Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу (24-қисм)

604

АМИР ҚОЧИБ КЕТДИ

Мусулмон оламида бугун шодиёна. Кўнгилларни қувнатувчи, дилларни яшнатувчи мужда тарқалиб, ҳаммани шод-масрур қилган. Ярмук жангида румликлар томонида жанг қилган машҳур саркарда, Ғассония амири Жаблаха ибн Айхам ана шу урушдан сўнг мусулмон умматининг мардлик-шижоатига, Ислом динининг ҳақ дин эканига тан бериб, Исломни қабул қилганди. Ҳижратнинг 16-йили бутун Мадина аҳли ўз ёронлари билан бу ерга келган Жаблахани зўр шодиёнада қарши олди. Халифа ҳазрат Умар ҳам Жаблаханинг мусулмон бўлганидан ғоят хурсанд эдилар. Шу йили Жаблаха ҳаж қилиш учун Маккага жўнаб кетди. Ана шу ҳаж пайтида ҳазрат Умар билан Жаблаханинг ораларини бузиб қўйган мана бу воқеа содир бўлди.

Жаблаха ҳайрат ва ихлос ила Масжидул Ҳаромга кириб борди. Минг-минг ҳожиларга қўшилиб, Каъбани тавоф қила бошлади. Тавоф пайтида оломон ичида юрганида бир аъробий (саҳройикиши) Жаблаха эгнидаги кийимнинг этагини босиб олди. Бундан Жаблаха қутуриб кетди. У бир амир, машҳур саркарда, бунинг устига халифанинг меҳмони бўлса-ю, аллақаёқдаги насл-насабининг тайини ҳам йўқ бир саҳройи эҳтиёткорликни унутиб, унинг этагини босиб олса-я! Жаблаха ғазабини босолмай, ўша аъробийнинг юзига бир шапалоқ қўйди. Бу ҳам камлик қилгандай, уни ҳақоратлаб жеркиб ташлади. Шунда аъробий адолат излаб, Умар ибн Хаттобни топиш учун кетди. У халифа ҳамиша ҳар ишда адл туришини, ҳақ йўл учун ҳеч кимни аямаслигини кўп эшитганди. Ўзини ҳақоратлаб, зулм кўрсатган Жаблаханинг адабини халифа яхшилаб бериб қўйишини ҳам биларди. Ҳазрат Умар Жаблахани топтириб келди. Унинг ҳам сўзини эшитиб кўргач, айб Жаблаханинг ўзида эканини билиб олди. Кейин унга юзланиб “Яхшиси, бу одамни рози қил, бўлмаса, сенинг ҳам юзингга унинг шапалоғи тушади”, деди. Жаблаха эса таажжубда “Оддий саҳройи билан амирнинг орасидаги муносабат ҳали шуми?” деди зорланиб. Аммо халифа ён берадиганларга ўхшамади: “Ислом наздида оддий халқ билан амир ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ”, деди ҳазрат Умар.

Охири ноилож қолган Жаблаха халифадан эрталабгача муҳлат сўрайди. Халифанинг адолатидан қўрққан Жаблаха ярим тунда бутун шон-шавкати билан Маккадан қочиб чиқиб кетади ва Қустантаниядан паноҳ топади.

ЗОҲИДЛАР ЗОҲИДИ

Ҳазрат Умарнинг халифалик даврида бир минг тўрт юз шаҳар фатҳ этилди, Византия, Эрон, Миср каби ўлкаларнинг халқи мусулмон бўлиш бахтига эришди. Фатҳ этилган бой юртлардан бутун-бутун хазиналар, ғанимат моллар, олтин-кумушлар халифалик пойтахти – Мадинаи мунавварага сел каби оқиб келарди. Аммо Ислом оламининг иккинчи халифаси Умар розияллоҳу анҳу Хотамун набий Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг васиятларига амал қилиб, камтарона, фақирлардай турмуш кечирар, жуда озига қаноат қилар, аҳли байтини ҳам шунга тарғиб қиларди. Унинг хонадонида ойлаб қозон осилмас, кийимлари йиртилиб, тўзиб кетгунча янги бўлмас, у зот ўз аҳволларига одамларнинг кулиши, масхара қилиши ёки ачинишига парво ҳам қилмасди. Бир куни ҳазрат Умарнинг ўғли отасига шикоят қилиб қолди:

– Отажоним, кийим-бошим эскиб, тўзиб кетди. Ошналарим масхара қилиб, “Халифанинг ўғли ҳам шунақа жулдур кийимда юрадими?” деб устимдан кулишяпти. Яна “Отанг мўминлар амири бўлса, Байтул мол хазинасининг калити унинг қўлида бўлса-ю, сенинг серямоқ кўйлакда юришингни қара, ё даданг ёмон кўрадими?” дейишяпти. Мана, ҳайит келяпти, бирорта янги кийим олиб беринг.

