Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу (61-қисм)

462

ЖАНГЛАР ШУНҚОРИ

Саъд ибн Абу Ваққос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча ғазотларида қатнашди. Қатнашибгина қолмай, уларда мусулмон лашкарига хос бўлган ихлос, шижоат ва фидойилик намуналарини кўрсатди. Айниқса, унинг Ислом шавкати йўлидаги биринчи улуғ муҳораба бўлмиш Бадр жангидаги қаҳрамонлиги, Пайғамбар алайҳиссаломнинг махсус топшириқларини бажаришдаги шижоати ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг ўн еттинчи куни, жума кечаси хуфтон пайтида Бадрнинг қуйи томонига келиб тушдилар. У зот алайҳиссалом Али, Зубайр, Саъд ибн Абу Ваққос ва Басбас ибн Амр розияллоҳу анҳумни сув олиб келишга буюрдилар. Узоқдан кўриниб турган кичик тепаликни кўрсатиб, “Менимча, ана шу тепалик олдидаги қудуқдан сув топасизлар” дедилар. Улар қудуқ олдида Қурайшнинг сув ташийдиган туялари ва мешкобчиларига дуч келдилар. Уларнинг баъзилари мусулмонларни кўриб, қочиб қолишди. Бир мардикор қурайшийлар олдига бориб “Эй Бани Ғолиб, анави Абу Кабшанинг ўғли (Расулуллоҳни назарда тутмоқда) ва унинг саҳобалари мешкобчиларингизни тутиб олиб кетишди”, деди. Қурайш лашкаргоҳида шов-шув кўтарилди, улар ғазабдан ўзларини қўйгани жой тополмай қолишди.

Ёшлигидан камон отиш бобида катта тажрибага эга бўлган Саъднинг ўқ отиш маҳорати Бадрда жуда қўл келди. Саъд ибн Абу Ваққос Бадр куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида туриб, ўз камонидан душманга тинмай ўқ узар, ҳар ўқ отишидан олдин “Аллоҳим, уларнинг қадамларини қиргин, қалбларига қўрқув солгин, уларни ундай қилгин, бундай қилгин”, деб дуо қилар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса “Аллоҳим, Саъднинг дуосини қабул қилгин!” деб турар эдилар. Бадр уруши пайтида Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг мерганлиги катта фойда берди. Бу ҳақда унинг ўзи шундай ҳикоя қилади: “Бадр куни Суҳайл ибн Амрни мўлжалга олдим. Унинг сон томири узилди. Мен қон изидан қидириб бориб, уни ибн Духшамнинг олдидан топдим. У унинг пешона сочини қирқиб қўйган экан. Унинг ҳақида хусуматлашиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бордик. Шунда у зот уни биздан олиб қўйдилар”. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Бадр куни мушриклардан бир эмас, бирданига иккитасини асирга ҳам олганди. Бу ҳақда имом Абу Довуд ва Насоий қуйидаги ривоятни келтиришади: “Мен, Саъд ва Аммор қўлга оладиган ўлжаларимизда шерик бўлдик. Саъд иккита асир тутиб келтирди. Мен ҳам, Аммор ҳам бирор нарса келтира олмадик”. Бадр жангида Саъд ибн Абу Ваққос билан бирга укаси Умайр ҳам иштирок этган эди. Умайрнинг ёши кичик бўлиб, ҳали балоғат ёшига етмаган эди. Жангдан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон лашкарларни кўрикдан ўтказа бошладилар. Умайр Пайғамбар алайҳиссалом мени кўриб қолиб, қайтариб юбормасинлар деган фикрда беркиниб олди. Унинг ўйлагани бўлди: Расулуллоҳ алайҳиссалом уни кўриб қолиб, уйига қайтардилар. Шунда Умайр йиғлай бошлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўнгиллари юмшаб, уни жанг қилиш учун қолдирдилар. Ана ўша пайтда унинг олдига акаси Саъд ибн Абу Ваққос хурсанд ҳолда етиб келди ва кичкиналиги учун унинг қиличи боғичини укасининг бўйнига боғлаб қўйди. Ака-ука хурсанд бўлиб Аллоҳ таоло йўлида жангга кириб кетишди. Бадр жангидан Саъд ибн Абу Ваққоснинг ёлғиз ўзи қайтди.

