Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу (54-қисм)

676

Набий алайҳиссаломнинг ҳаворийлари

(Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу) Абу Абдуллоҳ Зубайр ибн Аввом ибн Хувайлид Асадий Қурайший розияллоҳу анҳу жаннат башорати берилган машҳур саҳобийлардан. Ўн икки ёшида мусулмон бўлган, ҳазрат Абу Бакр Сиддиқнинг даъвати билан Исломга кирган беш маккаликнинг тўртинчиси, “Собиқуни Ислом”нинг еттинчиси эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сулолаларига бешинчи отада (Қусаййда) бирлашади. Ҳазрат Хадича каби Бани Асад уруғидан, Пайғамбаримизга холавачча, Хадича акасининг ўғли эди. Ҳазрат Ойшанинг синглиси Асмога уйланиб, Расули акрамга божа бўлган. Зубайр Аввал Ҳабашистонга, кейин Мадинага ҳижрат қилган. Исломда биринчи бўлиб қилич суғурган, Расулуллоҳнинг барча ғазотларида қатнашган, ҳатто Ярмук, Жабал ғазотлари, Миср фатҳи иштирокчиси. Яраланавериб кўкраги ўйдим-чуқур бўлиб кетган эди. “Асҳоби шўро” деган олтиликка кирган. Савдогарлик орқали ниҳоятда бойиб кетган эди, аммо хайр-эҳсонни кўп қилган, тўрт миллион дирҳамлик мол-мулкларининг катта қисмини Ислом йўлида ишлатишни васият этган, вафот этганида каттагина қарзи бўлган. Расули акрамдан 38 та ҳадис ривоят қилган. Ҳижрий 34 (милодий 656) йили ухлаб ётганида ибн Журмуз деган киши томонидан ўлдирилган.

ТАВАЛЛУД ВА УЛҒАЙИШ

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу милодий 594 (айрим манбаларда 597) йили ҳазрат Хадича бинти Хувайлид мансуб бўлган Бани Асад хонадонларидан бирида дунёга келди. Унинг отаси Аввом ибн Хувайлиднинг ҳам, онаси Сафия бинти Абдулмутталибнинг ҳам насаби Пайғамбар алайҳиссалом сулолалари билан бирлашади. Ўзи эса Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қизлари Асмо билан турмуш қуриб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга божа бўлди. Саодатманд бу эр-хотиндан туғилган Абдуллоҳ ҳижратдан сўнг Мадинада туғилган биринчи бола бўлди.

Зубайр отадан эрта етим қолди. Онаси фарзандининг улғайганда жасур, чидамли, мард ва шижоатли инсон бўлишини орзу қилгани учун уни иложи борича жисмонан чиниқтириб, кучли қилиб улғайтирди. Она ўғлини ҳатто қаттиқ калтаклашгача ҳам борарди. Одамлар “Ахир уни ўлдириб қўясан-ку, жигарини эзиб юбординг, бунақада болани ҳалок қиласан”, дейишса, “Мен буни пишсин, катта бўлганда лашкарларни ортидан эргаштирсин, деб ураман”, дер эди. Зубайр кунларнинг бирида кўчада бир киши билан тортишиб қолади ва иккови муштлашиб кетишади. Оқибатда бояги киши Зубайрдан мағлуб бўлади, қўли ҳам синади. Уни олиб кетишаётганида онаси Сафия нима бўлганини сўрайди. Шунда ўғли Зубайр ўша кишини уриб, қўлини синдирганини айтишади. Буни эшитган она “Бунга ажабланмаса ҳам бўлади, ўғил тоғасига тортади-да”, дейди. Унинг тоғаси “Аллоҳнинг йўлбарси” лақабини олган шаҳидлар саййиди Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу эди.

Тарихчиларнинг ёзишича, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу баланд бўйли, улов минса оёқлари ерга тегай деб турадиган, соқоллари сийрак, ёноқлари кичкина, қотма жуссали ва ўта чидамли одам эдилар. У кишининг табиатида жанговар сифатларидан ташқари, вафодорлик, бир сўзлилик, карамлилик, сахийлик каби инсоний сифатлар намоён эди.

Зубайр Исломга биринчилар қатори, илк мусулмонлар Арқамнинг ҳовлисида тўпланишгандаёқ кирдилар. Бундан хабар топган амакилари ўз жиянларининг янги динга кирганидан ғазабланиб, уни қаттиқ жазолашга қарор қилди. У жиянини бўйрага ўраб, дарахтга осиб қўйди ва атрофига олов ёқиб, тутунини унга пуфлай бошлади. Амакиси унга “Бу ишингдан қайт!” деб буюрар, у “Зинҳор динимга куфр келтирмайман!” дерди.

