ҚАМАЛ
Ўша таҳликали кунларда халифа катта саҳобалар билан вазиятни муҳокама қилганида Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтган ушбу сўзлар фитнанинг асл сабабларини очиб бергандай бўлади. У ҳазрат Усмонга шундай деди: “Менимча, уларга юмшоқлик қилдингиз. Бўш қўйдингиз. Умар қиладиган нарсага зиёда қилдингиз. Менимча, икки соҳибингизнинг йўлини тутишингиз керак эди. Қаттиқ туриш керак бўлган жойда қаттиқ туриш, юмшоқ бўлиш керак бўлган жойда юмшоқ бўлиш лозим эди. Одамларга ёмонлик қилаётганларга қаттиқ туриш керак. Одамларга яхшилик қилаётганларга юмшоқ бўлиш керак. Сиз иккисига ҳам юмшоқликни ошириб юбордингиз”.
Барча вилоятларнинг волийлари ҳам фитначиларга нисбатан қаттиқ туриш керак деган фикрда эдилар. Улар халифага ўз ниятларига эришиш учун ҳар қандай пасткашлик ва қабиҳликдан қайтмаётган нобакорларни бўғизларидан олиш кераклиги ҳақида якдиллик билан маслаҳат беришди. Аммо ҳазрат Усмоннинг ўз фалсафалари, тушунчалари ва тутган йўллари бор эди. У киши волийларнинг фикрларини эшитиб бўлиб, уларга шундай дедилар: “Берган маслаҳатларингизнинг ҳаммасини эшитдим. Ҳар бир ишнинг ўз эшиги бор. Унга фақат ўша эшикдан кирилади. Уммат бошига етишидан қўрқилаётган ушбу ишнинг бир марта бўлиши бор. Унинг ёпадиган ва ушлаб турадиган эшиги юмшоқлик, муроса ва фақат Аллоҳ белгилаган жазолар чегараси да чора кўришдир. Ана шунда биров бизларни айблай олмайди. Ўша нарсани фақат юмшоқлик тўсиши мумкин. Бировнинг менинг зиддимга ҳақ-ҳужжати йўқ. Аллоҳнинг Ўзи билади, мен одамлар борасида ҳам, ўзим ҳақимда ҳам кам чиликка йўл қўймадим. Аллоҳга қасамки, фитна тегирмони айланмоқда. Уни ҳаракатга келтирмай туриб ўлса, Усмонга қандай ҳам яхши бўлар эди. Одамларни тўсинглар. Уларга ҳуқуқларини беринглар. Уларни кечиринглар. Агар Аллоҳнинг ҳақи поймол қилинадиган бўлса, унда муросага борманглар”. Ҳақиқатан, халифа Усмон ҳақни сўзлаётган эдилар.
Фитналарнинг содир бўлиши илоҳий муқаддарот эди. Аввало, у кишида, албатта, фитна бўлишига тўлиқ ишонч бор эди. Эҳтимол, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзлари эшитган фитналар ҳақидаги ҳадислар у кишига қаттиқ таъсир қилган бўлса керак. Иккинчидан, у киши фитначиларнинг тирноқ остидан кир ахтариб, нима қилиб бўлса-да, можаро чиқаришга уринаётганини ҳам ҳисобга олгандилар. Аллоҳ таолодан қўрқмай ёлғондан бўҳтон тўқиётган нобакорларнинг ўзларига қарши кўрилаётган чоралардан бирортаси шариат чегарасидан қилча четга чиқса, дод-фарёд солиб, ҳаммаёқни бузиб юборишлари турган гап эди. Фитначилар, одатда, ўзини мазлум қилиб кўрсатиб, кўпчиликни ўзига қаратишга уста бўлади.
Хуллас, катта бир фитна бўй кўрсатиб турган эди. Шу ўринда мавзудан бир оз чекиниб айрим шахсий мулоҳазаларимни келтириб ўтсам. Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган шундай ҳадис бор: “Умарнинг олдида эдик. Шунда у “Қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фитна ҳақидаги ҳадисларини ўзлари айтгандек ёд олган?” деди. “Мен” дедим. “Сен журъатли экансан, нима деганлар?” деди. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Кишининг аҳли, моли, нафси, боласи ва қўшнисидаги фитнасига рўза, намоз, садақа ва амри маъруф ҳамда наҳйи мункар каффорот бўлади” деганларини эшитганман” дедим. Шунда Умар “Мен буни ирода қилганим йўқ, худди денгиз мавжидек мавж урадиганини ирода қилдим”, деди. “Эй мўминларнинг амири, у билан нима ишинг бор? Сен билан унинг орасида ёпиқ эшик бор”, дедим. “Эшик синдириладими ёки очиладими?” деди. “Йўқ, синдирилади”, дедим. “Ундай бўлса, абадий ёпилмаслиги яқинроқ”, деди” (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган). Ҳадис ровийларидан бири ўша “эшик” ҳазрат Умарнинг ўзи эканини ҳам айтиб ўтган.
