Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу (31-қисм)

635

ЭЛЧИЛИК

Олтинчи ҳижрий санадаги Ҳудайбия воқеаларида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг элчилик хислатлари намоён бўлди. Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир минг тўрт юз саҳоба билан умра ниятида Маккаи мукаррама томон йўл олдилар. Улар Асафонга етиб боришганида қурайшликлар урушга тайёргарлик кўраётганлари ҳақида хабар келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлни буриб, Ҳудайбия номли ерга тушдилар. Қурайш ўз элчи ва вакилларини юбориб, мусулмонлар қайтиб кетишмаса, уруш бўлишини маълум қилар ва мусулмонларга нисбатан ашаддий душманлик руҳида келиб, музокаралардан сўнг буларга хайрихоҳ сифатида қайтишар эди.

Шундай вазиятда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз элчиларини Қурайш томонга юборишни ирода қилдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хирош ибн Умайя Хузоъий розияллоҳу анҳуни чақирдилар ва унга Қурайшнинг олдига бориб, уруш учун эмас, Байтуллоҳни зиёрат қилгани келганликларини маълум қилишни топширдилар. Хирош ибн Умайя Хузоъий мухолифлар томонга етиб борар-бормас, қурайшийлар унинг бирор оғиз сўзини эшитмай, миниб борган туясини сўйиб ташлашди. Ўзини ҳам ўлдириш ҳаракатига тушиб туришган эди, уни аҳбошлар қутқариб қолди. Хирош Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига қайтиб, бўлган ҳодисани сўзлаб берди.

Ҳузурларига Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни чорлаб, у кишига “Сиз Маккага бориб, Қурайшнинг сардорларига мен Маккага улар билан уришгани эмас, балки Байтуллоҳнинг улуғлигини етказиб, сақланган ҳолда зиёрат қилиш мақсадида келганим хабарини етказинг”, дедилар. Ҳазрат Умар Расули акрамга юзланиб “Эй Аллоҳнинг Расули, мен қурайшлар олдига боришдан хавфдаман, чунки Маккада Бани Адий қабиласидан менга ёрдам бера оладиган бирор киши йўқ. Лекин сизга қурайшийларга мендан кўра ҳурматлироқ бўлган Усмонни юборишингизни маслаҳат бераман”, деб жавоб қилди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрат Усмонни чақириб, Абу Суфён ва Қурайшнинг бошқа бошлиқларига уруш учун эмас, балки Байтуллоҳни зиёрат қилиш учун келганларини етказишни топширдилар.

Маккага кираверишда ҳазрат Усмонни Абон ибн Саъид кутиб олди ва у кишига ҳомий эканини эълон қилди. Ҳазрат Усмон бориб, Абу Суфён ва Қурайшнинг бошқа бошлиқларига Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг гапларини етказдилар: “Расулуллоҳ бу йил сизлар билан уруш қилгани эмас, балки Байтуллоҳни зиёрат қилиш учун келганлар”. Шунда улар Усмонга қараб “Агар Байтуллоҳни тавоф қилмоқчи бўлсанг, қилиб ол”, дейишди. Аммо у киши уларнинг сўзига кирмай, “Расулуллоҳ тавоф қилмай туриб, мен асло бу ишни қилмайман”, дедилар. Бу гапдан ғазабланган қурайшликлар у кишини тутиб, банди қилишди. Пайғамбар алайҳиссалом ва мусулмонларга “Усмон ўлдирилибди” деган гап етиб борди.

Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом саҳобаларга “Охири бу қавм билан тўқнашишга мажбур бўлар эканмиз-да”, дедилар ва уларни байъатга чақирдилар. Дарахт остида туриб, ҳамма қўлини Расули акрамнинг қўлларига қўйиб, ўлимга ҳам тайёр экани ҳақида байъат қилди. Бу байъат “Ризвон”, яъни “Розилик байъати” номи билан машҳур бўлди. Чунки Аллоҳ таоло ўша дарахт остида Пайғамбарга ким байъат қилган бўлса, ҳаммасидан рози эканини эълон қилди.

