ДАҲШАТЛИ ҚОТИЛЛИК
Фитначилар борган сари тубанлашар эди. Улар Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу билан бирор кишининг учрашишини ҳам, гаплашишини ҳам ман қилиб қўйди. Ғавғо-тўполон кучайганидан сўнг ҳазрат Усмон ўзларини ҳимоя қилаётганларнинг ҳаммасини ҳузурларига чақирдилар. Уларнинг барчасига ташаккур айтиб, қуролларини ташлаш, ўз уйларига кетишларини сўрадилар. Улар кўнишмади. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу уларга: “Сизлардан Аллоҳнинг номи ила сўрайман, менинг сабабимдан қон тўкманглар”, дедилар. Фитнабошилар жон-жаҳдлари билан воқеани тезлаштиришга уринар, гумашталарини у кишига қарши гиж-гижлар эди. Улар қанча уринмасин, дарвозани ёриб ўта олмадилар. Шундан сўнг дарвозага ўт қўйиб юборишди. Ташқарида тўс-тўполон кучайди. У киши фитначиларга қараб “Эй одамлар, мени ўлдирманглар. Аллоҳга қасамки, мени ўлдирсангиз, мендан кейин ҳеч қачон бир-бирингизга муҳаббат қўя олмайсизлар. Мендан кейин ҳеч қачон жам бўлиб намоз ўқий олмайсизлар” дедилар. Кейин ҳужраларига кириб, икки ракат намоз ўқидилар. Одатдагидек, мусҳафларини олиб, Қуръон тиловат қилишга ўтдилар. Сокинлик ила оятларни тиловат қилиб, маъносини чақиб, ҳузур қила бошладилар.
Ибн Саъд “Табақотул Кубро”да келтиришича, қатл куни ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу эрталаб хотинлари Ноила розияллоҳу анҳога: “Анави қавм бугун мени ўлдирса керак, тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарни кўрибман. Улар “Бугун бизнинг олдимизда ифтор қил!” дейишмоқда”, дедилар. Фитначилардан баъзилари қўшни Бани Ҳазм ҳовлисининг деворидан ошиб тушиб, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг олдиларига киришди ва “Ўзинг истеъфо берсанг, сени тарк қиламиз”, дейишди.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўз жонларини фидо қилиб бўлса ҳам Ислом жамиятининг ҳайбатини сақлаб қолишга қатъий қарор қилган эдилар. Шунинг учун бу таклифни яна рад қилдилар. Шунда айрим фитначилар девордан ошиб тушиб, ҳазрат Усмоннинг устларига бостириб киришди. Улар ҳаё, андиша ва инсофни бир четга йиғиштириб қўйиб, халифанинг уйига ваҳшиёна бостириб киришганида халифа рўзадор ҳолида Аллоҳнинг муборак каломини қироат қилиб ўтирган эди. Ҳазрат Усмон ўша куни рўзадор ҳам эдилар. Мана шу ҳолатда ўтирганларида фитначилардан бири яқинлашиб келди-да, қўлидаги ўткир темир асбоб билан ҳазрат Усмонга қаттиқ туширди. Ҳазрат Усмон туйқус зарбадан ҳушларини йўқотиб, ёнларига йиқилдилар. Ўша пайтда у зот Аллоҳ таолонинг ушбу оятини ўқиб ўтиргандилар: “Уларга кишилар “Одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар” деганда бу уларнинг имонларини зиёда қилди ва “Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил” дедилар” (Оли Имрон сураси, 173-оят).
У киши фитначиларга эътибор ҳам бермай тиловат қилавердилар. Улар ўзларининг жир канч жиноятларига қўл уришганида ҳам ҳеч қаршилик қилмай Аллоҳнинг Китобини ўқий вер дилар. Фақат хиёнат қиличининг бир зарбаси қўлларини кесганида “Аллоҳга қасамки, бу қўл Қуръон оятларини биринчи бўлиб ёзган қўл эди” дедилар, холос. Қон отилиб, мусҳаф саҳифаларига тушаётганини кўриб, дарҳол қўлларини ўзларига тортиб олдилар.Фитначилардан бири ҳазрат Усмонга ташланиб, қиличи билан у кишига ҳамла қилмоқчи бўлганида аёллари Ноила халифани ҳимоя қилиб, устларига ташланди. Шунда қаттолнинг қиличи аёлнинг қўл бармоқларини қирқиб юборди. Ноинсоф фитначилар ҳазрати Усмоннинг ўлганларини билган заҳоти ҳеч нарсадан тап тортмай халифанинг уйларини талашга, мол-мулклари, яъни мусулмонларнинг молини талон-тарож қилишга киришиб кетишди. Улар Раббиларидан қўрқишмади, ҳеч қандай аҳдга риоя этишмади, инсоф ва адолатни яксон қилишди. Чунки улар бадхулқ, безори, динсиз кимсалар эди. Уларни Ислом давлати халифасининг жонига қасд қилишдан ҳеч нарса қайтармади: ҳатто ўша кун лари ҳар қандай қон тўкиш тақиқланган ҳаром ойлардан бирида турганлари ҳам, умр бўйи рўзадор, кечалари бедор саксон ёшли бир мусулмоннинг қонини ноҳақ тўкаётганлари ҳам мудҳиш жиноятларидан тўхтатиб қолмади. Бу воқеа ҳижратнинг 35-йили зулҳижжа ойининг саккизинчи куни содир бўлган эди. Ҳазрат Усмон ҳалок қилинмасларидан сал олдинроқ хизматкорларидан бири олдиларига кириб, “Эй мўминлар амири, чой-нон келтирсам, бир оз тамадди қилиб оласизми?” деб сўради.
У киши “Йўқ! Мен Расулуллоҳни тушимда кўрдим, жанобимиз менга бирга тамадди қиламиз” деб башорат бердилар”, дедилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлдиришлари туфайли Ислом оламида ҳанузгача, эҳтимол, қиёматгача давом этадиган кулфат ва бахтсизликлар бошланиб кетди. Йиллар, асрлар ўтар, замонлар ва халқлар ўзгарар, аммо ушбу мудҳиш жиноятнинг қора доғлари Ислом тарихидан асло ювилиб кетмагай! Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг сафдошлари ва халифалари, икки карра куёвлари, ғазот лашкарларини керакли қурол-аслаҳа, уловлар билан таъминлаган, Румо ариғини қазитган, қанчалаб шаҳарларни фатҳ қилган, биринчи Ислом флотини ташкил этган, сахийликда донг чиқарган ҳалим ва тақводор ҳукмдорнинг жонига қасд қилган нобакор кимсалар қиёматгача бутун Ислом умматининг, фаришталарнинг тавқи лаънатига қолиб кетди.
Ислом давлатининг учинчи халифаси ҳазратУсмон розиялллоҳу анҳунинг ҳаётлари ана шундай фожиали якун топди. Аммо у кишининг Ислом йўлидаги буюк ишлари ва фидойиликлари қиёматгача мусулмонлар хотирасида яшаб қолажак! Аллоҳ таоло учинчи халифа Усмон Зиннурайн розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!
(давоми бор)
(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм)
Аҳмад Муҳаммад