Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

1466

ХАЛИФАЛАР ДАВРИДА

Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин Саъид ибн Зайд мансаб ва вазифалардан ўзини тортган бўлса-да, аммо умматнинг ишларида фаол қатнашиб турди. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ даврларида у шўро мажлисининг иштирокчиларидан бири бўлди. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ Усома розияллоҳу анҳунинг лашкарини юборишга қарор қилганларида, у кишини бу ишни ортга суриб туришга тарғиб қилган катта саҳобалар ичида Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Фатҳул Борий” китобида шундай келтирилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари хабари арабларга етиб, айримлари Исломдан муртад бўлишганида Абу Бакр Усомага “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени йўллаган томонга жўна”, деди. Шунда одамлар аввалги жойларига қароргоҳ қуришди. Бурайда байроқни олиб чиқиб, аввалги жойига тикди. Бу аввалги муҳожирларнинг катталарига оғир ботди. Абу Бакрнинг олдига Умар, Усмон, Саъд ибн Абу Ваққос ва Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳум кириб, шундай дейишди: “Эй Расулуллоҳнинг халифаси, араблар ҳар тарафдан бузилишди. Манави ёйилган лашкар билан сен бирор нарса қила олмайсан. Сен уларни ридда аҳллари учун тайёрлаб қўй. Булар билан уларнинг кекирдагидан оласан. Мадина аҳлининг ғорат бўлишдан омонлигини ҳам ўйлаш керак. Уларнинг бола-чақа, аҳли-аёллари бор. Ислом барқарор бўлгунча ва ридда аҳли ўзлари чиққан нарсага қайтгунича ёки уларни қилич битиргунча Рум жангини ортга суриб турсанг, ўшандан кейин Усомани юбораверар эдинг. Румнинг бизга ҳужум қилиб қолишидан ҳам омонда бўлар эдик”.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Румни фатҳ қилиш бўйича кенгаш ўтказдилар. Ўша кенгаш ҳақида ибн Асокир Зуҳрийдан, у киши Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилишади: “Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Рум жангини ирода қилганида Алини, Умарни, Усмонни, Абдураҳмон ибн Авфни, Саъд ибн Абу Ваққосни, Саъид ибн Зайдни, Абу Убайда ибн Жарроҳни, Бадр аҳлидан бўлганларни ҳамда бошқа муҳожир ва ансорларнинг катталарини чақирди. Улар Абу Бакрнинг олдига киришганида мен ҳам улар орасида бор эдим. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу деди: “Аллоҳ азза ва жалла неъматларининг, албатта, ҳисоби йўқ. Амаллар уларнинг шукрига етмайди. У Зотга ҳамд бўлсин. Дарҳақиқат, Аллоҳ калимангизни жам, ораларингизни ислоҳ қилди. Сизларни Исломга йўллади, сизлардан шайтонни қайтарди. Бугунги кунда араблар бир ота, бир онанинг фарзандлари. Ҳақиқатан, мусулмонларни Шомдаги Румнинг урушига сафарбар қилишни маъқул кўрдим. Бу Аллоҳнинг мусулмонларни қўллаши, У Ўз калимасини олий қилиши учундир. Шу билан бирга, бунда мусулмонларга улкан насиба бор. Чунки улардан ким ҳалок бўлса, шаҳид ҳолида ҳалок бўлади. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса аброрлар учун яхшидир. Ким яшаб қолса, динни мудофаа қилган ҳолида ва Аллоҳдан ўшаларнинг савобига ҳақдор бўлган ҳолида қолади. Бу менинг фикримдир. Энди менга маслаҳат беринглар”. Бир неча киши бу масала бўйича ўз фикрини айтгандан сўнг Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўрнидан туриб “Менимча, сен ушбу дин аҳлининг насиҳатчисисан ва уларнинг меҳрибонисан. Агар бирор фикр қилсанг, кўпчиликнинг фойдасини ўйлаб қиласан. Ўзинг азму қарор қилавер. Ҳеч ким сендан гумон қилмайди”, деди. Талҳа, Зубайр, Саъд, Абу Убайда, Саъид ибн Зайд ҳамда ўша мажлисда ҳозир бўлган муҳожир ва ансор розияллоҳу анҳум “Усмон тўғри айтди. Ўз фикрингни амалга оширавер. Биз сенга хилоф ҳам қилмаймиз, туҳмат ҳам қилмаймиз”, дейишди. Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу Форс ва Румни фатҳ қилишда барча имконларини ишга солиб, Аллоҳ таоло йўлида катта хизмат қилди. Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг мардлик ва қаҳрамонликлари ҳақида тарихчилар у кишидан Ярмук жанги ҳақидаги қуйидаги хотираларни келтиришади: “Ярмук куни биз йигирма тўрт минг атрофида эдик. Румликлар бир юз йигирма минг аскар билан майдонга чиқишди. Улар биз томонга оғир қадамлар билан, худди махфий қўллар ҳаракатга келтираётган тоғлар каби юриб кела бошлади.

