Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу (51-қисм)

1639

“САХИЙ ТАЛҲА”

Кунлар ўтиб борар, воқеалар бирин-кетин алмашар, вақт ўтгани сайин Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳам улғайиб, Аллоҳ ва Унинг Расули йўлидаги ишлари ҳам кенгайиб борар эди. Унинг Исломга ва барча мусулмонларга садоқати чексиз эди. Пайғамбаримиз уни “Яхшиликни аямайдиган, сахий ва олийҳиммат Талҳа”, деб атардилар. Бу таърифларида эса жон бор эди. Маълумки, Талҳа жуда бадавлат ва омади чопган савдогарлардан эди. Бир куни Хазрамавтдаги тижоратидан етти юз минг дирҳам фойда кўрди.

Шундан кейин у тунни қўрқув ва қаттиқ қайғуда ўтказди. Шу аҳволда олдига хотини Умму Кулсум бинти Абу Бакр кириб қолди:

– Сизга нима бўлди, эй Абу Муҳаммад, бирортамиз сизни хафа қилиб қўйдикми?

– Йўқ, – жавоб берди Талҳа, – мусулмонларнинг хотинлари ичида энг яхшиси сенсан… Ўзимга ўзим “Уйида шунча бойликка эга бўлиб хотиржам ухлаган одам Парвардигори ҳузурига борганида нима дея оларкин?” деган саволни бериб, туни билан тўлғониб чиқдим.

– Бу сизни нега бунча безовта қилади, – сўради хотини, – фақир ва мискин қабиладошларингизни ўйланг-да, эрталаб пулларни уларга тақсимлаб беринг…

– Аллоҳ сенга раҳм қилсин, қанчалар топқир ва мунис хотинсан, ахир Сиддиқнинг қизисан- да! – хитоб қилди эри. Талҳа эрта тонгдаёқ ҳамма пулларни ҳамёнларга солиб чиқди, кейин уларни Маккадан кўчиб келганлар ва ансорларнинг камбағалларига тарқатгани жўнади.

* * *

Ривоят қилишларича, бир куни Талҳанинг олдига бир одам келиб, қариндошлигини эслатди ва ундан моддий ёрдам сўради. Шунда Талҳа:

– Ҳозиргача ҳеч ким қариндошлигимизни менга айтмаганди. Каттагина ерим бор, Усмон ибн Аффон уни уч юз мингга оламан, деган эди… Агар хоҳласанг, ерни ол ёки уни уч юз мингга сотай-да, пулини сенга берай…

Бояги одам хурсанд бўлиб кетди ва:

– Яхшиси, пулни ола қолай, – деди.

Талҳа ерни сотиб, пулини унга келтириб берди. Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу тоғ тарафдан бир қудуқни сотиб олди ва одамларга унинг сувини тортиқ қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Эй Талҳа, сен файёзсан (тошқин дарёсан)!” дедилар”. Ҳақиқатан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Талҳа ибн Убайдуллоҳни бежиз тошқин дарёга қиёсламаган эдилар. У киши топган нарсаларини мусулмонлар фойдаси учун хайру эҳсон қилишга ошиқар эди. Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло йўлидаги хизматдан, мусулмонлар жамияти учун ишлашдан ортиб қолган вақтларида тижорат билан машғул бўлар эди. У киши энг бой шахслардан ҳисобланар, айни пайтда энг кўп хайр-эҳсон қиладиган кишилардан эди. Бу хислатларини тақдирлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига “Толаҳатул хайр” (“Хайр¬эҳсон Талҳа¬си”) ва “Толаҳатул жувд” (“Саховат Талҳаси”) деган номларни берган эдилар.

Ҳасандан келтирилган ривоятда айтилишича, “Талҳа ўзига тегишли ерни етти юз мингга сотди. Ўша кечаси ухлай олмай чиқди. Мазкур молдан қўрққан эди. Тонг отиши билан пулни бўлиб бериб юборди”. Жобир ибн Абдуллоҳ унинг сахийликлари ҳақида “Талҳа ибн Убайдуллоҳдан сўралмаса ҳам кўплаб молни бериб юборадиган бошқа одамни кўрмадим”, деган. Талҳа қариндошларининг харажатларини ҳам кўтарар, улар ичида никоҳланмагани бўлса, никоҳлаб қўяр, камбағали бўлса, хизматини қилар, қарздорлари бўлса, қарзини узар эди. Соиб ибн Зайд розияллоҳу анҳу айтади: “Талҳа ибн Убайдуллоҳга сафарда ҳам, муқимликда ҳам ҳамроҳ бўлдим. У кишига ўхшаш дирҳамда, кийимда ва таомда сахий одамни асло кўрмадим”.

Пайғамбаримиз таъриф берганларидай “сахий ва олийҳиммат” Талҳа шу тариқа яна бир бор ўз лақабига муносиб иш қилган эди, Аллоҳ ундан рози бўлсин ва қабрини нурга тўлдирсин!

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) (41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм) (48-қисм) (49-қисм) (50-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

3287 07:00 21.01.2022

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

1817 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

1776 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

3379 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

1718 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

1523 22:10 28.01.2021
« Орқага