Энди ҳадиснинг асл мағзига эътибор қаратинг. Унда йиллар ўтиши билан набавий бир башоратнинг тўла рўёбга чиққанига шоҳид бўласиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўз вафотларидан кейин Ислом уммати жуда кўп фитналарга учраши хабарини беряптилар. Бундай фитналар ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу даврларидан кейиноқ бошланиши ҳам айтилмоқда. Ҳақиқатан ҳам, шундай бўлди. Эшик шунчаки очилганида яхши эди, аммо у илоҳий иродага кўра синдирилди. Синдирилган эшик эса абадий ёпилмайдиган бўлди: фитналарнинг қиёматгача давом этиши илоҳий муқаддаротга айланди. Ислом душманлари фитна уюштириб, Ислом давлатининг раҳбари ҳазрат Умарга суиқасд уюштиришди: ёлланма қотил у киши намозда имомлик қилиб турганида орқаларидан заҳарли ханжар уриб, ҳалок қилди. Фитналарга дарвоза бўлиб тўсиб турган Умар розияллоҳу анҳу ўлдирилганидан кейин фитналар занжири бир-бирига уланиб кетаверди. Айнан шу воқеадан кейин фитналар худди қўзиқориндай болалаб бораверди. Учинчи ва тўртинчи ҳукмдорлар ҳазрат Усмон ва ҳазрат Али розияллоҳу анҳумо ҳам фитначилар қурбонига айланиб, ҳалок бўлишди.
Фитна туфайли Исломда биринчи тафриқа-бўлиниш содир бўлди: хаворижлар ҳақ йўлдан ажраб чиққан илк мазҳабга айланди. Фитна туфайли Исломнинг икки шавкатли раҳбари Али ибн Абу Толиб ва Муовия ибн Абу Суфён ўрталарида бемаъни бир қатлиом бошланиб кетди, оқибатда минглаб бегуноҳ мусулмоннинг қони ноҳақ тўкилди. Ислом тарихидаги энг аянчли воқеалардан Сиффин ва Жамал муҳорабалари ҳам айнан фитна туфайли юзага келган эди. Бундай фитналардан ҳатто Пайғамбар алайҳиссаломнинг буюк саҳобалари-ю завжаи мутоҳҳаралари ҳам четда қолишмади. Фитналар сабабли Пайғамбар алайҳиссаломнинг суюкли набиралари имом Ҳусайн энг навқирон ёшида шаҳодат топди. Фитналар туфайли Язид ибн Муовия минглаб мусулмоннинг бошига етди, ҳаётига зомин бўлди...
Шундан кейин ҳам фитналар бир-бирига уланиб кетаверди. Ғанимлар ноғорасига ўйнаб, ука акасига қилич кўтарди, бола отасининг қотилига айланди. Душманлар фитнасига учиб, бир мусулмон саркардаси иккинчисининг устига қўшин тортиб борди ва Ислом шавкатини анча пайтгача сўндирди. Тахт ва манфаат талашиб бир ҳукмдор иккинчисини дорга остирди. Ўтган ўн беш асрлик тарихга назар ташласангиз, Ислом оламининг мўғуллар истилосини ҳисобга олмаганда ҳамма вақт фитнага учиб, фақат бир-бирларини қирғинбарот қилаётгани аён бўлади. Бунинг асл сабабини билмоқчи бўлганлар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу ҳадислари билан танишсин: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамлар бошига бир замон келадики, унда қотил нима учун қатл қилганини ва мақтул нима учун қатл қилинганини англамайди”, дедилар” (Муслим ривоят қилган).
