Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу (62-қисм)

529

ДУОСИ ИЖОБАТ ЭДИ...

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан бундай ривоят қилинади: “Саъд ибн Абу Ваққос Пайғамбаримиз алайҳиссаломга “Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин”, деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом “Эй Саъд, таомингни ҳа¬лол қил, дуоинг қабул бўлади. Муҳаммаднинг жони измида бўлган Зотга қасам, бир одам қорнига ҳаром луқма киритса, Аллоҳ унинг дуосини қирқ кунгача қабул қилмайди. Қайси банданинг тани ҳаромдан ва рибодан семир¬са, унга дўзах муносибдир”, дедилар. Сўнгра “Аллоҳим, Саъд қачон дуо қилса, уни қабул айла!” деб дуо қилдилар” (Термизий ривояти). Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоларини ижобатсиз қўймайди. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Саъд ибн Абу Ваққос ҳақидаги бу дуоларини ҳам қабул қилди. Саъд ибн Абу Ваққоснинг қиличи, найзаси ва ўқлари каби дуолари ҳам ўткир бўлди. У қачон дуо қилса, Аллоҳ таоло дуосини қабул қиладиган бўлди. Омир ибн Саъддан шундай ривоят қилинади: “Саъд бир куни Али, Талҳа ва Зубайрни сўкаётган бир одамни кўрди ва уни бу ишидан қайтарди. У қайтмади. Шунда у “Ундай бўлса, сени дуоибад қиламан!” деди. “Ўзингни худди Пайғамбардек тутиб, мени таҳдид қиласан-а!” деди ҳалиги киши. Саъд бориб, таҳорат қилди. Икки ракат намоз ўқиди ва “Аллоҳим! Агар мана шу одамнинг Сен томондан яхшилик ироданг кетган кишиларни сўкканини билган бўлсанг, уларни сўккани Сенинг ғазабингни қўзиган бўлса, уни бир белги ва ибрат қилгин!” деб дуо қилди. Кўп вақт ўтмай туриб ҳовлиларнинг биридан бир туя қочиб чиқди. Уни ҳеч нарса тўса олмади. У одамлар тўпини ёриб кирди. У бир нарсани қидираётганга ўхшар эди. Сўнгра ҳалиги одамни оёқлари остига олиб, депсилай бошлади. Уни ўлгунича тепкилади”. Маккага қайтиб келган пайтида Саъд ибн Абу Ваққоснинг кўзлари ожиз бўлиб қолган эди. Одамлар у кишининг олдига келишар, ҳамма ўзи учун дуо сўрарди. Буюк саҳобий эса ҳузурига холис ният билан келган бу инсонларни дуо қилар ва қилган дуолари, албатта, ижобат бўларди. Абдуллоҳ ибн Соиб айтади: “Ёш бола эдим. Саъд розияллоҳу анҳунинг олдига келиб, ўзимни таништирган эдим, мени таниб “Сен Макка аҳлининг қорисимисан?” деб сўради. “Ҳа”, дедим. У билан суҳбатлашиб ўтирдик. Мен у зотга “Амаки, одамларни дуо қиласиз, ўзингиз учун ҳам дуо қилсангиз бўлмайдими? Аллоҳ таоло кўзингизни қайтариб беради-ку”, дедим. Саъд розияллоҳу анҳу табассум қилиб, “Ўғлим, Аллоҳ таолонинг тақдири мен учун кўзимнинг кўришидан яхшироқ”, деб жавоб берди”.

