Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу (56-қисм)

405

Уҳуд урушидан кўп ўтмай, Ислом душманлари бирлашиб, мусулмонларга қарши уруш эълон қилишди ва катта қўшин билан Мадинаи Мунавварага бостириб келишди. Ўшанда барча душман фирқалари мусулмонларга қарши бирлашгани учун тарихда “Аҳзоб уруши”, “Хандақ уруши” деган номларни олган муҳораба бошланиб кетди. Ўша куни Навфал ибн Абдуллоҳ ибн Муғийра Махзумий чиқиб, яккама-якка олишувга чақирди. Унга қарши Зубайр ибн Аввом чиқди ва уни қилич билан бир уриб, иккига бўлиб ташлади. Ҳатто қиличи ҳам парчаланиб кетди. Хандақ урушида Зубайр ибн Аввомнинг жасорати фақат шу олишув билангина чекланиб қолмади. Саҳиҳ ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зубайр ибн Аввомга ҳам оталарини, ҳам оналарини фидо қилганлар. Бу бежиз эмас эди. Ўша пайтда ибн Аввом мусулмон оламини катта хавф-хатардан сақлаб қолган ишни уддалаган эди. Бу воқеанинг тафсилотлари қуйидагича: Хандақ урушида Аллоҳнинг душмани яҳудий Ҳайй ибн Ахтоб ҳаракатга тушиб қолди. У Мадинада мусулмонлар билан бирга яшаётган яҳудийларни ишга солиб, ичкаридан зарба беришни режалади. Шу ниятда Ҳайй ибн Ахтоб Бани Қурайза қабиласи бошлиғи Каъб ибн Асад Қаразий билан учрашди.

Каъб ибн Асад ўз қабиласи номидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сулҳ-ҳамкорлик аҳдномасини тузиб яшаётган эди. Каъб шунинг учун Ҳайй ибн Ахтобга “Сен шумқадам одамсан, мен Муҳаммад билан аҳдлашганман, у билан орамиздаги аҳдномани бузмоқчи эмасман, чунки унинг доимо аҳдига вафо қилганини кўрдим”, деди. “Шўринг қурсин, Каъб! Мен сенга бир умрли обрў ва катта имкониятлар уммонини келтирдим. Қурайшни бошлиқларию улуғлари билан олиб келдим. Мен уларни Румаҳдаги селхонага туширдим. Ғатафонни ҳам оқсоқоллари билан қўшиб олиб келиб, Уҳуд томонга туширдим. Улар менга Муҳаммадни таг-томири билан йўқотмагунларича қайтмасликка аҳд-паймон беришди”, деди Ҳайй. “Аллоҳга қасамки, менга умр бўйи хорлик келтирдинг, суви тўкилиб бўлган булут келтирдинг. Мен Муҳаммаддан фақат вафо ва садоқат кўрдим, холос”, деди Каъб унга. Ҳайй бўлса Каъбнинг бошини айлантириб, турли гаплар билан қизиқтириб, охири айтганига кўндирди. Каъб ибн Асад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам билан тузган аҳдномани бузди ва Бани Қурайза ҳам душман тоифаларга қўшилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу хабар етиб борганида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуни юбориб, бунинг ростлигини аниқлаб олдилар. Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу олиб келган ана шу хабар асосида тузилган режа мусулмонларни катта ёмонликлардан сақлаб қолди. Ўша пайтда нафақат ўлимдан қўрқмайдиган баҳодир, балки унга чап бериб, мусулмонларнинг олий бош ҳарбий раҳбари бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга аниқ хабарни келтирадиган одам керак эди. Ана шундай шижоатли инсон Зубайр ибн Аввом бўлди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Аввомга ота ва оналарини жамлаб, “Сенга отам ва онам фидо бўлсин”, деган эдилар. Хандақ уруши энг қизиб турган таҳликали бир пайтда Бани Қурайза яҳудийларининг Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тузган аҳдларини бузиб, душман томонга ўтиб олишлари мушрикларнинг ҳужумидан ҳам хавфли бўлди. Бу машъум хабарни эшитишлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча кишилар қатори Зубайр розияллоҳу анҳуни яҳудийлар томон юбордилар. Унга Бани Қурайзанинг аҳдномани бузиб, хиёнат қилгани ҳақидаги гапларни аниқлаб келишни топширдилар. Улар Бани Қурайза олдига борганларида ҳолат кутилгандан ҳам ёмон эканига гувоҳ бўлишди. Яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаънларига “Расулуллоҳ ким бўлибди? Биз билан Муҳаммад ўртасида аҳд ҳам йўқ, паймон ҳам йўқ”, деган бўҳтон гапларни айтишарди. Вазият ниҳоятда жиддийлашган, хавф-хатар янада кучайган эди. Бунинг устига шундай нозик пайтда мунофиқлар ҳам бош кўтариб қолишди.

Аммо Аллоҳ таоло Пайғамбарини ва мўмин бандаларини қўллаб-қувватлаб, уларга зафарни ёр этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар эса Мадинага ғолиб бўлиб қайтишди. Одамлар қуролларини қўйиб, ҳордиқ чиқара бошлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам жангдаги чанг-кирлардан покланиш учун ғусл қилаётганларида ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб “Аллоҳ таоло Бани Қурайза томон юришингни буюрди”, деди.

Бани Қурайза қабиласи Мадинадан анча четроқда яшар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошлиқ мусулмонлар уларнинг масканларига боришганида яҳудийлар қўрғонлари ичига кириб, беркиниб олишди. Қамал бошланди.

Мусулмонлар учун уларнинг мудофаасини бузиб ўтиш жуда ҳам қийин бўлди. Қамал чўзилиб кетганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зубайр ибн Аввом билан ҳазрат Алини чақириб, нима қилиб бўлса-да душман қалъасини очишни топширдилар. У зот икковларига “Ёки Ҳамза татиган нарсани татийсизлар ёки уларнинг қўрғонини фатҳ қиласизлар”, дедилар. Икковлари жанг қила бориб, қўрғон ичига ўзларини отишди ва инсон ақлини лол қиладиган даражада қаҳрамонлик ва жасурлик кўрсатиб, қалъа ҳимоячилари билан жанг қилишди. Улар қаттиқ жанг қила бориб, қўрғон эшикларини очишди. Аллоҳнинг лашкарлари “Аллоҳу акбар!” такбирлари остида душман устига ҳужум бошладилар ва, ниҳоят, Аллоҳ Ўз лашкарларига нусрат берди.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан у зотнинг барча жангларида имон ва ихлос билан иштирок этдилар. У киши Ҳудайбия сулҳида ҳам қатнашиб, Ризвон байъати иштирокчилари қаторига қўшилишга мушарраф бўлдилар. Хайбар, Ҳунайн жангларида ҳам мислсиз фидокорлик кўрсатдилар. У Макка фатҳининг фаол иштирокчисидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккани фатҳ қилиб, шаҳарга музаффарона кириб борганларида у зот лашкарлари чап қанотининг қўмондони Зубайр ибн Аввом эди.

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) 
(11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) 
(21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) 
(31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) 
(41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм) (48-қисм) (49-қисм) (50-қисм) 
(51-қисм) (52-қисм) (53-қисм) (54-қисм)
 (55-қисм) (56-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаннатий ўн саҳоба: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу (58-қисм)

324 20:00 15.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу (57-қисм)

358 21:00 14.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу (55-қисм)

443 21:35 12.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу (54-қисм)

503 22:15 11.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу (53-қисм)

443 16:20 10.01.2021
« Орқага