Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу (29-қисм)

619

“ИККИ НУР ЭГАСИ”

Ўша пайтларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки қизлари, яъни Руқайя ва Умму Кулсумларни ўзининг икки ўғли, яъни Утба ва Утайбаларга олиб берган Абу Лаҳаб Исломга зарар етказиш мақсадида ўғилларига амр қилиб, келинларини талоқ қилдирган эди. У “Муҳаммадни қизлари билан овора қилиб қўйсак, динига путур етади”, деб ўйлаган эди. Утба ибн Абу Лаҳаб Руқайя розияллоҳу анҳони бирга яшамай туриб, талоқ қилган эди.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Руқайя розияллоҳу анҳони жуфти ҳалолликка сўрадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга рози бўлдилар. Шундай қилиб, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу кейинчалик ўзларига асосий сифат бўлиб қоладиган икки нурдан бирига эришдилар. Тўйдан кейин икковлари ҳамманинг ҳавасини келтирадиган даражада иноқлик билан яшай бошлашди.

Ўша пайтда оз сонли, заиф мусулмонларга нисбатан кофирларнинг тазйиқлари ва озорлари соат сайин кучайиб борар эди. Мусулмонлар бунга қарши бирор чора кўришдан ожиз эдилар. Уларнинг қиладиган бирдан-бир ишлари бу ҳақда ўз йўлбошчилари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилиш эди. Мусулмонлар бирин-кетин келиб, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга кофирларнинг озорлари ҳаддан ошиб, ер юзи ўзлари учун тор кўриниб кетаётгани ҳақида арз қила бошлашди. Мазкур арзчиларга Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ва у кишининг жуфти ҳалоллари Руқайя розияллоҳу анҳо ҳам қўшилишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам уларга Ҳабашистон ери томон ҳижрат қилишни маслаҳат бердилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг оиласи ҳам дину диёнат учун она юртни тарк этиб, ҳижратга чиқди.

Ўн олти нафар мусулмон муҳожирларнинг биринчи гуруҳини Ҳабашистон очиқ юз билан кутиб олди ва улар бу ерда тинчлик-омонликда истиқомат қила бошлашди. Сўнг аста-секин бошқа муҳожир гуруҳлар ҳам етиб келишди. Эски муҳожирлар уларни ўраб олиб, сўроққа тутишга, суҳбатлар қуришга тушишди. Ана шундай суҳбатлардан бирида ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга фахрланса арзийдиган хабар келди. Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Албатта, Усмон ўз аҳли билан ҳижрат қилган аввалги кишидир”, деб марҳамат қилибдилар.

