Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу (32-қисм)

663

Ҳижрий 34 йили Ўртаер денгизининг Искандарияга яқин ҳавзасида мусулмонлар билан румликлар ўртасида жанг бошланиб кетди. Рум қўшинларига қирол Константиннинг ўзи бошчилик қиларди. “Суворийлар уруши” деб олган бу муҳорабада мусулмонлар румликлар устидан ажойиб ғалабани қўлга киритишди. Денгиз жангларида арабларнинг қўлга киритган кемалари биринчи Ислом флотини ташкил этишда жуда қўл келди. Шу тариқа ташкил этилган флот кейинчалик умавийлар ҳукмронлиги даврида мусулмонлар билан византияликлар ўртасида олиб борилган денгиз жангларида жуда катта хизмат қилиб, бениҳоя аҳамият касб этди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифаликлари давомида ўзларидан аввалги халифаларнинг ишларини давом эттириб, мусулмонлар оммаси учун фойдали бўлган катта ишларни амалга оширдилар. У киши даврларида одамлар намозга кечикаётганлари мулоҳаза қилинганидан сўнг уларни олдинроқ хабардор қилиш учун жума намозининг вақти кириши билан бир қўшимча азон айтиш жорий қилинди. Бу иш ўз самарасини кўрсатди. Мусулмонлар жума намозига кеч қолмайдиган бўлишди. Бу амал барчага маъқул келиб, жума намозига икки марта азон айтиш ҳамма жойда жорий қилиниб, собит бўлиб қолди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халқнинг камбағал тоифаси манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, жамият ихтиёрида бўладиган қўриқхоналарга кўплаб ер ажратишни йўлга қўйдилар.

Шу тариқа ерларга бой-бадавлат кишиларнинг эга чиқиб олишлари тартибга солинди. Авваллари масжидларни хушбўй қилиш эҳтиёжи бўлмагани учун бу нарса ҳеч кимнинг ёдига келмаган эди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларида одамларнинг кўпайганлиги, уларнинг табиатлари ҳам ўзгаргани эътиборга олиниб, масжидларни турли нохуш ҳидлардан асраш учун “халуқ” деган хушбўй модда сочиб туриш йўлга қўйилди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврларигача муаззинларга маош белгиланмаган эди. Ўша пайтдаги ҳаётнинг соддалигидан, муаззинларга ажратилган ишнинг озлигидан бунга эҳтиёж ҳам йўқ эди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб, масжидлар катталашди, жамоатлар ниҳоятда кўпайди. Бинобарин, муаззинларнинг хизмати ҳам кўпайди. Энди одамларнинг ўз машғулотидан ажралиб чиқиб, муаззинлик қилишлари лозим бўлиб қолди. Шунинг учун ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кенг Ислом жамиятининг барча жойларида муаззинларга маош беришни жорий қилдилар. У зот халифаликлари чоғида мусулмонларга катта манфаат келтирган бошқа кўпгина хайрли ишларни амалга оширдилар.

Ҳазрат Усмоннинг халифаликлари даврида жуда кўп ислоҳотлар, хайрли ишлар амалга оширилди. Шулардан бири ҳижратнинг 26-йили Қизил денгиз соҳилидаги Эсон портини Жидда яқинига кўчириш бўлди. Чунки шундай қилинганида порт Маккага яқинроқ бўлиб, ҳожиларнинг йўли анчага қисқарарди. Ҳазрат Усмоннинг ўзлари саҳобаи киром билан бирга Жидда соҳилига бориб, у жойларни синчиклаб ўргандилар ва порт қуриладиган жойни белгилаб бердилар. Кейин денгизга тушиб, ғусл қилдилар ва “Бу жойлар муборак соҳил бўлсин!” деб дуо қилдилар. Ўзлари билан келганларга ҳам денгизда чўмилиб, қирғоқда офтобда тобланиб ётишни тавсия қилдилар. Ўша даврда асос солинган Жидда порти ҳозиргача Маккаи Мукаррамага денгиз йўли билан келувчиларга хизмат қилиб келяпти.

Яна ўша йили ҳазрат Усмон Байтуллоҳ атрофидаги ҳовлиларни сотиб олиб, Масжидул Ҳаромга қўштирдилар. Байтуллоҳ атрофига ката кошонали хоналарни барпо эттирдилар. Аллоҳнинг Байтини биринчи бўлиб кенгайтирган киши ҳазрат Усмон бўлдилар. У киши Каъба устига ёпиладиган кисвани (каъбапўшни) ҳам алмаштирдилар. Жоҳилият замонида у теридан тайёрланарди, ҳазрат Усмон уни олдириб ташлаб, миср ипак пахтасидан тўқилган оқ мато ёптирдилар. Ҳижрий 24-йили Мадина аҳолиси халифа Усмон розияллоҳу анҳуга Масжидун Набавийни кенгай тириш илтимоси билан мурожаат қилди. Ҳазрат Усмон кибор саҳобаларни тўплаб, улар билан бу ҳақда маслаҳат қилдилар. Барчалари эски масжидни бузиб, ўрнига кенг ва каттароқ масжид қуришга келишишди. Ушбу маслаҳат бир жойга тинганидан сўнг, ҳазрат Усмон пешин намозини халқ билан ўқидилар. Намоз тугагач, ўрниларидан туриб халққа шундай хитоб қилдилар: “Эй халойиқ, мен Расулуллоҳ масжидларини бузиб, ўрнига қайтадан кенг ва каттароқ қилиб қурмоқчиман. Гувоҳлик бериб айтаманки, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг “Ким бир масжидни барпо қилса, унга жаннатда бир хона уй бино қилинади” деганларини ўз қулоғим билан жуда кўп эшитганман. Мендан аввалроқ ўтган сафдошим Умар ибн Хаттоб ҳам масжидни кенгайтирганлар.