Шу тариқа у бутун умрини Аллоҳнинг динига, Унинг Пайғамбарига хизмат қилишга бағишлади. “Расулуллоҳнинг ҳаворийи” (яқин сафдоши) унвони билан шарафланди. Тоғаси Ҳамза ибн Абдулмутталибга ўхшаб жасоратли, ҳақиқат учун толмас курашчи, Исломга молию жонини нисор қила оладиган олийҳиммат инсон бўлиб етишди.

Ҳабашистонга ҳижрат қилинганида Зубайр ҳам уларга қўшилиб жўнайдилар. Имом Заҳабий “Ислом тарихи” китобида Зубайрнинг Ҳабашистонга ҳижрат чоғида кўрсатган қаҳрамонлиги ҳақида қуйидагиларни ривоят қилади: “Ҳабаш аҳлидан бир қавм Нажошийнинг ерларини талашиб қолди. Нажоший унга қарши юриш эълон қилди. Ораларида Нил дарёси бор эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари “Ким ҳозир бориб, урушдаги ҳолатнинг хабарини бизга келтиради?” дейишди. Шунда Зубайр ибн Аввом ўртага чиқиб “Мен бориб, сизларга ишончли хабарни келтираман!” деди ва ёш бўлишига қарамай, бу хавфли вазифани зиммасига олди. Унга бир мешкобни шишириб беришди. Зубайр ибн Аввом унга тирмашган кўйи дарёнинг уруш бўлаётган нариги тарафига сузиб кетди. У қаршидаги қирғоққа ўтиб, уруш бўлаётган жойга борди. Аллоҳ азза ва жалла Нажошийга душмани устидан зафар берди. Зубайр ибн Аввом ўз биродарлари ҳузурига кийимини силкитганча “Суюнчи беринглар! Нажоший ғолиб бўлди! Аллоҳ унинг душманини ҳалок қилди!” дея югуриб келди. Мусулмонлар бу ғалабадан шод бўлиб, диллари қувончга тўлди. Улар Зубайр ибн Аввомнинг шижоатига тан беришди”. “Маккада мусулмонларга бўлган муносабат яхшиланибди” деган ёлғон хабар тарқалганида бунга ишониб, ҳижратдан қайтиб келади. Билсаки, аҳвол ўзгармабди, шунда яна Ҳабашистонга жўнайдилар. Кейинчалик Расулуллоҳ алайҳиссалом бошлиқ мусулмонлар Ясрибга (Мадинага) ҳижрат қилишганида Зубайр ибн Аввом уларга қўшилиб, Мадинага кўчадилар ва шу тариқа учта ҳижрат эгасига айланадилар.

Ибн Шиҳоб айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир гуруҳ мусулмон отлиқлар билан келаётган Зубайрга йўлиқдилар. Улар Шомдан келаётган тожирлар эди. Шунда Зубайр Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва Абу Бакр Сиддиққа оқ кўйлак кийдирди”. Бу воқеа Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу учун катта бахт эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳамсафарлари Абу Бакр Сиддиқ билан мушрикларнинг таъқибидан қочиб, йўлнинг оғир машаққатларидан чарчаб-ҳориб, бировлардан изн сўраб қўйларини соғиб ичиб келаётган бир пайтда икковларига оқ кийим кийдириб, хурсанд қилиш энг улуғ саодат эди. Бир оздан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу худди ана шу Зубайр кийдирган оқ кийимларида Мадинаи мунавварага кириб боришди.

Зубайр ибн Аввом Мадинага ҳижрат қилиб келганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг ҳолидан ҳамиша хабардор бўлиб турдилар. У зот алайҳиссалом қайнсингиллари Асмо розияллоҳу анҳонинг ҳомиладор эканидан хабардорликлари учун унинг кўзи ёришини орзиқиб кутгандилар. Сабаби, ҳижратдан кейин маълум муддатгача муҳожирлар оиласида фарзанд туғилмаган, яҳудийлар “Биз уларни сеҳрлаб қўйдик, улар энди фарзанд кўришмайди” деган гап тарқатишган эди. Шунинг учун ҳам Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг оиласида фарзанд туғилганининг хабари тарқалганда мусулмонлар Мадинаи мунаввара осмонини “Аллоҳу акбар!” деб такбирга тўлдириб юборишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам янги туғилган чақалоққа ўзлари Абдуллоҳ деб исм қўйиб, муборак тупукларида ҳўлланган хурмо билан гўдакнинг танглайини кўтардилар.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) (41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм) (48-қисм) (49-қисм) (50-қисм) (51-қисм) (52-қисм) (53-қисм) (54-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (охирги қисм)

459 21:00 03.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (71-қисм)

459 20:30 02.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу (70-қисм)

461 21:00 01.02.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (69-қисм)

595 20:05 29.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (68-қисм)

571 22:10 28.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу (67-қисм)

676 22:05 26.01.2021
« Орқага