Дунё тарихида машҳур бўлган ана ўша байъат давомида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг бир қўлларини иккинчи қўллари устига қўятуриб, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу номларидан байъат қилдилар ва “Бу Усмоннинг байъатидир” дедилар. Буни кўрган ва эшитган ҳар бир саҳобанинг ҳаваси келди ва ўзини Усмоннинг ўрнида кўришни орзу қилди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу мазкур хатарли сафардан эсон-омон қайтдилар. У кишидан кейин Қурайш янги элчи, яъни Суҳайл ибн Амрни юборди ва иш сулҳ тузиш билан якунига етди.

УЧИНЧИ ХАЛИФА

“Саҳиҳи Бухорий”да келтирилишича, Амр ибн Маймун халифаликнинг ҳазрат Умардан ҳазрат Усмонга қандай ўтгани ҳақида шундай ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу яраланган тонгда мен ҳам қиёмда турган эдим, мен билан унинг орасида Абдуллоҳ ибн Аббосдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. У, одатда, икки сафнинг орасидан ўтганда “Текисланинглар!” дер эди. Ораларида очиқжой кўрмагач, олдинга ўтиб, такбири таҳримани айтар эди. Баъзан одамлар тўпланиб олишлари учун биринчи ракатга Юсуф ёки Наҳл ёхуд шунга ўхшаш сурани қироат қилар эди. У такбири таҳримани айтиши билан кофир Абу Луълуъа уни пичоқлади. Умарнинг “Бу ит мени еди!” деганини эшитдим. Ажам кофир дудама пичоқ билан ўқдек учиб қочди. Ўнгдами, чапдами, кимнинг олдидан ўтса, пичоқлаб бориб, ўн уч кишини яралади. Улардан еттитаси ўлди. Мусулмонлардан бири буни кўриб, унинг устига чопонини ташлади. Ажам кофир қўлга тушишини билгач, ўзига пичоқ тортиб юборди. Умар Абдураҳмон ибн Авфнинг қўлидан ушлаб, олдинга ўтказди. Ким Умарга яқин турган бўлса, мен кўрган нарсани кўрди.

Аммо масжиднинг чет тарафидагилар Умарнинг овозини йўқотганларидан бошқа ҳеч нимани билмай, “Субҳаналлоҳ! Субҳаналлоҳ!” дейишар эди. Абдураҳмон ибн Авф уларга енгилгина қилиб намоз ўқиб берди...

...Мўминларнинг онаси Ҳафса бир неча аёллар билан бирга келди. Уни кўриб, ўрнимиздан турдик. У унинг олдига кириб, бир муддат йиғлади. Шу пайт эркаклар изн сўрашди. (Ҳафса) улар учун ичкарига кириб турди. Биз ичкаридан унинг йиғисини эшитдик. “Эй мўминларнинг амири, васият қилинг, халифа тайинланг”, дейишди. У киши “Бу ишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рози бўлиб вафот этган мана бу одамлардан кўра ҳақлироғини топмаяпман”, деди-да, Али, Усмон, Зубайр, Талҳа, Саъд ва Абдураҳмоннинг исмларини айтиб, “Сизларга Абдуллоҳ ибн Умар гувоҳ бўлади. Бироқ бу ишда (халифаликда) унга ҳеч нарса йўқ. Агар амирлик Саъдга тегса, яхши. Бўлмаса сиздан ким амир қилинса ҳам, ундан ёрдам олиб турсин. Мен уни ишга ожизлиги ёки хиёнат туфайли четлатган эмасман”, деди.

У кишининг дафнидан фориғ бўлинганидан кейин ҳалиги гуруҳ тўпланди. Абдураҳмон “Ишингизни орангиздан уч кишига топширинглар”, деди. Зубайр “Мен ўз ишимни Алига топширдим”, деди. Талҳа: “Мен ўз ишимни Усмонга топширдим”, деди. Саъд “Мен ўз ишимни Абдураҳмон ибн Авфга топширдим”, деди. Абдураҳмон “Икковингиздан қай бирингиз бу ишдан воз кечади? Биз ишни ўшанга топширамиз. Тепасида Аллоҳ ва Ислом турибди. Қайси бири афзалроқлигига қарасин”, деди. Усмон ва Али сукут сақлашди. Шунда Абдураҳмон “Буни менга топширасизларми? Тепамда Аллоҳ турибди. Мен афзалингиздан қайтмайман”, деди. Икковлари “Ҳа”, дейишди. Али розияллоҳу анҳунинг қўлидан тутди-да “Ўзинг билганингдек, сенинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қариндошлигинг, Исломда пешқадамлигинг бор. Тепангда Аллоҳ турибди. Агар сени амир қилсам, албатта адолат қиласан, агар Усмонни амир қилсам, албатта, унга қулоқ соласан, итоат қиласан”, деди. Кейин Усмон розияллоҳу анҳу билан холи қолиб, унга ҳам худди аввалгига айтган гапларини айтди. (Икковидан) аҳду паймонни олиб бўлгач, “Қўлингни узат, эй Усмон!” деди ва унга байъат қилди. Али ҳам унга байъат қилди. Шаҳар аҳли ҳам кириб, унга байъат қилишди”.

