Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу (34-қисм)

629

Халифа Усмон даврларида Мадинада аҳоли икки табақага, бир томондан, қўлга киритган беҳисоб бойликларини истаганча тасарруф қилаётган бадавлат аслзодалар ва, иккинчи томондан, ҳаёт лаззатларидан бутунлай бебаҳра қолган бечораҳолларга ажралиб қолган эди. Мана шу ҳолат халифа олиб бораётган сиёсатга қаршиликни кучайтириб, ҳазрат Усмон ўрнатган тартибларга норозилик туғдира бошлади. Бу ҳолат Ислом дини ва давлатига қаттиқ нафрат ва ғазабга тўлибтош ган Абдуллоҳ ибн Сабаъ каби ғанимларга қўл келган эди.

Бу кимсанинг исми Абдуллоҳ ибн Сабаъ, онасининг исми Савда бўлган. У яҳудийлардан бўлса-да, ёмон ният билан ўзини мусулмон қилиб кўрсатган эди. Унинг кўпгина фосид фикрлари бор эди. Кўпинча у “Исонинг қайтишини тасдиқлаб, Муҳаммаднинг қайтишини тасдиқламаганлардан ажабланаман”, дер эди. Бу қайтиш ҳақидаги гапнинг бошланиши эди. У яна “Али Муҳаммаднинг васийи, ундан олдин халифа бўлган киши унинг ҳақини поймол қилди. Ҳақни ўз аҳлига қайтариш учун ҳаракат қилиш мусулмонларга вожибдир”, дер эди. Кўпгина фикри бузуқлар унинг бу гапларига эргашдилар. Ислом умматининг тафриқага тушишига, тоат ўрнига исён қилишига сабаб бўлган нарсалардан бири мана шу эди. У ўзига эргашганларни мана шу қулай имкониятдан фойдаланиб қолишга гижгижлай бошлади. Бу каззоб ва фитнагар киши одамларни халифа Усмонга қарши қўзғаган биринчи шахс, Аллоҳ жаннатийлиги башоратини берган улуғ саҳобани ўлдириш фитнасига бошчилик қилган кимса эди. Абдуллоҳ ибн Сабаънинг халифа Усмонга қарши юритаётган ғаламислик ишлари Басрада бор кучи билан намоён бўлди. Ўша пайтларда Ироқнинг иккинчи шаҳри бўлган Басра ҳам фитначилар уясига айланиб улгурган эди. У ерда Ҳаким ибн Жабала исмли бир ўғри бор эди. У ўз атрофида қароқчилар гуруҳини тузиб олган эди. Ислом лашкарлари сафарга отланса, у бирга йўлга чиқиб, кейин қўшиндан ажраб қолар, қишлоқларни талар эди. У, айниқса, Ислом ҳукмрон бўлган шаҳар-қишлоқларда жизя тўлаб яшаб турган аҳли китобларга кўп зулм ўтказар эди. Зулм кўрганлар Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга унинг устидан арз қилишди. Усмон ибн Афон розияллоҳу анҳу волий ибн Осирга буюриб, Ҳакимни Басрадан чиқмайдиган қилиб қўйдилар.

Барча фитналарнинг боши бўлмиш Абдуллоҳ ибн Сабаъ Басрага келганида айнан ўша ўғри Ҳакимнинг уйига тушди. Ўша ерни ўзига марказ қилиб олиб, ғаламисликларини шу ердан амалга ошира бошлади. Унинг қилмишлари волийга етиб боргач эса бу ердан ҳам қувилди. Аммо бу пайтда Абдуллоҳ ибн Сабаънинг манфур туҳматлари ва зарарли ғоялари ён-атрофга тарқалиб улгурган эди. Фитначи Абдуллоҳнинг қабиҳ ишлари хатарли тус олаётганини сезган волий уни Басрадан бадарға қилган бўлса-да, у Куфага келиб, бу ерда ҳам одамларни халифага қарши қайрай бошлади.