Халифа Умар норози бош чайқади:

– Бўлмайди, ўғлим, янги кийим олгани пулимиз йўқ.

– Отажон, яқинда оладиган маошингиз устидан пул сўраб кўринг, ўша пулни кийимга берасиз, – деди ўғил ҳамон бўш келмай. Ноилож қолган ҳазрат Умар Байтул молнинг хазинабонига бир хат ёзди. Унда “Келгуси ойнинг маошидан бир оз пул бериб тур, ўғлимга ҳайитликка либос олмоқчиман” деб ёзилганди. Мактубни ўғлидан бериб юборди. Уни олган хазинабон хатни ўқиб кўриб, кайфияти бузилди, бошини сарак-сарак қилиб, халифанинг ўғлига шундай деди:

– Мен пул беролмайман.

– Нима учун? Ё мактубга ишонмаяпсизми? – сўради йигитча қизишиб.

– Йўқ, мактуб халифадан эканини биламан. Аммо яна битта ҳужжат етишмайди. Халифа янаги ойгача яшаши ҳақида тилхат бермабди, –деди хазинабон.

Ҳазрат Умарнинг ўғли бу гапни эшитиб, нима дейишини билмай қолди. Бўшашиб, ортига қайтди. Унинг ҳеч нарсасиз келганини кўрган ота сўради:

– Ҳа, ўғлим, нима бўлди, пулни ололдингми?

– Йўқ, отажон! Биринчидан, хазинабон пулни бермади ва сабабини айтди. Шундан кейин пул олишдан воз кечдим. Иккинчидан, унинг қилиғидан шундай хулосага келдимки, сиз шу қадар ҳалол, Аллоҳга ишонган миллатнинг халифаси бўлганингиздан ҳар қанча ифтихор қилсангиз арзиркан.

Ҳазрат Умар ўғлининг фахр тўла айтаётган сўзларини эшитаркан, шундай деди:

– Хазинабон Умарнинг феълини билади. Агар сенга пул бериб юборганида туғилганига пушаймон қилдирардим. Ўша заҳоти вазифасидан бўшатган бўлардим. Сен эса хафа бўлма, ўғлим. Аллоҳ насиб этса, янги кўйлак ҳам кийиб қоларсан.

* * *

Бу воқеа ҳазрат Умарнинг Мадинада халифалик қилиб турган пайтларида содир бўлганди. Бир куни у зотнинг ҳузурига маккалик Абдураҳмон ибн Авф меҳмон бўлиб келди. Қоронғи кеча эди. Ҳазрат Умар уйларида давлат ишлари билан машғул эди. Абдураҳмон кириб келганда, саломлашди-да, унга жой кўрсатиб, ўтиришни ва ишларни тамомлагунларича кутиб туришни илтимос қилди. Ошналари халифанинг ишларни тугатишини сабр билан кутиб турди. Ниҳоят, ҳазрат Умар ишларини тамомлаб, ёниб турган чироқни ўчирдилар ва бошқа бир чироқни ёқа бошладилар. Буни ҳайрат ва таажжуб билан кузатиб турган ошналари бир чироқни ўчириб-бошқасини ёқишининг сабабини сўради. Ҳазрат Умар унга шундай жавоб қайтардилар:

– Бояги ўчирган чироғимнинг ёғи давлат хазинасидан олинганди. Давлат ишларини қилаётганимда у ёниб турса, менга ҳалол бўларди. Сен эса менинг ошнам бўлганинг учун сен билан қиладиган суҳбатимиз ўзимизга тегишли бўлади. Шу сабабли ёғини ўз пулимга сотиб олган иккинчи чироқни ёқиб қўйдим. Давлат молидан хусусий ишларда фойдаланилса, ёруғлик ўрнига қоронғилик, яъни уят ва инсофсизлик бўлур эди.

(давоми бор) (1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

468 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

463 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

600 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

575 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

678 22:05 26.01.2021
« Орқага