Ҳижратда Усмон ва Руқайя бахтли ҳаёт кечиришди. Ҳабашистон юртида улар фарзандли бўлишди. Унга Абдуллоҳ деб исм қўйишди. Ҳазрат Усмон ана шу ўғилларининг исми билан куняланиб, Абу Абдуллоҳ (Абдуллоҳнинг отаси) дея аталадиган бўлдилар. Аммо Аллоҳнинг тақдири экан, бола олти ёшга етганида кўзини хўроз чўқиб олиб, жароҳатлари туфайли вафот этди. Улар бошқа муҳожирлар билан бирга Ҳабашистонда муҳожирлик ҳаётининг аччиқ-чучугини татиб, бир муддат яшаганларидан сўнг Макка томондан кўнгилни тинчлантирувчи хабарлар кела бошлади. Жумладан, “Макка аҳлидан кўпчилиги Исломни қабул қилибди” деган гаплар ҳам бор эди. Бу хабарлар она юрт соғинчи ила нафас олаётган муҳожирларнинг синиқ қалбларига катта қувонч бахш этди. Баъзилар яна қайтишга отландилар. Уларнинг бошида ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бор эдилар. Улар Маккага қайтиб борганларида яна ўзлари истаган ҳолатни топа олмадилар. Маълум муддат ўтгандан кейин Мадинага ҳижрат қилишга изн бўлди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг оиласи яна биринчилар қатори ҳижратга отланди. Уларни ансорий мусулмонлар меҳр-муҳаббат билан кутиб олишди ва барча яхши шароитларни муҳайё қилиб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳижрат қилиб келганларидан сўнг Мадинада Ислом жамияти қурилиб, мусулмонлар у зотнинг раҳбарликларида Аллоҳ таолонинг ҳукмларини адо этиб яшай бошладилар. Эр-хотин жуда ҳам аҳил-иноқ яшар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан ҳар доим хабар олиб турар эдилар. Ибн Асокир Усома ибн Зайддан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени Усмоннинг уйига ичида гўшти бор лаган билан юбордилар. Кирсам, Руқайя розияллоҳу анҳо ўтирган эканлар. Мен бир Руқайянинг юзига, бир Усмоннинг юзига қарай бошладим. Қайтиб борганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мендан “Уларнинг олдиларига кирдингми?” деб сўрадилар. “Ҳа” дедим. “Улардан кўра гўзалроқ эр-хотинни кўрганмисан?” дедилар. “Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули” дедим”. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр урушига тайёргарлик кўраётган эдилар. Қизлари Руқайянинг касал бўлиб қолгани хабарини эшитдилар. Шунда куёвлари ҳазрат Усмонга Мадинада қолиб, хасталик тўшагига михланиб қолган Руқайянинг ҳолидан хабардор бўлиб, унга қараб туришни тайинладилар. Ҳазрат Усмон кейинчалик ўзларини Бадр урушида қатнашмаганлари учун маломат қилганларнинг таънасига зид ўлароқ, Пайғамбар алайҳиссаломнинг топшириқларини бажариш учун бу жангда қатнашмаган эдилар. Бадрда мусулмонларнинг мушриклар устидан қозонган зафарлари муждаси Мадинага етиб келган куни Руқайя вафот этди.

Ҳазрат Усмоннинг бу айрилиқдан қаттиқ алам чекканлари сийрат китобларида ёзиб қолдирилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам куёвларининг бундай қаттиқ алам чекаётганларини кўриб “Сизга нима бўлди, бунча ҳам қаттиқ қайғурмасангиз?” деганларида ҳазрат Усмон Пайғамбар алайҳиссаломга қараб “Бирор кишига менинг бошимга тушган каби мусибат ҳозиргача тушмаганки, Аллоҳ Расулининг никоҳимдаги қизлари вафот этган бўлса, ўртадаги куёвлик алоқаси узилган бўлса!” деб жавоб бердилар. У киши шундай деб турганида Пайғамбар алайҳиссалом “Жаброил келиб, менга Аллоҳ таолодан қизимнинг синглиси Умму Кулсумни сизга беришга фармон бўлганини буюряпти” дедилар.

Ибн Асокир Ойша розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда шундай дейилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Умму Кулсумни турмушга чиқарганларида Умму Айманга “Қизим Умму Кулсумни никоҳга тайёрла, уни Усмонникига тушириб олиб бор. Унинг олдида дуф чалиб бор”, дедилар. У айтилганларни бажарди. Уч кундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб, “Қизим, хожанг сенга маъқулми?” дедилар. “Яхши хожа”, деди у. “У бобонг Иброҳим ва отанг Муҳаммад алайҳиссаломга жуда ҳам ўхшашдир” дедилар у зот алайҳиссалом”. Шу тариқа олдинги маҳр эвазига Умму Кулсум розияллоҳу анҳо ҳазрат Усмонга тўй қилиб узатилди. Умму Кулсум Усмон розияллоҳу анҳу билан олти йил умргузаронлик қилишганидан сўнг вафот этди. Қизлари вафот этганини эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам “Агар яна бир қизим бўлса эди, уни, албатта, Усмонга хотинликка берардим” дедилар. Мана шу сабабли ҳазрат Усмон “Зиннурайн” (икки нур эгаси) деган ном олган эдилар. Зеро, у киши Аллоҳ Расулининг икки покдомон қизларига уйланган эдилар.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

468 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

463 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

600 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

575 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

678 22:05 26.01.2021
« Орқага