Уларнинг олдиларида битриқлари (патриархлари), усқуфлари (епископлари) ва роҳиблари хочларини кўтариб олиб, дуоларини ўқиб келишар, аскарлари уларни такрорлар эди.

Уларнинг овозлари худди момақалдироқ товушидек гулдираб чиқарди. Мусулмонлар уларнинг бу ҳолатини кўрганларида адади кўплигидан чўчишди ва қалбларига бир оз хавф тушди. Ана шундай пайтда Абу Убайда ибн Жарроҳ мусулмонларни жангга тарғиб қила бошлади. У “Эй Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳга ёрдам беринглар! Аллоҳ сизга ёрдам беради ва қадамингизни собит қилади! Эй Аллоҳнинг бандалари, сабр қилинг лар, сабр, албатта, куфрдан нажот берувчидир, Раббни рози қилувчи, орни кетказувчидир! Найзаларни тўғриланг, қалқонларни тўсинг! Сизга амр қилингунча жим туриб, ичингизда Аллоҳнинг зикрини қилинг!” деди. Ана шу пайтда мусулмонлардан бир киши олдинга чиқиб, Абу Убайдага: “Мен ушбу соатда ўз ишимни битиришга қарор қилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб юборадиган гапинг йўқми?” деди. “Бор! У зотга мендан ва мусулмонлардан салом етказ ва “Эй Аллоҳнинг Расули, биз Раббимиз ваъда қилган нарсанинг албатта, ҳақ эканини кўрдик”, деб қўй”, деди. Унинг сўзини эшитганимда, кескир қиличини суғуриб, душман томон отилганини кўрганимда ўзимни ерга отдим, чўккалаб туриб найзамни тўғриладим ва биз томонга келган биринчи отлиққа санчдим. Сўнг душман томон сакрадим. Аллоҳ таоло қалбимдан қўрқинчни суғуриб олган эди. Аллоҳ таоло мўминларга нусрат бергунча жанг давом этди”. Мусулмонлар Дамашқни фатҳ этганларида Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳуни у ерга волий қилиб тайинлади. У киши мусулмонлардан биринчи бўлиб Дамашқ волийи бўлди.

ТУҲМАТЧИНИНГ ЖАЗОСИ

Бани Умайя замонида Ясриб аҳолиси Саъид ибн Зайд ҳақида узоқ вақт гапириб юрган бир воқеа содир бўлди. Маълумки, ибн Зайд розияллоҳу анҳу дуоси мақбул кишилардан эди. Арво бинти Увайс исмли бир аёл у кишига “Менинг еримдан олиб, ўз ерига қўшиб олди”, дея туҳмат қилди. Бу гапни одамлар орасида ҳамма ёққа тарқатиб юрди. Сўнг ра Мадина волийи Марвон ибн Ҳакамга софдил ва ҳалол саҳоба устидан шикоят қилди. Марвон унинг олдига бу ҳақда гаплашиш учун одамларини юборди. Бу Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳуга оғир ботди ва “Мен унга зулм қилган эмишманми? Мен унга қандай зулм қилай? Ахир мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ким бир қарич ерга зулм қилса, қи¬ёмат куни етти қават ердан бўйнига тавқ (кишан) солинади”, деганларини эшитганман! Эй Аллоҳим, агар ўша аёл мени ўзига зулм қилди деяётган бўлса ва гапида ёлғончи бўлса, унинг кўзини кўр қилгин ва мен билан талашаётган қудуғига туширгин! Менинг унга зулм қилмаганим ҳақида мусулмонлар орасида нур тарқатгин!” деди.

