Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу (52-қисм)

640

УҲУД ҚАҲРАМОНИ

Талҳа Исломга кирган пайтлари мушриклардан кўп зулм кўрган эди. У Бадр жангидан бошқа ҳамма ғазотларда ва “Байъатур Ризвон”да Расули акрам билан бирга бўлди. Бадр ғазотида эса Расули акрам Талҳани Қурайш карвони ҳақида маълумот келтириш учун Шомга юборган эдилар. Шу сабабдан у киши Бадр жангида қатнашмаган, бироқ ўлжалардан унга улуш ажратиб қўйилган. Уҳуд жангида Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ёнларидан жилмаган. Ҳатто душман тарафидан Пайғамбаримизга сермалган бир қилични қўллари билан қайтариб, қаттиқ жароҳат олган эди. У “Ер юзида юрган тирик шаҳид” лақабини айнан шу жангда олган эди...

Уҳуд куни мусулмон жангчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ташлаб, чекинишаётган бир пайтда у зотнинг олдиларида ансорлардан ўн бир киши, муҳожирлардан эса Талҳа ибн Убайдуллоҳдан бошқа ҳеч ким қолмади. Талҳа ибн Убайдуллоҳ бундай таҳликали дамларда нима қилиб бўлмасин, Аллоҳнинг Расулини душман ҳамласидан ҳимоя қилиш пайида бўлди. Шиддатли жанг кетаётган пайтда у бир тўда мушрикларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳужум қилаётганини кўриб қолди. У ҳамма нарсани унутиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилиш учун учиб борди. Ҳар қадамда мушрикларнинг ўнлаб, балки юзлаб ҳамлага тайёр қиличлари, найзалари ва камон ўқларига чап бериб, ўзи жонидан ҳам ортиқ кўрган Пайғамбарини ҳимоя қилиш, у зотга жон фидо қилиш учун етиб борди.

Мушриклар Пайғамбар алайҳиссаломга худди уяси бузилган арилардек ташланган эдилар. Талҳа ибн Убайдуллоҳ у зотни уларнинг тинимсиз ҳужумларидан ҳимоя қилар, ўнг қўли билан қиличбозлик қилса, чап қўли ва елкаси билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қулайроқ жойга ўтиб олишларига ёрдам берар эди. Ана шундай қаттиқ жанг пайтида душман қиличларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томон ўтиб кетаётганини кўриб, чап қўли билан ҳалиги қилични ушлаб қолди. Душман қиличи Талҳанинг кўрсаткич бармоғини кесиб кетди. Талҳа ибн Убайдуллоҳнинг ана шундай фидокорлиги Пайғамбар алайҳиссаломнинг душман ҳужумидан сақланиб қолишларига сабаб бўлди. Унинг ўзини фидо қилиб бўлса ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саломат қолишлари учун қилган ҳаракатлари беҳуда кетмади. Ўша куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларнинг қутурган ҳужумларидан бутунлай қутулиб, хавфсиз жойга чиқиб олишларига ҳам Талҳа ибн Убайдуллоҳ сабаб бўлди.

Уҳуд уруши иштирокчиларидан ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ бундай ҳикоя қиладилар: “Уҳуд уруши куни Расулуллоҳ одамлардан ажраб, ёлғиз қолганларида мен биринчилардан бўлиб у киши томон юрдим. Қарасам, бир одам у кишининг олдиларида ҳимоя қилганча урушяпти: “Талҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин! Талҳа бўлса эди. Отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин!” деб бориб турсам, орқамдан Абу Убайда худди қушдек учиб келиб қолди. Биргалашиб етиб борсак, Расулуллоҳнинг олдиларида Талҳа йиқилиб ётган экан. Расули акрам алайҳиссалом “Биродарингизга қаранг, у (жаннатга) ҳақлидир”, дедилар. Биз Талҳанинг жароҳатларига қарай бошладик. Унга етмишдан ортиқ ўқ, қилич, найза теккан ва бармоғи кесилиб кетган экан”.

(давоми бор) 

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) (41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм) (48-қисм) (49-қисм) (50-қисм) (51-қисм) (52-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

459 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

459 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

595 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

571 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

676 22:05 26.01.2021
« Орқага