Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу (33-қисм)

593

УЛКАН ФИТНА

Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу халифаликларининг биринчи ярми нисбатан тинч, осойишта ўтди. Бу даврда мусулмонлар ўз халифаларига садоқат ва муҳаббатда бўлишди, у кишидан бутун Ислом олами ҳам рози эди. Халифалар Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттобнинг хийла қаттиққўллик билан ҳукмронлик қилганлари, Ислом давлати ва мусулмонларни қатъий интизомда, дунё шаҳватларига чекловда ушлаб турганларидан сўнг юмшоқкўнгил, хушфеъл, ҳаёли ва ёшликдан фаровон ҳаётга ўрганган ҳазрат Усмоннинг ҳукмдорликка келишлари жуда кўпчиликка ёқиб тушган эди. Ҳазрат Умар ўз халифаликлари даврида одамларнинг дунё матоҳларига алданиб қолмасликлари учун мусулмонларни қаттиқ тартибда ушлар, уларни шаҳарларга сафар қилишдан тўсар, катта ва ҳашаматли қаср-иморатлар қуришдан қайтарар эдилар. Халифа этиб тайинланганларида етмишдан ошган, табиатан юмшоқкўнгил бўлган ҳазрат Усмон эса ўз фитратларидан келиб чиқиб, “қаттиққўллик тизгини”ни хийла бўш қўйиб юбордилар. Бу эса дунё молига ўч айрим кимсаларга мойдай ёқиб тушди ва улар нафс жиловини тамоман ўз ҳолига қўйиб юборишди.

Энди Ислом давлати каби улкан салтанатни бош қаришда ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттобнинг қаттиққўлликлари, талабчанликлари етишмай қолди. Чунки энди араблар оддий ва қашшоқ ҳаёт кечириш давридан дабдаба, ҳашам ва мўл-кўлчилик замонига ўтишаётган эди. Мана шундай бир пайтда ҳокимият раҳбари жасур, қаттиққўл ва интизом-қоидаларни қатъий талаб қиладиган киши бўлиши зарур эди. Ҳазрат Усмон эса кибор саҳобаларга хорижий ўлкаларга сафар қилиш, у ерларга бориб мол-дунё орттиришга йўл очиб қўйдилар. Мадина ва Маккага мол-давлат селдай оқиб кела бошлади. Олдинлари бундай фаровонлик ва тўқликка ўрганмаган араблар аста-секин дабдаба, ҳашамат ва исроф йўлларига юра бошлашди. Мадинада олдинлари асло бўлмаган ҳар хил беҳуда кўнгилочар ўйинлар, каптарвозлик каби ишлар ҳам тарқала бошлади.

Ҳазрат Усмон қурбони бўлган Ислом оламидаги катта фитнанинг бир учи олдинги халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга ғаразгўй кучлар томонидан суиқасд уюштирилиб, у кишининг ўлдирилишлари туфайли бошланган эди. Умар розияллоҳу анҳунинг олиб бораётган кучли сиёсатлари кўпчилик дин душманларининг тинчини бузган, оромидан айирган эди. Улар Исломнинг бутун ер юзи бўйлаб тез ва музаффарона тарқалиб бораётганига тоқат қила олишмасди. Шу сабабдан ҳам ана шу ёвуз кучлар ҳазрат Умар вафотларидан кейин Рум ва Форс томонларда қуролли хуружлар қилиб, Ислом жамияти қарамоғидан чиқмоқчи, эски тузумларини қайта ўрнатмоқчи бўлишди. Аммо халифа Усмон ибн Аффон уларнинг бу хуружларини ўз вақтида бартараф қилдилар.

Ҳарбий томондан кучи етмаган ғанимлар ички томондан турли фитналар чиқаришга ўтишди ҳамда бу йўлда турли ҳийла ва қабиҳ ишларни амалга ошира бошлашди. Давр ҳам, одамлар ҳам ўзгарган эди. Шу боис ҳазрат Умарнинг олдинги қаттиққўл сиёсатларини бардавом олиб бориш қийин эди. Буни ҳамма тушуниб турар эди. Бунинг устига обрўли ката саҳобалар камайиб қолган эди. Ҳижоз атрофидаги жуда кўп саҳройи араб қабилалари Ислом билан шарафланишганди. Бундан ташқари, шиддат билан олиб борилган фатҳлар давомида турли халқлар Исломни қабул қилган бўлса-да, аммо уларда аввалги динлари, эътиқодлари ва фикрларининг таъсири ҳали ҳам кучли эди. Улар орасида номигагина мусулмон бўлганлари ҳам бор эди.

Энг хатарлиси фитнабоши Абдуллоҳ ибн Сабаъга ўхшаб Исломга ички томондан зарба бериш мақсадида ўзини мусулмон қилиб кўрсатаётганлар ҳам йўқ эмас эди.

Ана шу омиллар билан дин душманлари аста - секин фитнага замин тайёрлай бошлашди. Улар аввалига ишни таниқли саҳобалар ўртасида ихтилоф чиқариш, улуғ кишиларни туҳмат ва ёлғонлар билан обрўсизлантириш, баъзи волийлар устидан шикоят қилиш билан Исломга ичдан зарба беришни режалаштиришди. Бундай ишлар биринчи бўлиб Куфадан бошланди. Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу тайинлаган волий Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу билан харож омили Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўртасида волийнинг Байтул молдан олган қарзини вақтида тўлаши бўйича низо чиқди. Волий Саъд байтулмолдан қарз олган бўлиб, уни вақтида тўлашга имкон топа олмай, муҳлатни узайтиришни сўрайди, аммо ибн Масъуд бунга рози бўлмайди. Икки улуғ саҳоба ўртасидаги бу келишмовчиликдан душманлар ўз ғаразлари йўлида фойдаланишга уринишади.

