Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу (25-қисм)

614

* * *
Пайғамбар алайҳиссаломдан ибрат олган саҳобаи киромлар камтарона, одмигина, борига қаноат қилиб яшадилар. Ҳазрат Умар ҳам бу соҳада қолишмадилар, имконлари бўла-туриб жуда оддий, фақирона турмушни афзал кўрдилар.

Ҳазрат Умарнинг қизлари, ҳазрат Пайғамбаримизнинг завжалари Ҳафса онамиз бир куни жуда хафа бўлиб кетдилар. Сабаби, оталари мўминлар амири бўлса, дунёнинг ҳамма жойидан мол-дунё оқиб келаётган бўлса, бойиганлар бойиб юрса-ю, шундоқ халифанинг дастурхони жуда ғариб эди, оталари қуруқ, бемаза овқатлар билан кифояланиб юради. Ҳафса онамиз оталарига таъна қила бошладилар:

– Отажоним, ҳаётимиз анча яхшиланиб қолган, ҳамманинг ўзига яраша нафақаси бор. Бир оз ўзингизга қарасангиз, аҳволингизни яхшиласангиз, ўзингизга ёқадиган, мазали таомлардан буюрсангиз.

Бу гапларни эшитган ҳазрат Умар тутақиб кетдилар:

– Ҳой, менга қара, шу гапларни Пайғамбар алайҳиссаломнинг хотини гапиряптими? Ахир сен у зотнинг қандай яшаганларини бошқалардан кўра яхшироқ биласан-ку! Нега энди менга бош қачароқ яшашни таклиф қиласан? Билиб қўй, мен асло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан, суннатларидан чиқмайман!

Ҳафса бинти Умар оталарига энди гап уқтириб, кўндириб бўлмаслигини англаб, жим бўлиб қолдилар. Чунки бундан аввалроқ ҳам икковларининг ўрталарида худди шу соҳада кўнгилсиз гап-сўзлар ўтганди. Ўша куни Ҳафса онамиз оталарининг зиёратига келганди. Ҳол-аҳвол сўрашилди, йиғилган гаплар айтилди. Шунда Ҳафса розияллоҳу анҳо гап орасида отасига шундай деб қолди:

– Отажоним, бугун хирқангизда ўн иккита ямоқ санадим. Бу эски кийимни бирор фақирга бериб, янгисини сотиб олсангиз бўлмайдими? Ахир Ислом оламининг халифасисиз, олдингизга узоқ-яқиндан турли меҳмонлар келиб туради.

Ҳазрат Умар қизининг куюниб айтаётган сўзларини эшитиб турди-да, мийиғида бир кулиб қўйди:

– Эй менинг суюкли қизим! Мана, сен Расули акрамнинг рафиқалари бўлишга мушарраф эдинг, у зотга биздан ҳам яқин эдинг. Расули акрамнинг бу ўткинчи дунёга қанчалик қиймат берганларини, бу фоний дунёни нечоғли ҳақир кўрганларини, “Маҳшар куни мен ва Абу Бакр билан бўлишни истасанг, йўлимиздан айрилма!” деб буюрганларини наҳотки тушунмасанг?! Охиратда Аллоҳга ҳисоб бериш кераклиги учун ушбу ямоқли кийимни кийиб юрганим маъқул.

* * *

Бир куни одамлар кўришсаки, ҳазрат Умар сув тўла мешни елкасига олиб ҳарсиллаб келяпти. Юз-кўзидан тинмай тер қуйилади, чарчаганидан оёғини аранг судраб босади. Отасининг аҳволини кўриб қолган ўғли норози бўлиб гапирди:

– Нега бундай қилдингиз, ота, ахир сувни биз ташиб келардик-ку!

Ҳазрат Умар мешни ерга қўяркан, ўғлига деди:

– Қарасам, нафсим жуда ҳаддидан ошиб кетгандай бўлди. Ич-ичимдан ўзим ҳам ҳаддимдан ошиб кетаётганимни сезиб қолдим. Шу боис нафсимни залил қилиб, қийнамоқ учун мешни ортмоқлаб йўлга тушдим.

* * *

Бир гал шундай воқеа юз берди. Навбатдаги фатҳлардан бирида исломиятга кирган ўлкадан кўплаб мол-мулк ўлжа қилиб келтирилди. Тартибга кўра, ўлжа мол ҳамманинг ўртасида баравар тақсим қилинарди. Шунда қизиқ ҳодиса рўй берди. Кўйлаклик газламалар ҳаммага тенг тақсимланганди-ю, аммо оз бўлгани учун бирорта одам ҳам ўзига кўйлак тиктиролмасди, чунки бир кишининг улуши кўйлакка етмасди. Шунда ҳазрат Умарнинг ўғли Абдуллоҳ бир тадбир топди:

– Берилган мато менга кўйлакликка етмайди, озлик қилади. Отамнинг улуши ҳам унинг ўзига камлик қилади. Яхшиси, мен ўзимга тегишли матони отамга ҳадя қилсам, унга кўйлак тикиш учун етаркан.

Абдуллоҳ шундай ҳам қилди, ота-боланинг улушидан ҳазрат Умарга бир кўйлак тикилди. Кунлардан бир куни ҳазрат Умар ана шу кийимда минбарда сўзлаётганида бир фақир киши ўрнидан туриб, унга маломат қила бошлади:

– Эй амирал мўминин, энди мен сенинг гапингга ишонмайман, сенга итоат ҳам қилмайман. “Нега?” десанг, сен Аллоҳ ва Унинг Расули буюрган ишни қилаётганинг йўқ. Ҳазрат Умар саросимага тушиб қолди ва ўша одамдан ажабланиб сўради:

– Бу нима деганинг?

Ўша киши ўрнидан туриб, сўзлай кетди:

– Бир куни ўлжа бўлинаётганида ҳар биримизга теккан матодан бир кўйлак чиқмасди. Шунинг учун бирор киши ўзига теккан улушдан кўйлак тиктира олмади. Сен эса халифалигингдан фойдаланиб, ўзингга икки ҳисса улуш олибсан, мана, кўйлак тиктириб, кийиб ҳам олибсан.

Ҳазрат Умар хижолатдан қизариб кетди. Аммо айни пайтда бу кишининг ҳақни гапираётганидан хурсанд ҳам эди. У нажот излагандай атрофига боқди, нигоҳи одамлар тўпи ичидан кимнидир ахтара бошлади. “Ораларингда Абдуллоҳ борми, бор

бўлса, ҳақиқатни айтиб берсин!” деди халифа. Хайриятки, Абдуллоҳ шу ерда, жамоат орасида экан, ўз улушидан воз кечиб, отасига кўйлак тиктириб берганини айтиб, халифани хижолатликдан қутқарди. Бундан қониқиш ҳосил қилган бояги одам узр сўради:

– Воқеа шундай бўлган экан, майли, мен сўзимни қайтариб олдим. Ҳақиқатан, тушунмовчилик бўлибди. Сенинг гапингга энди ишонаман, итоат ҳам қиламан...

Ҳазрат Умар шундагина енгил тин олди, юзига қизиллик югурди. Тушунмай маломат қилган одамдан хафа ҳам бўлмади. Аксинча, шундай теран фикр юритувчи, сергак ва ҳақгўй одамлар борлигидан хурсанд бўлди.

(давоми бор) 
(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

468 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

463 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

600 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

575 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

678 22:05 26.01.2021
« Орқага