Одамлар Куфа волийига қаттиқ нафратда эдилар. Бу ҳам фитначига яхшигина қўл келди. Фитнага учган куфаликлар Балко ва Ироқ чегарасидаги Сивор деган жойда яшаб турган қурайшийларни бадном этиб, обрўларини тўка бош лашди. Уларга тегишли боғлар ва мол-мулкларини тортиб олишди. Улар бирлашиб, халифага ва умуман Ислом давлатига очиқдан-очиқ тажовуз қилишни бошлаб юборишди. Ибн Сабаъ Куфадан ҳам шармандаларча қувилгач, энди Шомга бориб, у ерда ёвуз қилмишларини амалга оширишни ўйлади. Шомда Муовия ибн Абу Суфён бошлиқ катта саҳобалар кўп бўлгани учун ҳали у ерда фитна тарқалмаган эди. Фитнабоши Абдуллоҳ ибн Сабаъ Шомга келиб, машҳур саҳобий Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу билан учрашди. Мол-дунёга муҳаббат қўймаслик ҳақида у кишига ёқадиган баъзи гапларни айтиб, сўнгра “Муовия ибн Абу Суфён бу фикрга қарши экан”, деб икковларини тортиштириб қўйди. Шундан сўнг бу фитнабоши саҳоба Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг олдига бориб, гап бошлаган эди, у киши “Сен яҳудий бўлсанг керак”, деб уни қувиб солди. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳунинг олдига борган эди, уни маҳкам тутиб, Муовиянинг олдига олиб борди ва “Абу Заррни сенинг олдингга юборган шу”, деди. Муовия ибн Абу Суфён фитначини Шомдан қувиб чиқарди. Шу тариқа тартиб-интизом хийла қаттиқ йўлга қўйилган Шомда фитначи ўзига эргашувчи, хайрихоҳ бўладиган одамларни топа олмай, Мисрга қараб қочди.

Мисрда Абдуллоҳ ибн Сабаъ худди сувга тушган балиқдек яйради, атрофига ўзини қўллайдиган одамларни тўплай бошлади. Бошда унинг гапларига ишонмай турган мисрликлар орасида кейинроқ заҳарли таълимотларини ёйишга имкон топа олди. Фитнабоши Абдуллоҳ ибн Сабаъ ҳамма ердан қувилса-да, Мисрда ҳурмат-эътибор топган эди. У одамлар орасида Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга тарафкашлик қилиш чақириғини ёйди, ражъий мазҳабини эълон этди, яъни “Расулуллоҳ яна иккинчи марта ҳаётга қайтиб келадилар”, деган уйдирма хурофий фикрларни тарқатди, “Ҳазрат Али Расулуллоҳнинг васият қилган халифалари ва ўзларидан олдин ўтган халифалардан афзал”, деган сафсатадан иборат зарарли фикрларни одамларнинг миясига қуя бошлади. У яна мусулмонлар ўртасида форслардан ўтган илоҳий ҳақ ғоясини ривожлантиришга зўр берди, ҳолбуки, Ислом бундай зарарли таълимотларни қатъиян тақиқлайди.

У Мисрга жойлашиб олиб, ўз режасини амалга оширишга замин тайёрлар, зарарли таълимотларини кўпчилик орасида тарқатиб борар эди. У одамларга “Усмон ноҳақ халифа бўлиб олган, Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг васийсидир, унга ёрдам бериш керак. Бу ишни адо этиш учун қўзғалинг! Ҳар ким ишни ўз амирига айб қўйишдан бошласин” деб одамларни очиқдан-очиқ халифага қарши оёқлантирар эди. Фитначилар ўз мақсадларини амалга ошириш йўлида ҳар қандай пасткашликдан қайтмас эдилар. Улар ҳар бир кишини ўз сафларига тортишга ҳаракат қилар, ҳар ҳолатдан ўз фойдалари учун бирор нарса чиқаришга уринишар эди. Энди фитначилар Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни асосий мўлжал қилиб олган эдилар. У кишини айблаш йўлида турли бўҳтонларни тўқирдилар.

