ҲАЗРАТ УМАРНИ ЙИҒЛАТГАН ИШЛАР
Умар розияллоҳу анҳу Каъб розияллоҳу анҳуга “Менга ўлим нима эканини айтиб беринг”, деди. Каъб уни шундай таърифлади: “Эй мўминлар амири, одам боласи қорнидаги тикани кўп дарахтга ўхшайди. Унинг томири ҳам, бўғими ҳам бўлмайди. Фақат қўллари бақувват бир одам бу дарахтни ундан тортиб, суғуриб олади”. Буни эшитган Умар йиғлаб юборди.
* * *
Ушбу воқеани олдинроқ ҳам зикр этиб ўтган эдик. Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирсам, хурмо пўстлоғидан тўқилган сўрида ёнбошлаб ўтирган эканлар. Бошлари остида жилди теридан қилинган, ичига хурмонинг қипиқлари тўлдирилган ёстиқ бор экан. У зот ётган сўрига бир қават юпқа мато солинган экан. У зотнинг ҳузурларига кирган Умар йиғлаб юборди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга:
– Ҳой Умар, нега йиғлаяпсан? – дедилар.
– Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, мен йиғламас эдим. Лекин шуни биламанки, сиз Аллоҳнинг ҳузурида Форс подшоҳи Кисро ва Рум ҳукмдори Қайсардан ҳам азиз-мукаррамсиз.
Улар дунё неъматларига ғарқ бўлган ҳолда фаровон ҳаёт кечиришяпти. Сиз эса, эй Аллоҳнинг Расули, мана шу ҳолатда, мен кўриб турган макондасиз, – деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Ҳой Умар! Дунё уларга, охират бизларга бўлишига рози бўлмайсанми? – дедилар.
– Албатта, хоҳлайман, эй Аллоҳнинг Расули! – дедим.
– Ўша нарса шудир, – дедилар”.
* * *
Умарул Форуқ ўз халифалиги даврида таниқли саҳобалардан Абу Дардо розияллоҳу анҳуни Шомдаги бир амалга тайинламоқчи бўлди. У аввалига тайсаллаб кўнмай турди. Аммо халифа сўзида қатъий туриб олганидан сўнг рози бўлиб, ўз шартларини қўйди: “Уларга Раббиларининг Китобини, Пайғамбарнинг суннатини ўргатишимга, жамоат намозини ўқиб беришимга рози бўлсанг, майли, вазифани қабул қиламан”. Ҳазрат Умар рози бўлгач, янги волий Дамашққа жўнаб кетди. У ерда одамларнинг роҳат-фароғатга берилиб, мол-дунё йиғишга киришиб кетганини кўрди ва тезда халқни масжидга тўплаб, шундай хутба қилди: “Сизларга не бўлдики, олимларингиз кетиб бормоқда, жоҳилларингиз улардан ҳеч нарса олиб қолмаяпти?! Сизларга не бўлдики, Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган нарсага иқбол қилиб, сизнинг зиммангизга юклаган нарсани тарк этяпсиз?! Сизларга не бўлдики, емайдиган нарсангизни тўплаяпсиз, яшамайдиган биноларингизни тиклаяпсиз, етиша олмайдиган орзуларингизга интиляпсиз?!”
Кейинроқ мўминлар амири Умар ибн Хаттоб Ислом ҳукми остидаги вилоятларни текшириш асносида Шомга ҳам келди. Ярим тунда дўсти Абу Дардони зиёрат қилгани борди. Чироқ йўқ хонада икки дўст суҳбатлашиб ўтиришди. Ҳазрат Умар қоронғида пайпаслаб, дўсти қум-тош устида яшаётганини, эгнида ҳам юпунгина кийим борлигини пайқади. Амир яна пайпаслаб билдики, Абу Дардонинг кўрпа-ёстиғи ҳам йўқ экан. Бундан хижолат бўлиб кетган халифа ундан ўзи юбораётган маошларни қаерга сарфлаётгани ҳақида сўради. Шунда Абу Дардо “Эсингдами, эй Умар, Расулуллоҳ алайҳиссалом “Сизларнинг дунёдан оладиган насибангиз мусофирнинг хуржунидаги озуқаси каби бўлсин!” демаганмидилар?!” Ўша куни икки дўст йиғлаб тонг оттиришди.
* * *
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик пайтида Саид ибн Омир Жумаҳийни Химсга волий қилиб тайинлади. Уни сафарга жўнатиш олдидан ҳузурига чақириб:
– Эй Саид, мана волий бўлиб кетяпсан, сенга қанча маош ажратай? – деб сўради халифа. Саид ибн Омир талмовсираб қолди. У амирнинг ўзи жуда оз маошга қаноат қилиб юрганини, уйида кўпда қозон қайнамаслигини, кийимида бир неча ямоқ борлигини эшитганди. Шунинг учун хижолат бўлиб:
– Эй мўминлар амири, мен маошни нима қиламан? Байтул молдан бериб туриладиган нафақа (яъни кийим ва овқат)нинг ўзи етади, – деб жавоб қайтарди ва Химсга жўнаб кетди. Саид Химсда волий қилиб тайинланганидан кейин бир оз вақт ўтгач, Умар ибн Хаттоб бир гуруҳ ишончли кишилар билан Химсга келди.
