатаман, хатоларни ҳаргиз қайтармайман!” Шундан сўнггина Умар розияллоҳу анҳу Иёзнинг чакмонини ечишга буюрдилар ва аввалги вазифасига қайтардилар.

* * *

Куфа шаҳри барпо қилинганида шаҳар ҳокими учун бошқалардан кўра юксакроқ ва ҳашаматлироқ, кўркамроқ ва безаклироқ бир бино тикланди. Бу иморат халқ тилида “Саъднинг саройи” деб юритиладиган бўлди. Мазкур сарой солинган жой бозор майдонига яқин бўлиб, бозордагиларнинг товуши, ғала-ғовури баралла эшитилиб турарди. Саройнинг эшик оғаси бўлиб, халқ билан ҳукмдорнинг ўртасида ўша воситачи эди. Бир куни Саъд эшик оғасига “Бозордагилар товушларини кўтариб сўзлашмасинлар”, деб амр этган эмиш, деган гаплар оралаб қолди. Охири бу гап ҳазрат Умарнинг ҳам қулоқларига етиб борди. У киши дарҳол тафтишчилар раиси Муҳаммад ибн Масламани чақириб, “Куфага тез етиб боргин-да, Саъд саройининг дарвозасини ёндириб ташла, мана бу мактубни эса Саъднинг ўзига топшир”, дея қўлига бир мактубни тутқаздилар. Муҳаммад ибн Маслама Куфага етиб келиб, Саъдга билдирмай, улкан сарой дарвозасига ўт қўйиб юбордилар. Саъд бўлган воқеанинг тагига етгач, Муҳаммад ибн Масламани таниб қолди ва саройга таклиф этди. Тафтишчилар раиси саройга боришдан бош тортди. Охири ноилож қолган Саъднинг ўзи Муҳаммаднинг олдига келиб, ўз уйига меҳмонга таклиф этади. Муҳаммад ибн Маслама бу таклифни ҳам кескин рад этади. Охири Саъд раисга йўлкира, озиқ-овқат учун ул-бул нарса тайёрлаб келади. Муҳаммад буни олишга ҳам рози бўлмайди. Бунинг ўрнига Саъдга халифа Умарнинг мактубини топширади.

Мактубда шундай қаҳрли сўзлар ёзилганди:

“Сен ўзингга ҳашаматли сарой солдириб, халқдан ажралиб яшар экансан, саройинг халқ тилида “Саъднинг саройи” номи билан машҳур экан. Халқнинг бемалол кириши учун тўсиқ қилиб, дарвоза ҳам қуриб, ҳатто эшик оғаси ҳам қўйган эмишсан. У сенинг саройинг эмас, фасод саройидир. Бундан кейин саройга дарвоза қурдириб, халқнинг киришига монеълик қилма!”

Саъд мактубни бошдан-оёқ ўқиб чиқиб, қаттиқ изтиробга тушди. У Муҳаммад ибн Масламага қасам ичиб, халқ орасида юрган гап-сўзлар ёлғонлигини, ҳеч қачон бундай гап айтмаганини исботлади. Муҳаммад ибн Маслама Мадинага қайтиб келиб, Саъднинг қасам ичиб айтган гапларини етказгандан кейингина ҳазрат Умар қаноат ҳосил қилиб, хотиржам бўлдилар.

(давоми бор) (1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

468 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

463 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

600 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

575 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

678 22:05 26.01.2021
« Орқага