Шу ўринда яна ибратли бир воқеани келтириб ўтишга тўғри келади: бир куни оломон орасидан бир одам ажралиб чиқиб, ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига келибди. Чуқурхўрсиниб, шундай сўрабди: “Ҳазрат Абу Бакр ва ҳазрат Умар замонларида тафовутли фикрлар, қарама-қаршиликлар бўлмас эди. Ҳамма нарса жой-жойида, шаҳарларимиз тинч, осойишта бўларди, қонлар тўкилмас эди. Фақат ҳазрат Усмон ва сизнинг даврингизга келиб ҳамма нарса ўзгарди. Қон тўкила бошланди, қарама-қаршиликлар, гина-адоватлар авж олди. Бунинг сабаби нимада?” Мўминлар амири ҳазрат Али саволни диққат билан эшитиб, қуйидаги жавобни бердилар: “Бу саволнинг жавоби ўзи билан. Ҳазрат Абу Бакр ва ҳазрат Умарнинг ёнларида ҳазрат Усмон ва ҳазрат Алидек инсонлар бор эди. Ҳазрат Усмон ва ҳазрат Алининг ёнларида эса сизларга ўхшаганлар бор!” Кутилмаган бу жавобдан ҳанг-манг бўлиб қолган ҳалиги киши қаттиқ хижолат тортиб, қилган беодоблигидан минг бора афсусланибди. Кечирим сўраб, ёнидан секингина чиқиб кетибди...
Ҳазрат Усмонга қарши қилич яланғочлаган ўша фитначилар ҳам ҳадисда зикр қилингани каби кўзи қонга тўлган, ўзини ғафлат босган жоҳил кимсалар эди. Гапини халифага ўтказа олмаган исёнчилар йигирма кун мобайнида у кишининг уйини қамал қилиб туришди. Бу бир тўда аламзада дин душманларининг Ислом давлати раҳбарига, Пайғамбар алайҳиссаломга икки карра куёв бўлган фазилатли бир инсонга, жаннатийлиги башорат қилинган солиҳ зотга нисбатан катта беодоблиги, айтиш мумкинки, безорилиги эди. Бир гуруҳ саҳобалар Исломга қарши қаратилган бу фитнанинг асл моҳиятини ҳис этиб, халифани ҳимоя қилишга киришдилар. Исёнчилар танг аҳволда қолган эди: ҳаж мавсуми тугагани сабабли халифа атроф вилоятларга ёрдам сўраб мактуб юборгани боис мадад кучлари бехосдан бостириб келиб қолишидан улар қаттиқ хавотирда эди.
Шунинг учун тезроқ отни қамчилаб қолиш мақсадида халифанинг уйига ҳужум бошлаб юборишди. Улар билан уйни мудофаа қилаётганлар ўртасида қаттиқ жанглар бўлди. Фитначилар халифанинг уйига бостириб киришга муваффақ бўлишди. Ҳазрат Усмон Аҳли байтнинг вакили бўлган Али ибн Абу Толибга ҳам ёрдам сўраб хат юборгандилар, бунга жавобан ҳазрат Али ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайнларни ҳамда Зубайр ибн Аввом бошчилигида бир гуруҳ баҳодир кишиларни юбордилар. Ҳазрат Али уларга ҳазрат Усмонни қўриқлаш, бирор кимсанинг у кишига зарар ёки озор етказишига йўл қўймасликни қаттиқ тайинладилар.
Улар келиб ҳазрат Усмоннинг ҳовлилари дарвозаси олдини тўсиб, ҳеч кимни ўтказмай қўйишди. Бироқ исёнчилар дарвозани қўйиб, туйнуклардан бостириб киришга ҳаракат қилишди. Улар нима қилиб бўлса-да, халифа Усмонни қўлга олиш ҳаракатига тушишган эди. Ҳолатнинг иложсизлигини кўрган ҳазрат Усмон уларнинг олдига чиқдилар ва исёнчиларга тик боқиб шундай хитоб қилдилар: “Сизлардан Аллоҳ номи билан сўрайман, сизлардан Расулуллоҳ алайҳиссалом саҳобалари тариқасида сўрайман: сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ғазотга кетаётган¬у, аммо қурол топа олмаётган одамларни қуроллантирган кишига жаннат бўлади”, деганларида менинг ўша аскарларни қуроллантирганимни билмайсизларми? Расулуллоҳ “Румо қудуғини қазитган киши жаннатий бўлади”, деганларида ўша қудуқни мен қазитганимни билмайсизларми?” Лекин халифанинг қаршисида истеҳзо билан турган исёнчилар ақлсиз ва виждонсиз бир қавм бўлгани учун халифанинг бу ҳаққоний саволлари уларга заррача таъсир қилмади, уларни асл мақсадидан қайтара олмади.
(давоми бор)
(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм)
Аҳмад Муҳаммад