Мен у кишига эргашган бўламан. Кибор саҳобалар билан бу ҳақда маслаҳат қилдим. Улар масжидни бузиб, ўрнига кенгроқ ва улканроқ қилиб қуришга келишишди. Тўпланганлар Усмон розияллоҳу анҳунинг бу фикрларини тўғри деб маъқуллашди. Шундан кейин у киши қурилиш учун ишчиларни ёлладилар, ишбошиликни ўз қўлларига олиб, қурилишни бошлаб юбордилар. Масжид қурилиши 29 йилнинг рабиул аввал ойида бошланиб, 30 йилнинг бошларида ниҳоясига етди. Ривоят қилишларича, ҳазрат Усмон масжидни бузиш ҳақида одамлар билан маслаҳатлашмоқчи бўлиб турганларида, олдиларига Мавлон ибн Ҳикам келиб, “Ота-онам сизга фидо бўлсин, жуда хайрли ишни бошлабсиз. Аммо одамларнинг эсидан чиқмайдиган бир иш қилсангиз бўларди” дебди. Унинг сўзини тинглаб турган ҳазрат Усмон “Ҳолингга вой бўлсин, Усмон бизга қаттиқлик қиларди деб гапириб юришларини ёқтирмайман”, деб жавоб берди. Мавлон “Умар масжидни кенгайтирган пайтида уларга қандай муомала қилганини кўрмаганмидингиз?” дебди. Ҳазрат Усмон унга қараб “Жим бўл! Умар уларни жуда қаттиққўллик билан ушлаб турганидан у кишидан қўрқиб, бир тор ҳужрага ҳайдаса, индамай кириб кетишаверарди. Мен эса одамларга бундай муомала қилолмайман. Уларни қўрқитувчи бўлиб қолишни истамайман”, дебдилар. Шунда Мавлон у кишига “Бу гапингизни биров эшитиб қолмасин, унда сизга қарши чиқишга журъатли бўлиб қолади”, дебди.

Ҳазрат Усмон бутун халифалик даврида ҳар йили мусулмонлар билан биргаликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаи мутоҳҳараларини қўшиб ҳажга олиб борардилар. Фақат дин душманлари у кишини қамал қилиб, уйларига қамаб қўйган йиллари ҳажга бора олмай қолган эдилар. Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳунинг оламшумул ишларидан бири – у киши бошчиликларида Аллоҳнинг Китобини бир мусҳафга жамлаш бўлди. Биринчи халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида Қуръонни тўлиқ ёд биладиган саҳобалар Ридда урушларида шаҳид бўлиб кетаётгани сабабли Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг таклифлари билан унинг оятлари ёзилган тарқоқ саҳифаларни жамлаб қўйишга қарор қилинган, у Умарнинг қизи Ҳафсага топширилган эди. Вақт ўтиши билан Ислом жамиятининг чегараси кенгайиб, кўплаб халқлар мусулмонликни қабул қила бошлади. Мусулмонларнинг сони кўпайгач, Қуръонни ўқишда турли келишмовчиликлар чиқа бошлади. Орада ката фитна чиқиш хавфи туғилди. Бу хавфни биринчи бўлиб Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу англаб етди. У киши халифани бундан огоҳ қилиб, фитнанинг олдини олиш учун чора кўришни таклиф қилдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу чора кўришга киришдилар. Усмон Ҳафсага одам юбориб, “Бизга саҳифаларни бериб тур, ундан мусҳафларга нусха кўчириб олайлик, кейин уларни ўзингга қайтариб берамиз”, деди. Ҳафса уларни Усмонга юборди. Ҳазрат Усмон котиблардан Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъид ибн Ос ва Абдураҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомга буюрган эди, улар мусҳафларга нусха кўчиришди. Усмон қурайшлик учлик гуруҳга “Агар сизлар Қуръоннинг бирор нарсасида Зайд ибн Собит билан ихтилоф қилиб қолсангиз, ўшани Қурайш лисони билан ёзинглар. Чунки у уларнинг лисонида нозил бўлган” деди. Мусҳафларга нусхалар кўчирилиб бўлганидан сўнг ҳазрат Усмон саҳифаларни Ҳафсага қайтариб бердилар. Кейин ҳар томонга биттадан мусҳаф юборилди. Ундан бошқа саҳифаларда ва мусҳафда Қуръондан бўлса, куйдириб юборишга амр қилди. Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг бу ишларини барча Ислом уммати катта қувонч ва маъқуллаш билан кутиб олди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу марказларга биттадан мусҳаф юбориш билан кифояланмай, ҳар бир мусҳаф билан бирга уни одамларга ўқитадиган қорини ҳам юбордилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Мадина мусҳафига, Абдуллоҳ ибн Соиб Макка мусҳафига, Муғийра ибн Шиҳоб Шом мусҳафига, Абдураҳмон ибн Силмий Куфа мусҳафига, Омир ибн Абдул Қайс Басра мусҳафига қори этиб тайинланди. Шу тариқа Аллоҳ таолонинг Китоби йўлида улкан хизматлар қилинди. Ҳозирда ҳар бир Қуръон нусхасига “Бу Усмон нусхасига мувофиқдир” деб ёзиб қўйилишининг ўзи ҳам бу ишда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг фазллари қанчалик буюк эканини кўрсатади. Ана шу нусхалардан бири юртимизда сақланмоқда.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

468 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

463 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

600 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

575 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

678 22:05 26.01.2021
« Орқага