Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу (30-қисм)

831

ОЛИЙ ФАЗИЛАТЛАР СОҲИБИ

Ҳазрат Усмон ниҳоятда ҳаёли, ўта уятчан киши эдилар. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, бир куни Абу Бакр Сиддиқ Расулуллоҳнинг хоналарига келиб, ҳузурларига киришга изн сўрадилар. Расули акрам ўринларида Ойшанинг чопонига ўралиб ётгандилар. Ётган ҳолларида киришга изн бердилар. Абу Бакр Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига кириб ишларини ҳал этгач, қайтиб чиқиб кетдилар. Бир оздан сўнг ҳазрат Умар Пайғамбаримизнинг ҳузурларига киришга изн сўраб келиб қолдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом аввалги ҳолларида унга ҳам киришга изн бердилар. Ҳазрат Умар ҳам кириб аҳволларидан сўзладилар ва ишларини битириб чиқиб кетдилар. Бир оздан сўнг Усмон розияллоҳу анҳу кириб, Фахри коинотнинг ҳузурларига киришга изн сўрадилар. У зот алайҳиссалом дарҳол ўринларидан туриб, ўтириб олдилар. Ойша онамизга қараб “Чопонингизни кийиб олинг”, дедилар. У киши чиқиб кетганларидан сўнг ҳазрат Ойша Расули акрамга “Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Бакр ва Умарга нечун Усмонга қилганингиз тарзда муомала қилмадингиз?” деб сўради. Расулуллоҳ “Усмон ниҳоятда уятчан киши, агар мазкур ҳолатда турсам, уялиб ўз ҳожатини гапиролмай қолишидан хавфсираганим учун ўрнимдан туриб ўтирдим” дедилар.

Ривоят қилинишича, Усмон розияллоҳу анҳу гуноҳи учун бир ходимларининг қулоғидан тортдилар. Сўнг бу ишларига пушаймон бўлиб, ходимларига “Ўрнингдан тур-да, менинг қулоғимни кучинг борича торт, шояд Аллоҳ таоло мени кечирса”, дедилар. Ходим у кишига шундай деди:

“Эй хожам, мен ҳам сиз қўрққандек қиёматнинг Эгасидан қўрқаман, сиздан буни кечдим, шояд Аллоҳ фазли билан мени ҳам кечирса!” Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга Аллоҳ таоло томонидан берилган нодир сифатлардан бири чексиз саховат ва Аллоҳ таоло розилиги йўлида эҳсон қилишдан бир лаҳза ҳам бўшашмаслик сифати эди. Асл тижоратчи бўлган бу зотнинг мол-мулкига Аллоҳ таолонинг Ўзи барака бериб қўйган эди. Энг муҳими, Аллоҳ таоло сахийликни Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ажралмас сифатларига айлантирган эди. Ҳазрат Усмон Исломга кирганларидан бошлаб умрлари охиригача ҳар жума куни Аллоҳ таоло розилиги учун бир нафар қулни озод қилар ва буни ўзларига вазифа қилиб олган эдилар. Агар озод қилгани қул топа олмасалар, кейин топиб бўлса ҳам озод этар эдилар.