Қайсдан ривоят қилинади: “Саъд розияллоҳу анҳунинг шундай деганини эшитганман: “Мен Аллоҳ йўлида биринчи бўлиб ўқ отган арабман. Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ғазот қилар эдик, дарахт баргларидан бошқа егулигимиз бўлмас эди. Ҳатто баъзиларимиз туя ёки қўйга ўхшаб қумалоқ ташлар эди. Кейин эса Бани Асад мусулмонлигим туфайли менга дашном беришга ўтди. Унда мен аниқ ноумид бўлибман-да, амалим беҳуда кетибди-да! Улар буни Умарга бориб чақишибди, “У намозни яхши ўқимайди”, дейишибди”.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтади: “Куфа аҳли халифа Умар ибн Хаттобга Саъд ибн Абу Ваққос устидан шикоят қилди. Халифа уни вазифасидан олиб, ўрнига Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳуни волийликка қўйди. Саъд розияллоҳу анҳу ҳақидаги шикоятда ҳатто “у намозини яхши ўқимайди”, деган маломатлар ҳам бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уни чақиртириб, “Эй Абу Исҳоқ (Саъд ибн Абу Ваққоснинг куняси), сени намозни яхши ўқимайди дейишибди” деди. Саъд розияллоҳу анҳу “Аллоҳга қасамки, мен доим уларга худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиганларидек намоз ўқиб берардим. Хуфтонни ўқиганда дастлабки икки ракатини узунроқ, кейинги иккисини енгилроқ қилиб ўқирдим” деди. Ҳазрат Умар “Демак, сендан шу масалада шубҳаланишяпти” деди-да, Куфа аҳолисидан Саъд ҳақида сўраш учун одамларини юборди. Улар бирорта масжидни қолдирмай, ҳаммасидан сўраб чиқишди. Ҳамма масжидларнинг қавми Саъд розияллоҳу анҳу ҳақида фақат яхши гап айтди. Фақат бир масжид аҳлидан Усома ибн Қатода деган киши “Мендан сўрасангиз, Саъд қўшинни фақат ўзи билан олиб юрар эди, қўшинни тақсимламас эди, ҳукм чиқаришда адолат қилмас эди!” деди. Саъд розияллоҳу анҳунинг ўзи шундай дейди: “Аллоҳга қасамки, уни уч нарсани сўраб дуо қилган эдим: “Аллоҳим, бу банданг риёкорлик ва одамлар эшитиши учун ёлғон гапирган бўлса, унинг умрини узоқ қилгин, фақирлигини доимий қилгин, фитналарга рўпара қилгин”. Шундан кейин ўша одам узоқ вақт яшаб, кўп фитналарга дучор бўлди. Ўзи ҳақида сўраганларга “Мен Саъд розияллоҳу анҳунинг баддуосига қолдим”, дер эди. Жобир ибн Самуранинг айтишича, “Ўша одам қариб, қошлари кўзига тушиб қолган эди. Йўлида жорияларга йўлиқса, уларга кўз қисиб ўтарди”.

ВАФОТИ

Ҳижратнинг 54-йили эди. Мадинаи мунаввара четидаги Ақиқ деган мавзеда Саъд ибн Абу Ваққос охират сафарига ҳозирланмоқда. У кишининг ўғли бундай ҳикоя қилади: “Отамнинг боши қучоғимда эди. У киши жон таслим қилмоқда эдилар. Мен йиғладим. У киши “Нега йиғлайсан, ўғлим? Аллоҳ мени сира азобламайди. Мен жаннат аҳлиданман”, дедилар. Сўнгра у киши сандиққа ишора қилдилар. Уни очишди. Ичидан эскириб кетган ридони олишди. Саъд ибн Абу Ваққос аҳлига ўзини ўша ридога кафанлашни буюрди ва “Бадр куни мушриклар билан жанг қилганимда шуни кийган эдим. Мана шу кун учун уни сақлаб қўйган эдим”, деди. У киши шундан кейин “Менга лаҳад қазинглар. Устимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қилинганга ўхшаб ғишт теринглар”, дедилар. Одамлар у кишининг тобутларини кўтариб шаҳар ичига олиб боришди. Саъд ибн Абу Ваққоснинг жанозасини халифа Марвон ибн Ҳакам ўқиди. Пок жасади Бақиъ қабристонига дафн этилди. Жаннат башорати берилган ўнликдан энг охири вафот этган Саъд ибн Абу Ваққос эди. Баъзи уламолар “Муҳожирлардан охири вафот этгани ҳам Саъд ибн Абу Ваққосдир”, дейишади. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин!

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) 
(11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) 
(21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) 
(31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) 
(41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм) (48-қисм) (49-қисм) (50-қисм) 
(51-қисм) (52-қисм) (53-қисм) (54-қисм)
 (55-қисм) (56-қисм) (57-қисм) (58-қисм) (59-қисм) (60-қисм) 
(61-қисм) (62-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

459 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

459 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

595 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

571 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

676 22:05 26.01.2021
« Орқага