Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу (23-қисм)

1328

ЗЎРАВОНЛИК КЕТМАЙДИ

Мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир гал Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу ҳовлисининг ҳисобига Масжидул Ҳаромни кенгайтирмоқчи бўлдилар. Аббос ибн Абдулмутталибнинг ҳовлилари масжидга қўшни эди. Ҳазрат Умар ундан ҳовлисининг баҳосини сўрадилар. Аммо Аббос ҳовлини сотишга кўнмади:

– Йўқ, амирал мўминин, бу нарсага рухсат этмайман. Умид қиламанки, халифа сифатида зўрлик билан тортиб ҳам олмайсиз.

– Хўш, унда нима қилай? – сўрадилар ҳазрат Умар.

– Эй амирал мўминин, унда икковимизнинг ўртамизни адл билан ажрим қилиб берадиган одил қозини танланг, – деди Аббос.

– Қозини сен танлашинг керак, токи мансабидан фойдаланиб, менга зулм кўрсатди, дея таъна-маломат қилмаслигинг учун сенинг танлаганинг маъқулроқ, – дедилар ҳазрат Умар. Аббос ибн Абдулмутталиб Шурайҳ исмли қозини танлади. Унинг таклифига халифа ҳам рози бўлди.

– Унда Шурайҳга одам жўнатинг, ҳузурингизга етиб келсин, – деди Аббос.

– Йўқ, у келмайди, билъакс биз унинг ҳузурига борамиз, – деди Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу.

Шундан сўнг икковлон қозининг маҳкамасига йўл олишди. Ҳазрат Умар у ерда Аббос розияллоҳу анҳу билан ёнма-ён тик турдилар. Қози эса ўтирган ҳолатда воқеани батафсил диққат билан эшитди. Ниҳоят, у ҳукм қилиш олдидан:

– Эй амирал мўминин, – дея ҳазрат Умарга илтифот билан мурожаат қилди. Ҳазрат Умар бундан нарозиландилар:

– Менга бундай мурожаат қилманг, зеро, қози хузурида ҳамма тенг ҳуқуқли бўлиши керак. Шундай экан, номимни атаб гапираверинг.

– Эй Умар, менга қулоқ солинг, – деди қози.

– Нима дейсиз, эй Шурайҳ?

– Шубҳасиз, Аллоҳнинг набийи бўлмиш Довуд алайҳиссалом ҳам Масжидул Ақсони ёнидаги ҳовли ҳисобига кенгайтирмоқчи бўлганларида Аллоҳ таолодан шундай ваҳий келганди: “Эй Довуд, Менинг Уйимга бошқанинг уйини қўшиб кенгайтирмагин. Ҳаромдан энг узоқ уй Менинг Уйимдир”. Қози шундай деди-ю ҳазрат Умарнинг даъвосини рад этувчи ҳукм чиқариб берди. Маҳкамадан қайтишаётганда Аббос розияллоҳу анҳу бирдан ҳазрат Умарга шундай деб қолди:

– Эй амирал мўминин, Аллоҳ таоло номига қасамки, қози чиқарган ҳукмни эшитгандан сўнг ризои нафс билан Аллоҳнинг байти учун уйимни қўшиб беришга рози бўлдим. Албатта, кимники бўлишидан қатъи назар, бирорта уй пул ёки зўравонлик эвазига олинмайди. Ҳақлар ҳам тортиб олиниши лозим эмас. Ҳақ-ҳуқуқлар ҳар қандай ҳолатда ҳам ризолик ва адолат билан ҳал этилади. Ҳазрат Умар Аббос ибн Абдулмутталибнинг бу гапларини тасдиқлашдан бошқа илож тополмадилар.

ИЗЗАТ – ИСЛОМДАДИР!

Тарих китобларида ҳазрат Умарнинг фатҳ этилган Қуддус шаҳрига кириб боришлари шундай тасвирланган: Қуддусликлар “Халифангиз келсагина шаҳарни сизларга топширамиз” дейишади. Ҳазрат Умар бир туя, бир хизматкор билан Мадинадан Қуддусга равона бўладилар. Камтарликни қаранг. Дунёнинг ярмини бошқариб турган амир хоҳлаганида аркони давлат билан, асъасаю дабдаба билан йўлга чиққан бўларди.

Аммо унинг хизматкордан бошқа кузатувчиси, қўриқчиси йўқ, қилич-қалқон, ўқ-ёй йўқ. Адолатли Умар розияллоҳу анҳу хизматкор ва ўзлари навбат билан туяга миниб боришаверди. Қуддусга яқинлашганларида шаҳар аҳли “халифа келяпти” деб дарвоза калитларини топшириш учун унинг истиқболига чиқади. Шунда туяга миниш навбати хизматкорда эди. У туяда, халифа эса пиёда келяпти. Бир жойда халифа Умар сувдан кечиш учун почаларини шимариб олади. Энди бир тасаввур қилиб кўринг: Ислом олий давлатининг бош раҳбари яланг оёқ, бош яланг, почалари шимарилган ҳолда мағлуб шаҳарга кириб бораётир... 