Ҳар икки томонга ўзига яраша тарафдор ва қаршилар тўп ланди. Шунда халифа волийни ишдан олиб, ўрнига Валид ибн Уқбани қўйдилар. Уни ўша пайтда Умар розияллоҳу анҳу Ҳижознинг ғарбий томонига волий этиб тайинлаган ва ўша ерда тинчгина ишлаб турган эди. Янги волийни куфаликлар хурсанд бўлиб кутиб олишди. Бу ишдан, айниқса, олдинги волий Саъд ибн Абу Ваққосга қарши бўлган одамлар шод эди. Янги волий ҳамма билан яхши муносабатда бўлишга интиларди. Барча ишлар кўнгилдагидек кетиб турганида бир ҳодиса содир бўлди-ю, ҳаммаси бошқачасига айланиб кетди. Бир гуруҳ куфалик ёшлар бировнинг уйини тешиб кириб, ўғирликка тушишди ва уй эгасини ўлдиришди. Бу ишдан хабар топган бир қўшни одам миршабларни чақирди. Улар жиноятчиларни ушлади. Ўғрилар орасида Зуҳайр ибн Жундаб, Муварриъ ибн Абу Муварриъ ва Шуббайл ибн Абул Аздий бор эди. Маҳкамада уларнинг жиноятлари аниқ бўлди ва қотиллар шариат ҳукмига биноан қатл қилинди. Уларнинг оталари ва қариндошлари бу иш учун волий Валиддан ниҳоятда хафа бўлиб, ундан аламларини олиш пайига тушишди. Волийнинг кечқурун ўтадиган суҳбати бор эди. Бу суҳбатда турли одамлар, жумладан,

Абу Зайд Тоий ҳам қатнашар эди. У асли насроний бўлиб, кейин мусулмон бўлган ва гоҳо ароқ ичиб турарди. Бир куни ҳалиги ҳасадгўйларнинг олдига биров келиб, “Валиднинг Абу Зайд билан хамр тановул қилишидан хабарингиз борми?” деди. Улар айни мана шу гапни кутиб туришган эди, “миш-миш”ни бирпасда ҳамма ёққа тарқатишди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб, бу гапни айтишган эди, у киши “Биз ўзини беркитган одамнинг сатрини очмаймиз” деди. Валид бу гапни эшитиб, хафа бўлди: “Фитначи қавмга сендек одам шундай жавоб берадими?! Мен нимани беркитибман?! Бу нотаниш одам ҳақида айтиладиган гап”, деди.

Шу билан икковларининг ораларига ҳам совуқлик тушди. Фитначилар бу билан ҳам кифояланиб қолишмади. Халифа саройига Валид устидан шикоятга бориш, ораларидан икки кишининг гувоҳликка ўтишига келишиб олишди. Фитначилар орасида волий Валид томонидан ишдан бўшатилган аламзадалар ҳам бор эди. Улар бориб, ўз мақсадларига эришишди. Волий Валид ибн Уқба чақирилиб, дарра урилди ва ишдан олинди. Ўша дамлар ҳазрат Усмоннинг ўз яқин қариндошларига ён босишда танқидга учраб турган пайтлари эди. Валид ибн Уқба эса Усмон ибн Афон розияллоҳу анҳунинг она бир ўгай укалари эди. Ҳазрат Усмон унга дарра уришни буюрган одамлари бу ишни қилишдан бўйин товлашди. Шунда ҳазрат Усмон дарра уришни ўз қариндошларидан бири ибн Жаъфарга топширдилар. Ибн Жаъфар туриб, Валидга дарра ура бошлади. Ҳазрат Али санаб турдилар. Дарра уриш қирқтага етганида, у киши ибн Жаъфарга “Тўхта!” дедилар. Шу тариқа волий фитначилар иғвоси туфайли ҳадд жазосига лойиқ кўрилиб, вазифасидан бўшатилди. Мана шу ҳодиса Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши танқид ва фитналарнинг ошкора бошланиши учун яна бир туртки бўлди.

Ҳижрий йигирма тўққизинчи сананинг охирлари, ўттизинчи йилнинг бошларида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Куфанинг волийи Валид ибн Уқбани ишдан бўшатдилар. У Куфага волий бўлиб, беш йил ишлаган эди. Валид ибн Уқба ишдан бўшатилганидан кейин ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу унинг ўрнига Саъид ибн Осни тайинладилар. Ўша пайтда Куфада ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг волийлари ҳақида, уларни ишга қўйганлари учун у кишининг ўзлари ҳақида турли ноўрин гаплар кўпайиб кетган эди. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, ҳазрат Усмон халифаликларининг биринчи олти йили турли гап-сўз ва фитналардан холи ўтган. Халифаликнинг еттинчи йилидан бошлаб иғво ва фитналар аста-секин бош кўтара бошлаган. Иккинчи халифа Умар розияллоҳу анҳунинг қаттиқ сиёсатларидан қўрқиб, жимгина юрган Рум ва Форсларнинг қуролли хуружлари

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу томонидан бостирилганидан сўнг душманлар ички томондан фитна қўзғаш режасини амалга ошира бошлаган эдилар.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

468 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

470 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

600 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

576 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

679 22:05 26.01.2021
« Орқага