Ғазотларнинг иккинчиси бўлмиш Уҳуд урушида эса Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу энг кўзга кўринган қаҳрамонлардан бири бўлди. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч кимга ота-оналарини жам(лаб фидо) қилмаганлар. Фақат Саъд ибн Моликка (Абу Ваққосга) қилганлар. У зот унга Уҳуд куни “От! Ота-онам сенга фидо бўлсин, от, эй паҳлавон йигит!” дедилар” (Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган). Ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Саъд ибн Абу Ваққос Уҳуд куни бир ўқ билан уч кишини ўлдирди. Бир отиб, биттасини ўлдирди. Улар ўқни унинг ўзига қайтариб отдилар. У ўша ўқни иккинчи марта отиб, яна бир кишини ўлдирди. Улар ўқни унинг ўзига яна қайтариб отдилар. У ўша ўқни учинчи марта отиб, яна бир кишини ўлдирди. Одамлар Саъд ибн Абу Ваққоснинг қилган ишидан ажабланишди. У бўлса “Буни менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тайёрлаб берган эдилар”, деди. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ота-оналарини жам(лаб фидо) қилдилар”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва фотларидан сўнг Ислом давлатининг раҳбарлигига аввал Абу Бакр Сиддиқ, сўнг Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо тайинланишди. Ҳар икки халифа даврларида Саъд ибн Абу Ваққос бошқарув ишларида бевосита иштирок этмаган бўлса-да, аммо у маслаҳат ва тавсиялари билан ҳар икковларига ҳам катта ёрдам берди. Ҳазрат Умар даврларига келиб турли жабҳаларда фатҳ ишлари кучайиб кетди. Бу борада Форс минтақаси энг муҳим жабҳалардан ҳисобланарди. Бу жабҳада мусулмонлар катта ютуқларга эришиб, форсларни бир неча бор турли жангларда енгишди. Аммо “кўприк жанги” деб аталган жангда улар форслардан мағлуб бўлишди. Бу, ўз навбатида, форсларни руҳлантириб юборди. Улар катта аскар тўплаб, мусулмонларга қарши ҳал қилувчи жангга тайёрлана бошлади. Мусулмонлар учун жанг қилишдан бошқа чора қолмаган эди. Мана шундай нозик бир вазиятда лашкарга жасур, ҳарбий тажрибага эга бўлган, шижоатли ва фидойи бир кишини саркарда этиб тайинлаш лозим эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тоғалари Саъд ибн Абу Ваққосни лашкарбоши этиб тайинладилар ва унга шундай насиҳат қилдилар:

“Онасининг боласи Саъд! “Расулуллоҳнинг тоғаси, Расулуллоҳнинг саҳобаси” дейилиши сени ғурурга кетказмасин. Аллоҳ ёмонликни асло ёмонлик билан ювмайди. У Зот ёмонликни яхшилик билан ювади. Аллоҳ билан бировнинг ўртасида У Зотнинг тоатидан ўзга насаб йўқ. Одамларнинг барчаси Аллоҳнинг динида тенгдирлар. Улар У Зотнинг бандаларидир ва У Зот ҳузурида офият билан фазл топишади. У Зотнинг ҳузуридаги нарсани У Зотнинг тоати билангина олишади. Назар солиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маъқул топган ишни ўзингга лозим тут”. Ҳазрат Умарнинг Саъд ибн Абу Ваққосга қилган бу ваъзлари жамият бошлиғининг янги тайин қилинган жамият мансабдорига ўзига хос ибратомуз бир насиҳати эди. Унинг мансаб туфайли ҳовлиқиб кетмаслиги учун айтилган гаплар эди. Сўнгра Умар ибн Хаттоб лашкарбоши Саъдни тўрт минг кишилик лашкар билан кузатиб қўйдилар. Халифанинг буйруғига кўра, Саъд ибн Абу Ваққос лашкарни ягона қўмондонлик остида қайтадан тузиб чиқди. Ўнбошилар, байроқдорлар, олд, орт, чап, ўнг ва бошқа тараф бошлиқларини тайинлади. Лашкарга қози ва котиб ҳам тайин қилинди. Лашкарнинг дуогўйи Салмон Форси й розияллоҳу анҳу эди. Қодисия деган жойда мусулмон лашкарининг форс лар билан қаттиқ жанги бўлиб ўтди.

Ўша кунлари лашкарбоши Саъд қаттиқ хаста эди. Ҳамма ёғига яра тошиб кетганидан ҳатто ўтиролмас ҳам эди. Аммо у бетоблигига қарамай, дунё тарихидаги ўта муҳим бу жангни зукколик ва катта жасорат билан бошқара бошлади. Саҳобалар у кишини бежиз “чангали кучли арслон” деб аташмаган эди. Саркарда лашкар ичида ваъз қилишга ва Анфол сурасини қироат қилишга буюрди. Мусулмонларнинг қалблари жўш уриб, кўзларига ёш тўлди. Мана шундай ҳаяжонли бир ҳолатда катта талафотлар берилган шиддатли жангга кириб кетишди. Кейин мусулмонларга Шомдан мадад етиб келди. Бир неча кунлик қаттиқ жанглардан сўнг форслар мағлуб бўлишди, уларнинг машҳур лашкарбошиси Рустам ўлдирилди. 15 ҳижрий йилнинг шаъбон ойида бўлган Қодисия жанги мусулмонларнинг музаффар лашкари қозонган тарихий ғалабаларнинг энг катталаридан эди. Ушбу жангда Форс империясининг асосий лашкари ва қўмондонлари ҳалок бўлди. Энди Исломни ёйиш учун кенг йўл очилди. Саъд бу хушхабарни халифа Умарга етказиш учун чопар юборди.

Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан сўнг Саъд ибн Абу Ваққос рошид халифалардан маслаҳат ва насиҳатларини аямаган бўлса-да, аммо ўзини давлат ишларидан тортди, шундан кейин фатҳ ва юришларда иштирок этмади.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) 
(11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) 
(21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) 
(31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) 
(41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм) (48-қисм) (49-қисм) (50-қисм) 
(51-қисм) (52-қисм) (53-қисм) (54-қисм)
 (55-қисм) (56-қисм) (57-қисм) (58-қисм) (59-қисм) (60-қисм) 
(61-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

459 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

459 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

595 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

571 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

676 22:05 26.01.2021
« Орқага