Мақсад – волийнинг иши билан танишиш, камчиликларини тузатиш, адолатсизлик қилган бўлса, танбеҳ бериш эди. Халифа халқнинг ҳаёти билан танишиш, муҳтож ва мискинлар бўлса, уларга ёрдам кўрсатиш учун бечора-фақир кишиларнинг рўйхатини олишга буюрди. Рўйхат тузилди. Уни кўраётган Умар рўйхатнинг аввалида “Саид ибн Омир” исмига ногоҳ кўзи тушиб, атрофдагилардан сўради:
– Ким бу?
– Бизнинг волийимиз...
– Ие, у ҳам фақирлар қаторидами? – ҳайрон бўлиб сўради халифа.
– Ҳа, жудаям фақир. Валлоҳи, унинг уйида ойлаб ўчоққа ўт қаланиб, овқат пиширилмайди. Бу гапларни эшитиб, ҳазрат Умар йиғлаб юборди. Бу қандай мўминки, волий бўла туриб, бой бир ўлканинг ҳукмдори бўла туриб, ўзи камбағалларча турмуш кечирса, Байтул молдан егулик олишга ҳадди сиғмаса?! У-ку бир волий экан, бутун Ислом оламининг халифаси Умарнинг ўзи-чи? Унинг ҳам хонадонида унча-мунчага қозон қайнамайди, эгнидаги хирқасининг бир неча ямоғи бор. Мусулмонликнинг, мўминликнинг қисмати шундай. Волийси ҳам, халифаси ҳам, олими ҳам, фозили ҳам сабр-қаноатда, тамкин-итоатда бир-биридан ўзишга ҳаракат қилади. Ҳазрат Умар шундан кейин волийнинг вакилларига минг динор бериб тайинлади:
– Мендан Саидга салом айтинглар. Мана бу пулларни мўминлар амири муҳтожликдан қутулишинг учун бериб юборди, – деб айтинглар. Умар ибн Хаттоб юборган халтачани вакиллар Саид ибн Омирга келтириб беришди. Волий ҳайрон бўлиб очиб кўрди. Қараса, ичи тўла динор... Шунда у бошига оғир кулфат тушган одамдай, истиржо айтди: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”. Халтачани четга сурди, кайфияти бузилди, юраги сиқилди. Охири барча динорни майда халтачаларга солиб тақсимлади ва ҳаммасини мусулмонларга тарқатиб тинчиди.
* * *
Ҳазрат Умар ҳар гал Мадина кўчаларидан ўтиб бораётганида у ерда ўйнаб юрган болалардан бири шерикларига шундай дейди:
– Ҳозир бориб анави кишини йиғлатиб келайми?
У шундай дейди-да, ҳазрат Умарнинг олдига бориб:
– Аллоҳдан қўрқ, эй Умар! – дейди ва ҳар сафар Умар боланинг бу гапидан ҳўнграб йиғлаб юборади.
* * *
Умар розияллоҳу анҳу ўлими олдидан йиғлади. Шунда “Нега йиғлаяпсиз?” дейишган эди, у киши “Аллоҳнинг ҳузурида улкан ҳисобланадиган бирор гуноҳни ўзимча кичик санаб, қилиб қўймаганмикинман, деб қўрқмоқдаман” деди.
* * *
Умар ибн Хаттоб момақалдироқнинг овозини эшитиб, қаттиқ йиғлади. Шунда ҳамроҳларидан бири “Эй мўминларнинг амири, нега йиғлаяпсиз?” деди. У зот “Раҳматнинг овози шу бўлса, азобнинг овози қандай бўлар экан!” деди.
* * *
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бозорда бир кишининг олдидан ўтиб борарди. Ҳалиги киши “Аллоҳим, мени озчилик бўлган бандаларингдан қилгин! Аллоҳим, мени озчилик бўлган бандаларингдан қилгин” деб дуо қилаётган экан. Шунда Умар розияллоҳу анҳу “Бу дуони қаердан олдинг?” деб сўради. У киши “Аллоҳ Ўзининг азиз Қуръон Китобида “Бандаларимдан шукр қилувчилари оздир” (Сабаъ сураси, 13-оят) деган-ку”, деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу йиғлаб, “Эй Умар, одамларнинг барчаси сендан фақиҳроқ”, деди.
(давоми бор)
(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм)
Аҳмад Муҳаммад