Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу (55-қисм)

442

ҒАЗОТЛАРДАГИ ЖАСОРАТИ

Ёшлигидан жанговарлик, дин душманларига нафрат руҳида тарбия топган Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Пайғамбаримизнинг барча ғазотларида фаол қатнашганлар. Бадр жангида душманга биринчи бўлиб қилич билан ҳамла қилган Зубайр эди. Ҳазрат Умар даврларида Ярмук сафарида бўлиб, икки жойидан яраланди. У шунингдек, Мисрни фатҳ этишда ҳам қатнашган. Саъид ибн Мусайяб розияллоҳу анҳу айтади: “Аллоҳ йўлида биринчи қилич яланғочлаган киши Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудир. Бир куни у чошгоҳ пайтида ухлаётган эди. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қатл қилинибдилар” деган гапни эшитиб қолди. Шунда у қилич яланғочлаб, шиддат билан чиқиб келди. Унга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуч келиб қолдилар ва “Сенга нима бўлди, эй Зубайр?!” дедилар. “Сизнинг қатл қилинганингизни эшитдим”, деди. “Нима қилмоқчи эдинг?” дедилар. “Аллоҳга қасамки, Макка аҳлидан дуч келганини қиличдан ўтказмоқчи эдим!” деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳақига хайрли дуо қилдилар”.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг Ислом тарихида энг муҳим аҳамиятга эга бўлган ва унинг иштирокчиларига Аллоҳ таоло томонидан бошқа марҳаматлар қатори жаннат ваъда қилинган Бадр жангида ҳам алоҳида хизматлари бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрий 2 йилда, Рамазоннинг ўн еттинчи куни хуфтон пайтида Бадрнинг қуйи томонига келиб тушдилар. Мусулмонлар ҳали душман билан тўқнаш келмаган бўлишса-да, вазият ниҳоятда таҳликали эди. Эртасига мусулмонлар билан мушриклар ўртасида ҳаёт-мамот жанги бошланди. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу учқур отларини миниб, сариқ салла ўраган ҳолда жангга отилдилар. У Қурайш бошлиқларини кўзлаб от сурар эди. Тарихчиларнинг ёзишича, ўша Бадр куни Зубайр ибн Аввом Қурайш бошлиқларидан Убайда ибн Саъид ибн Ос ва Навфал ибн Хувайлид ибн Асадларни ҳалок этдилар. Зубайр ибн Аввомнинг ўзлари эса икки жойидан қаттиқ яралангандилар.

Бадр жанги куни ибн Аввомни икромлаш учун мусулмонларга ёрдамга келган фаришталар у кишига ўхшатиб сариқ салла ўраб тушган эди. Бу ҳақда ибн Саъднинг “Табақоти Кубро” китобида шундай ривоят қилинади: “Бадр куни Зубайрнинг ўраб олган салласи сариқ рангда эди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Фаришталар Зубайрнинг сиймосида тушдилар”, дедилар”. Мусулмонлар учун ниҳоятда оғир кечган Уҳуд урушида Зубайр ибн Аввом мислсиз жасорат ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатдилар. Мушрик лар катта куч билан бостириб келиб, Уҳуд тоғига яқин жойга тушган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан маслаҳат қилиб, Уҳудга чиқишга, ўша ерда душман билан жанг қилишга келишишди. Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом иккита совутда чиқдилар. Лашкарнинг бир қанотига Зубайр ибн Аввомни, иккинчи қанотига Мунзир ибн Амрни бошлиқ қилдилар.

Шу тариқа Зубайр Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан тайин қилинган биринчи қўмондонлардан бўлиб, олий бахтга эришди. Жанг чоғи мусулмонлар учун ғоят ноқулай вазият вужудга келди. Уларни бу ноқулайликдан чиқариш учун ғоят мард, шижоатли ва баҳодир бир жангчи керак эди. Зубайр ибн Аввом ана шундай киши бўлиб чиқдилар. Бу ҳақда ибн Исҳоқ шундай ривоят қилади:

“Уҳуд куни мушриклар байроқдори Талҳа ибн Абу Талҳа яккама-якка олишувга чақирди. Одамлар унга қарши чиқа олмай туриб қолишди. Шунда у билан жангга Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу чиқди. У бир сакраб душманнинг туясига минди-да, уни тортиб ерга йиқитди. Ўзи ҳам унга қўшилиб йиқилди. Сўнг душманни устидан отиб ташлади-да, қиличи билан қиймалаб ташлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни олқишладилар ва “Ҳар бир набийнинг ҳаворийи (яқин, ишончли ёрдамчиси) бор. Менинг ҳаворийим Зубайрдир. Одамларнинг яккама-якка олишувга чиқмай туриб қолганларини кўрдим. Агар у чиқмаганида, албатта, ўзим чиқар эдим” дедилар”.

Сўнгра мусулмонлар ва мушриклар ўртасида қақшатқич жанг бошланди. Зубайр ибн Аввом душ манга қарши мислсиз жасорат билан жанг қилар, оз сонли гуруҳ таркибида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни сабот билан ҳимоя этар эди. Уҳуд урушида мусулмонлар тамоман енгилишларига оз қолди. Одамлар ғоятда чарчаган, ўлганлар ва ярадорлар кўп эди. Энг ёмони, мушриклар қайтадан ҳужум бошлаб қолишлари мумкин эди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларга мусулмонларнинг ҳали нималарга қодирликларини кўрсатиб қўйишга қарор қилдилар. У зот душман ортидан қувиб бориш учун кўнгиллиларни танлаб олдилар. Улар сафида Зубайр ибн Аввом ҳам биринчилардан бўлиб йўлга отландилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан етмиш кишилик гуруҳга бошлиқ қилиб юборилган Абу Бакр Сиддиқ ва Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳумо ўз лашкарларини усталик билан бошлаб бориб, душман кўнглига ғулғула солишди. Шунда Қурайш мушриклари “Буларнинг кўриниши жуда хавфли, ортларидан келадиган асосий кучлари яна ҳам даҳшатли бўлиши мумкин”, деган хаёлда Мадинага қайта ҳужум қилиш фикридан қайтишди. Шундай қилиб, Уҳуд жангида Аллоҳ таолонинг йўлида бошқа саҳобалар билан бирга жанг қилган Зубайр ибн Аввом ҳам олий мақом-мартабаларга эришди.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) (21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) (31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) (41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм) (48-қисм) (49-қисм) (50-қисм) (51-қисм) (52-қисм) (53-қисм) (54-қисм) (55-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу (58-қисм)

321 20:00 15.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу (57-қисм)

357 21:00 14.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу (56-қисм)

404 19:30 13.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу (54-қисм)

503 22:15 11.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу (53-қисм)

443 16:20 10.01.2021
« Орқага