Бу бўҳтонларни одамлар ўртасида тарқатишга жон-жаҳдлари билан тиришар эдилар. Софдил мусулмонлар уларнинг бундай бўҳтонларига қарши қўлларидан келган чораларни кўрар эдилар. Фитначилар ўз ғаразларига эришиш йўлида динни ниқоб, диний шиорларни дастак қилиб олишади. Бўлмаса, бу нобакорлар Аллоҳ таолонинг маҳбуб бандаларидан бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг яқин саҳобаларидан, мўминларнинг амири бўлмиш Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудек зотга бўҳтон ёғдиришармиди, у кишига қарши чиқишармиди?! Яҳудий Абдуллоҳ ибн Сабаъ асос солган ҳаракатга эргашиб, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши чиққан мазкур фитначилар “сабаъчилар” деб ном олишди. Улар омма орасида фитна-фасод гапларни тарқатишда давом этаверди. Бу гапларнинг ҳаммаси айланиб келиб пойтахт Мадинаи мунавварада тўпланар эди. Охири иш жиддийлашганда Мадина аҳли Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига кириб, “Эй мўминлар амири, бизга келаётган хабарлар сизга ҳам етиб келмоқдами?” дейишди. “Йўқ, менга фақат яхшилик ҳақида хабар келмоқда”, дедилар. Шунда улар бор гапни тўкиб солишди ва турли жойларга одам юбориб, хабар олдиришни маслаҳат беришди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу алоҳида одамлар танлаб олиб, масалани яхшилаб ўрганиш учун уларни турли жойларга юбордилар. Муҳаммад ибн Масламани Куфага, Усома ибн Зайдни Басрага, Абдуллоҳ ибн Умарни Шомга, Аммор ибн Ёсирни Мисрга ва яна бошқа жойларга бир қанча одам жўнатдилар. Юборилган кишилар ўзларига топширилган вазифани бажариб қайтишди. Улар фақат яхши гапларни айтиб келишди. Мисрдан Мадинага ва Мадинадан Мисрга жўнатилган иккитагина мактуб ҳазрат Усмоннинг шундоқ ҳам таҳликада турган ҳаётларини янада оғирлаштириб юборди. Халифа томонидан Мисрга юборилган вакил Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ортига қайтмаганди. Мисрнинг ўша вақтдаги волийи Абдуллоҳ ибн Саъддан ҳазрат Усмонга Мисрдаги қавм Аммор ибн Ёсирни ўзларига оғдириб олишгани ҳақида мактуб келди. Бу ишни Абдуллоҳ ибн Сабаъ ва унга қўшилган Холид ибн Мулжам, Сувдон ибн Ҳумрон ва Кинона ибн Бишр қилган эди. Сабаъчиларнинг Мадинага тинмай юбориб турган миш-миш, хабарлари ва хатлари у ердаги баъзи кишиларга ҳам ўз таъсирини кўрсата бошлади. Чунки бу ерда ҳам ўз мақсадига етиша олмаган, халифадан ранжиган ёки ҳасадга тўлган аламзадалар бор эди. Улар кундан-кунга кучая бориб, ҳазрат Усмонга озор беришга ўтишди. Аммо у киши бу синовларнинг барига сабр қилар эдилар. Иккинчи воқеа эса шундай юзага келди: фитначилар турли ўлкалардан етти юздан ортиқ кишини Мадина ташқарисига тўплаб, ҳазрат Усмондан кейин кимни халифа қилиш кераклиги ҳақида тортишувга чорлашди, унда турли фикрлар айтилди. Халифа Усмон уларнинг мисрлик элчисини қабул қилиб, талабларини қондиришга сўз бердилар. Кейин ҳамма тинчланиб, юртига жўнаб кетди. Улар Мадинадан жўнаб кетишар экан, йўлда узоқда бир отлиқнинг тезлаб кетаётганини кўриб қолишди ва шубҳага тушиб, уни қувишга тушишди. Отлиқни тутиб, тинтув ўтказишди.

Унинг ёнидан халифа Усмон номи билан ёзилган мактуб чиқди. Хат охирида Миср волийсига исён чиларнинг барини Мисрга кирган заҳотиёқ қўлга олиб, дорга осиш буюрилган эди. Хатни ўқиган исёнчилар яна қайта ғазабланган ҳолда ҳазрат Усмоннинг олдиларига қайтиб келишди. Халифадан бу ҳақда изоҳ беришни сўрашди. Ҳазрат Усмон бу хатни ёзмаганларига ва буюриб ҳам ёздирмаганларига қасам ичдилар. Исёнчилар бу ишларни ўрганиб, далиллар билан хатни Мавлон ибн Ҳикам халифа номидан ўзи ёзиб юборганини аниқлашди. Мавлон ҳазрат Усмоннинг амакилари Ҳикам ибн Оснинг ўғли бўлиб, бир пайтлар уни ўзларига вазир ва маслаҳатчи қилиб олган эдилар. У вазифасини эплай олмай, тезда бўшатиб юборилганди. Ҳозир исёнчилар халифадан Мавлонни ўзларига топширишни талаб этишди, аммо халифа ўз қариндошларини уларга топшириб қўйишни истамадилар. Мана шу воқеа ҳам исёнчилар ёққан фитна оловини гуриллатиб юборди. Норози фитначилар у кишининг уйини қамал этиш, ўзларига қарши мудҳиш жиноятларини бошлаб юборишга қарор қилишди.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу (61-қисм)

158 20:00 18.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу (60-қисм)

366 21:05 17.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу (59-қисм)

409 20:00 16.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу (58-қисм)

403 20:00 15.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу (57-қисм)

420 21:00 14.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу (56-қисм)

440 19:30 13.01.2021
« Орқага