Бир пайтлар Мадинаи Мунавварада сув тақчиллиги вужудга келиб, кишилар ичгани сув топа олмай қолишди. Бу ҳолатдан бир яҳудий фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Унинг Румо номли бир қудуғи бор эди. Ўша қудуқнинг сувини қиммат нархда сота бошлади. Бойроқлар унинг сувидан сотиб олиб ичишди, лекин кўпчилик сувсизлик машаққатини чека бошлади. Ана шу чоғда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор чора кўриш мақсадида “Ким қудуқни сотиб олиб, ўз челагини мусулмонлар челаги билан бирга қилса, унга жаннатда яхшироқ қудуқ берилади”, дедилар. Шунда ҳазрат Усмон ўша қудуқни ўз молидан йигирма беш ёки ўттиз беш минг дирҳамга сотиб олиб, мусулмонларга тортиқ қилдилар. Одамларнинг Исломга кўплаб кириши, намозхонларнинг кўпайиши натижасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳижратларидан кейин қурган масжид тезда торлик қилиб қолди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бирортасининг масжидга қўшни ерни сотиб олиб, унга қўшишини орзу қилиб қолдилар. Бу савобли ишни адо этишга ҳам Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан бошқа ҳеч ким топилмади. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рағбатлари ҳақидаги хабарни эшитишлари билан ўша ерга етиб бордилар. Ер эгалари билан савдолашган эдилар, улар ниҳоятда юқори нарх қўйишди. Шундай бўлса ҳам, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўша ерни сотиб олиб, масжидга қўшдилар. Барча тарихчилар мазкур ерни йигирма беш минг дирҳамга сотиб олганларини тасдиқлашади.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўз тижоратлари орқали мусулмонлар жамияти ишига катта ҳисса қўшар эдилар. У киши бозорни синчковлик билан кузатиб борар, қайси нарсанинг нархи ортиб, харидори кўпайгани, тожирлар ундан мўмай даромад топиш пайига тушиб қолганларини пайқаб қолсалар, ўша молни кўплаб олдириб келиб, бозорни сероб қилар, нархни тушириб юборар эдилар. У кишининг халқ оммасига кўрсатган бундай ҳимматлари учун Аллоҳ таоло мол-мулкларига барака берар эди. Кези келганда бундан бошқача ҳам иш тутар эдилар. Ҳазрат Абу Бакрнинг халифалик йилларида Мадинада очарчилик бўлиб, озиқ-овқат қаҳатчилиги бошланди. Худди ўша пайтда Мадинаи мунавварага ҳазрат Усмонга тегишли озиқ-овқат карвони етиб келди. Бозор чаққонлигидан хабардор савдогарлар эрталабдан карвонни ўраб олишди. Кимошди савдоси бошланди. Бир савдогар бир нархни айтди. Мол эгаси ҳазрат Усмон “Менга бу нархдан юқорироқ нарх ваъда қилинган” деди. Савдогарлар бирин-кетин ўз имконлари етадиган нархларни айтиб чиқишди. Ҳаммасига ҳам Усмон розияллоҳу анҳу “Менга бу нархдан юқори нарх ваъда қилинган” дерди. Охири савдогарлар “Мадинада биздан бошқа савдогар қолмади, ким сенга бундай юқори нарх ваъда қилди ахир?” деб сўрашди. Шунда ҳазрат Усмон “Аллоҳ таоло “Ким очларга таом берса, ўн баробар қилиб савоб бераман” деган. Ҳамма молим Мадина фуқаро ва мискинларига садақа бўлсин” деди...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам одатда, бирор урушга борадиган бўлсалар, очиқ айтмас эдилар. Бошқа томонга бормоқчи эканларини айтиб, кейин режа қилинган тарафга юрар эдилар. Фақат Табук ғазотида бундай қилмадилар. Қудратли Рум салтанатига қарши бошланган юришнинг машаққатли ва оғирлиги, душманнинг кўплиги сабабли одамлар ўзига яраша тайёргарлик кўришлари учун Табукда Рум билан уруш қилиш ниятида эканларини очиқ айтдилар. Сўнгра сафарга жиддий ҳозирлик билан отландилар ва одамларга керакли нарсаларни олиш, йўлга чиқиш учун шошилишга буюрдилар. Бой кишиларни хайр-эҳсон этишга, улови йўқ кишиларга улов олиб беришга қизиқтирдилар. Ана шу ғазотда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бундай хайр-эҳсон қилувчиларнинг пешқадами бўлдилар. У киши ҳеч ким қилмаган катта миқдордаги хайр-эҳсон қилдилар. У кишининг бу сахийликларини тақдирлаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳим, Усмондан рози бўлгин, мен ундан розиман”, дедилар.

Абдураҳмон ибн Самура розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазотининг лашкарини жангга тайёрлаётганларида Усмон минг динорни енгига солиб келтириб, у зотнинг қўйинларига тўкди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўйинларидагини у ёқ-бу ёққа ағдариб туриб, икки марта “Бугундан сўнг Усмонга нима қилса ҳам зарар қилмайди” деганларини эшитдим”.

Агар ҳазрат Усмоннинг Пайғамбар алайҳиссаломга олиб келиб топширган маблағ миқдорини кўз олдимизга келтирмоқчи бўлсак, ўша пайтнинг динори тўрт граммдан ортиқроқ соф олтин бўлган. Бундан Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўйинларига тўрт килодан ортиқ соф олтинни тўкканлари маълум бўлади. Бир минг тўрт юз йил илгари тўрт килограмм соф олтин қанчалик улкан миқдордаги мулк бўлганини тасаввур қилсак, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қилган молиявий саховатнинг аҳамияти янада ойдинлашади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазрат Усмоннинг бу ишига одатдан ташқари юқори баҳо бериб, “Бугундан сўнг Усмонга нима қилса ҳам зарар етмайди”, дедилар. Бу билан “Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу умрининг охиригача етадиган ишни қилиб қўйди, энди у бошқа хайр-эҳсон қилмаса ҳам бўлаверади, ҳатто нима иш қилса ҳам у кишига зарар етмайди” деганлари эди.