Барча одамларнинг ўзига байъат қилганидан катта ташвишга тушган ҳазрат Усмон бўлиб ўтаётган воқеалар олдида чуқур масъулиятни ҳис этиб, саросимада турарди. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу минбарда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўринларига ўтириб олган, Усмон ибн Аффонни эса бир поғона пастга ўтказиб қўйган эди. Ҳозир бўлганларнинг барии байъат қилиб бўлганидан сўнг Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарларида туриб, халифа сифатида ўзларининг биринчи хутбаларини қилдилар. Аллоҳга ҳамду сано, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту дурудлар айтганларидан сўнг шундай дедилар: “Эй одамлар, сизлар ҳозир вақтинчалик карвонсаройдасизлар, муддатли умрингизни яшаб ўтасизлар. Шундай бўлгач, вақтларингизни иложи борича яхши амаллар қилиш билан ўтказинглар. Дунёга эрталаб келиб, пешинда ёки кечқурун кетгандек кетасизлар. Огоҳ бўлингларки, дунё алдов билан ўраб қўйилгандир.

Дунё ҳаёти сизларни алдаб қўймасин, Аллоҳнинг ёдидан бир нафас ҳам бепарво қилиб қўймасин. Ўзингиздан олдин ўтганларнинг ҳолидан ибрат олинглар. Кейин эса жиддий ҳаракатга тушинглар, ғафлат билан азиз умрингизни беҳуда ўтказиб юборманглар. Зотан, амал сизлардан ҳаргиз ғолиб қолмагай! Айтинг-чи, бу дунёни азиз кўриб, унга жон-диллари билан меҳр қўйиб яшаганлар қаерда қолишди? Уларни ҳам дунё ўз оғзидан тупуриб ташламадими? Аллоҳ дунёни қаерга отган бўлса, сизлар ўша ерга етинглар-да, охират ҳаётини истайдиган бўлинглар. Зеро, Аллоҳ таоло охират ҳаётини дунё ҳаётидан кўра яхшироқ деб таърифлаган. Дунё ҳаётини таърифлаб, Аллоҳ азза ва жалла бундай деган: “Дунё ҳаётини уларга зарбулмасал қилиб беринг: у гўёки Биз сувни ерга туширдик, кейин у сув ёрдамида ерда ўсимликлар ўстирдик, кейин эса улар шамол учирадиган хазонга айланди”. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг одамларга халифа сифатида биринчи ўқиб берган намозлари аср намози бўлди. Бу ишлар йигирма тўртинчи ҳижрий санада, муҳаррам ойининг учинчи куни бўлиб ўтди. Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу вафотидан сўнг мусулмонлар шу тариқа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга байъат қилишди. У киши халифаликни ўта мушкул ишдан бошлашларига тўғри келди.

Бу иш аввалги халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга қарши қилинган суиқасдга боғлиқ эди. Бундан ташқари, Ислом давлатининг ички ва ташқи бошқа муаммолари ҳам етарли эди.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳазрати Умар қизини ўлдирганми?

177 20:30 07.03.2021

Улардан бўлишни истайман!

128 19:30 07.03.2021

Ўз фарзандларига қарши жиҳод эълон қилаётганларга мурожаат

390 18:30 07.03.2021

Сабр бўлмаса, иймон ҳалокатга юз тутади

169 17:23 07.03.2021

Отасига муносиб бўлган имом Қушайрий

285 14:00 07.03.2021

Хитой ва Литва Тайван туфайли тортишиб қолишди

673 11:00 07.03.2021
« Орқага