Орадан кўп вақт ўтар-ўтмай Мадинадаги сел оқадиган водийга сел келди. Ўшанда саҳоба ва туҳматчи аёлдан ким ҳақ экани аниқ бўлди. Мусулмонлар Саъиднинг ҳақ эканига, аёлнинг туҳмат қилганига гувоҳ бўлишди. Бир ойдан сўнг ўша даъволашган аёл кўр бўлиб қолди. Кейинроқ эса унинг ерида юриб кетаётиб ўша қудуққа тушиб кетди. Абдуллоҳ ибн Умар шундай дейди: “Биз одамларнинг бир-бирларини “Аллоҳ Арвони кўр қилганидек сени ҳам кўр қилсин!” деб қарғаётганларини эшитиб қолардик. Бунинг ажабланарли жойи йўқ эди, чунки Расулуллоҳ алайҳиссалом “Мазлумнинг дуосидан қўрқинглар, албатта, у билан Аллоҳ ўртасида тўсиқ йўқ”, деган эдилар.

Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳижрий 50 йили Мадинаи Мунавварага яқин Ақиқ деган жойда вафот этдилар. Ўшанда у кишининг ёшлари етмишдан ўтган эди. Марҳумни Абдуллоҳ ибн Умар ва Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳумо ювиб-кафанлашди. Жанозани Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ўқидилар. Қабрга Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу қўйдилар. Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин!

(тамом)

Аҳмад Муҳаммад

Таҳририятдан: Ҳурматли сайтимиз мухлислари! 

Мана қарийб 4 ой мобайнида маърифатпарвар ёзувчи Аҳмад Муҳаммад тасниф этган китобдан – мунаввар зотлар ҳақидаги ҳаётий ҳикоялардан баҳраманд бўлдингиз. Тириклигидаёқ жаннатийлиги башорат этилган саҳобалардан Аллоҳ рози бўлсин, улар ҳақ дин қойим бўлиши учун молу жонлари ила фидокорлик кўрсатдилар. Ашараи мубашшара деб айтиладиган бу саҳобалар ҳақида она тилимизда муфассал баён қилинган китобни оила даврасида ўқиш янада фойдалидир.

“Ашараи мубашшара” китобини уйингизда ўтириб ҳам сотиб олишингиз мумкин. Бунинг учун “Азон китоблари” дўкони телефонига ёки телеграм каналига боғлансангиз кифоя. Нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё бўйлаб етказиб бериш хизмати мавжуд.

Буюртма бериш учун:  @Azonadmin

☎️ +998 95 143 55 50

 Дўконимиз манзили: Геолокация

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Тепағон оқсоқол»га чора кўрилди

440 21:09 28.11.2022

Пермь университетида отишма уюштирган шахс бир умрга қамалиши мумкин

200 20:12 28.11.2022

Шаҳбоз Шариф: «Покистон ва Туркия ресурсларни бирлаштириши керак»

297 19:40 28.11.2022

Исроил журналисти: Қатарнинг қатъияти барчани ҳайратга солди

1279 18:35 28.11.2022

Boeing Пентагонга Украина учун арзон кичик ўлчамли бомбалар ишлаб чиқаришни таклиф қилди

248 18:05 28.11.2022

Эрон АҚШ устидан ФИФАга шикоят қилди

795 17:35 28.11.2022
« Орқага