Термизийнинг ривоятида келишича, Абдураҳмон ибн Хаббоб розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Қийинчилик” лашкарига (Табук ғазотига) тарғиб қилганларида ўша ерда эдим. Ўшанда Усмон ўрнидан туриб, “Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг йўлида юзта туяни эгар-жабдуғи билан зиммамга оламан”, деди. Сўнгра у зот яна лашкарга тарғиб қилдилар. Шунда Усмон ўрнидан туриб “Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг йўлида икки юзта туяни эгар-жабдуғи билан зиммамга оламан”, деди. Сўнгра у зот (яна) лашкарга тарғиб қилдилар. Шунда Усмон ўрнидан туриб, “Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг йўлида уч юзта туяни эгар-жабдуғи билан зиммамга оламан” деди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбардан тушаётиб “Бундан сўнг Усмон нима қилса ҳам зарар бўлмайди. Бундан сўнг Усмон нима қилса ҳам зарар бўлмайди” деганларини эшитдим”.

Ўша пайтдаги дунёнинг энг қудратли салтанатини узоқ вақт бошқариб туриш Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг шахсий сифатларига заррача ҳам салбий таъсир кўрсата олмади. У кишининг хислатлари, феъл-атворлари аввал қандай бўлса, шундайлигича қолди, ҳатто баъзан янада яхшироқ ҳолатга кўтарилди. Олимлар Усмон ибн Аффоннинг шахсий сифатлари ҳақида кўпгина ривоятларни келтиришган:

“Усмонни жума куни минбар устида кўрдим. Эгнида дағал, баҳоси тўрт ёки беш дирҳамлик аданий изор ва титилган куфий ёпинчиқ бор эди”; “Ҳулятул авлиё”да келтирилишича, “Ҳасандан кундузи масжидда ухловчилар ҳақида сўрашди. “Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг кундузи масжидда ухлашини кўрганман. У ўша пайтда халифа эди. Турганида майда тошлар биқинига ботган бўларди. “Шу киши мўминларнинг амирими?! Шу киши мўминларнинг амирими?!” дейишар эди”;

Шураҳбил ибн Муслимдан ривоят қилинади: “Усмон розияллоҳу анҳу одамларга амирларнинг таомини едирар эди. Ўзи эса уйига кириб, сирка билан зайтун ер эди” Имом Аҳмад қилган ривоятда Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ва у зотнинг ҳаёларини зикр қилиб туриб, “У уйнинг ичида бўлиб, ташқаридан эшик қулфлоғлик турса ҳам устидан сув қуймоқчи бўлса, кийимини ечиб ташлашга ҳаёси монелик қилар эди”, деган”. Маймун ибн Меҳрондан ривоят қилинади: “Менга Ҳамадонийнинг хабар беришича, у Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик вақтида хачирга миниб, ортига ғуломи Ноилни миндириб олиб кетаётганини кўрган экан”. Ибн Саъд, имом Аҳмад ва ибн Асокир Абдуллоҳ Румийдан шундай ривоят қилишади: “Усмон розияллоҳу анҳу таҳоратига ўзи сув тайёрлар эди. Унга “Ходимларингга айтсанг, тайёрлаб беришади-ку”, дейишса, у “Йўқ. Кечаси дам олиш уларнинг ҳақлари”, деди”. Имом Термизий Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг мавлоси Ҳонеъдан шундай ривоят қилади: “Усмон қабрни кўрса, йиғлаганидан соқоллари ҳўл бўлиб кетар эди. Унга “Жаннат ва дўзахни зикр қилсанг, йиғламайсан. Қабр зикр қилинса, нега йиғлайсан?” дейишди. “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Қабр охират манзилларидан биринчисидир. Ундан нажот топса, ундан кейингиси осондир. Ундан нажот топмаса, кейингилари бундан ҳам шиддатлидир” деганларини, яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Қай бир манзарани кўрсам, қабр ундан кўра қўрқинчлидир” деганларини эшитганман”, деди”.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳазрати Умар қизини ўлдирганми?

78 20:30 07.03.2021

Улардан бўлишни истайман!

124 19:30 07.03.2021

Ўз фарзандларига қарши жиҳод эълон қилаётганларга мурожаат

376 18:30 07.03.2021

Сабр бўлмаса, иймон ҳалокатга юз тутади

165 17:23 07.03.2021

Отасига муносиб бўлган имом Қушайрий

281 14:00 07.03.2021

Хитой ва Литва Тайван туфайли тортишиб қолишди

667 11:00 07.03.2021
« Орқага