Қуддусни қамал қилган Ислом лашкарининг бош қўмондони бу кўринишдан хижолат бўлиб, халифага таъна қилади:

– Эй Умар, айб бўлади, бу ҳолдан биз уяламиз.

Ҳазрат Умар унинг кўксига бир уриб:

– Агар шу сўзингни олдинроқ айтсайдинг, вазифангдан олиб ташлардим. Иззат – Исломдадир, қилиқ-қиёфада эмасдир! – дедилар.

БАРИДАН ВОҚИФ

Умар розияллоҳу анҳу халққа эътиборли, заифларга яхшилик қилувчи, ҳақиқат борасида қаттиққўл ва одамларнинг барини баробар кўрадиган халифа эдилар. Ҳазрат Умар одамларга бериш учун ўзларини маҳрум қилар ва улар тўйишлари учун оч қолар эдилар. Одамларнинг уйларидан, манзилларидан хабардор бўлиб турардилар. Бир куни бозорда садақа сўраётган қарияни кўрдилар ва “Эй шайх, нима қиляпсан?” деб сўрадилар. Қария “Мен ёши улуғ қарияман, ёрдам ва нафақа сўраяпман” деди. У Мадина аҳолисидан бўлган яҳудий эди. Умар розияллоҳу анҳу буюк инсоний хислат эгаси эдилар. Шунда унга “Эй шайх, биз сенга инсоф қилмадик. Ёшлигингда сендан жизя олиб, қариганингда ташлаб қўйдик”, дедилар-да, унинг қўлидан ушлаб, уйига олиб бордилар. Унга зарур миқдорда озиқ-овқат тайин этдилар ва Байтул мол хазиначисига “Бу ва бунга ўхшашларнинг ўзи ҳамда аҳлига етарли миқдорда маблағ ажрат”, деб одам юбордилар.

...Бир марта ҳазрати Умар Мадина кўчаларида юргандилар, озғинликдан тўзиб кетган қизчани кўриб қолдилар. Қиз бир турар, бир йиқиларди. Шунда Умар “Бу қизалоқнинг айби нима?! Гуноҳи не?! Қайси бирингиз бу қизчани танийсиз?” дедилар. Ўғиллари Абдуллоҳ “Танимадингизми, эй мўминларнинг амири?” деганда у киши “Йўқ”, дедилар. Абдуллоҳ айтдилар: “Бу – қизларингиздан (яъни набираларингиздан) бири!”

– Бу қайси қизим?

– Абдуллоҳ ибн Умарнинг қизи Фалона.

– Эсиз, унинг бу ҳолга тушишига нима сабаб бўлди?

– Сиздаги нарса бундан тўсиб қўйди.

– Аллоҳга қасамки, менда мусулмонларникичалик ҳақингдан бошқа нарса йўқ. Бу мен ва сизнинг ўртангиздаги Аллоҳнинг китоби (фарзи) дир.

* * *

...Мадинага тижоратчилар карвони келди. Унда аёллар ва болалар ҳам бор эди. Ҳазрат Умар шериклари Абдураҳмон ибн Авфга “Бу кеча уларга қўриқчилик қиламизми?” дедилар. Уларни қўриқлаб кеч киритишди. Аллоҳ фарз этган намозларини ўқишди. Шунда Умар бир гўдакнинг йиғисини эшитдилар ва у томон юрдилар. Унинг онасига “Аллоҳдан қўрқ, болангга яхши қара”, дедилар, сўнг ўз ўринларига қайтдилар. Шунда яна йиғи овозини эшитиб, онасига “Аллоҳдан қўрқ, болангга яхши қара”, дедилар-да, жойларига қайтдилар. Тун охирлаганда яна унинг йиғисини эшитдилар. Онасига бориб “Ҳайф сенга, яхши она эмас экансан! Ўғлингга нима бўлди, кечадан бери тинчимайди?” дедилар. Она у киши мўминларнинг амири эканларини билмай “Эй Аллоҳнинг бандаси, у кечадан бери мени безор қилиб юборди, мен уни кўкракдан чиқаришга мажбурлайман, у эса кўнмайди”, деди. Ҳазрати Умар “Нима учун?” деб сўрадилар.

У айтди: “Чунки Умар кўкракдан чиққан болаларгагина нафақа белгилайди (яъни фарзандлари кўкракдан чиққан оталаргагина ҳақ беради). Умар “Бунинг ёши нечада?” дедилар. У “Мана шунча ойлик” деб айтди. Умар эса “Эсиз, унақа шошмагин”, дедилар-да бомдод намозини ўқидилар. Йиғининг кучлилигидан қироатлари одамларга эшитилмади. Шунда салом бериб, дедилар: “Эй бахтсиз Умар, қанча мусулмон фарзандлари ҳалок бўлди...” Сўнг бир жарчига “Гўдакларингизни кўкракдан чиқаришга шошилманглар. Биз Исломда туғилган ҳар бир гўдак учун (ҳақ) белгилаймиз” деб нидо қилишга буюрдилар. Бу билан ҳамма томонга чопар юборилди.

(давоми бор) (1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

3287 07:00 21.01.2022

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

1817 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

1776 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

3379 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

1718 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

1523 22:10 28.01.2021
« Орқага