Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жаннатий ўн саҳоба: Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу (57-қисм)

440

РОШИД ХАЛИФАЛАР ДАВРИДА

Зубайр ибн Аввом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейинги рошид (тўғри йўлдаги) халифалар даврида ҳам Аллоҳ таоло йўлидаги ҳаракатларини шараф билан давом эттирдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида у киши муртадларга қарши олиб борилган урушларда фаол қатнашдилар. Кейин эса музаффар фотиҳлар сафида Шомга юриш қилдилар. У киши Ярмукдаги тарихий жангнинг бош қаҳрамонларидан бири бўлдилар. Ярмук Шомдаги бир қишлоқ бўлиб, ўша ерда ҳазрат Бакр Сиддиқ халифаликлари охирида румликлар билан мусулмонлар орасида дунё тарихидаги энг катта жанглардан бири бўлиб ўтган. Рум аскарига Моҳон Арманий бошчилик қилган бўлса, Ислом лашкари қўмондони

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу эди. Ярмукда икки қўшин ўртасида беш марта катта тўқнашув бўлган. Ўшанда румликлардан бир юз беш минги қатл қилинган, Қирқ минги асир олинган, мусулмонлардан тўрт минг киши шаҳид бўлган. Аллоҳ таоло Ислом лашкарига нусрат бериб, кофирларни мағлуб этган. Зубайр ибн Аввом ана шу тарихий жангнинг қаҳрамонларидан эдилар. У киши мусулмонларга ўрнак бўлиб, душман устига ҳамлани бошлаб берганлар, Ярмук жангида елкаларидан иккита жароҳат ҳам олганлар. Душманлар Зубайр ибн Аввом билан юзма-юз келишдан қўрқиб, орқа томонидан хоинларча зарба беришган.

Ҳазрат Умарнинг халифаликлари пайтида Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу мусулмонлар мажлисининг етакчи аъзоларидан бири бўлганлар. Бу даврда Мисрни фатҳ этишда у Амр ибн Осдан кейинги иккинчи одам ҳисобланган. Кейинчалик Зубайр ибн Аввом Мадинаи Мунавварага қайтиб, ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуга бошқа ишларда ёрдам бердилар. Хусусан, у очлик йилида катта фидокорлик кўрсатган эдилар. Ҳазрат Умарга суиқасд қилинганидан кейин у кишининг ўринларига халифа бўлиши керак бўлган олти кишилик номзодлар ичида Зубайр ибн Аввомнинг ҳам борлиги ўша пайтда унинг мусулмон жамиятидаги катта мартабасига далолат қилади. Ҳа, ўша пайтларда Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Ислом жамиятининг энг кўзга кўринган арбобларидан бирига айланган эдилар. Ҳатто ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳуга бирор гап бўлиб қолса, ўринларига Зубайр ибн Аввомни халифа этиб сайлаш ҳақида маслаҳатлар ҳам бўлганди. Ҳазрат Усмон ва мусулмонлар орасида ибн Аввомнинг обрўси шунчалар улуғ эдики, ҳатто ҳазрат Усмон “Жоним измида бўлган Зотга қасамки, билишимча, Зубайр саҳобалар ичида энг яхшиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг севимлиси эди”, деб унга катта баҳо берган эдилар.

ФИТНА ҚУРБОНИ

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ҳазрат Алининг даврларига келиб ўзи истамаган ҳолда фитначиларга аралашиб қолди. Халифа сифатида ҳазрат Алига байъат қилинганидан кейин у ҳам фитначилардан ўлдирилган халифа Усмон розияллоҳу анҳунинг қасосларини зудлик билан олишни талаб қилганларнинг бири бўлди. Ҳазрат Алининг қасос олиш учун қулай вақтни топиш кераклиги ҳақидаги гаплари ҳам у кишини тинчита олмади. Умр бўйи ҳар қандай душманни енгиб ўрганган ибн Аввом бир гуруҳ фитначилардан Ислом жамияти бошлиғи ҳимоя қила олинмаганидан қаттиқ афсус ва аламда эдилар. У киши фитначиларни тезроқ йўқ қилиб, вазиятни тинчитиш тарафдори эдилар.

Шунинг учун ҳам у халифадан изн олиб, Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу билан бирга умрага борганида ўша ерда бу масалани кўтариб чиқаётганларга қўшилиб қолди. Чунки ибн Аввом бу иш тезроқ тинчитилмаса, гап-сўз кўпайиб, мусулмонлар ичида катта ихтилофлар пайдо бўлиши, улар бирдамлигига путур етишини тушуниб турардилар. Одамлар орасини ислоҳ қилиш мақсадида ҳажга келган вақтида Маккада турган Ойша онамизни ва халифанинг ўчини олиш тарафдорларини олиб, Басрага қараб юрдилар. Бу хабарни эшитган ҳазрат Али ҳам Шомга кетаётган жойларида йўлни Басра томон бурдилар. Аммо илоҳий муқаддарот бошқа нарсани рўбарў қилди: фитначилар тарихда Жамал воқеаси номини олган улкан фитнани бошлашди. Ислом уммати иккига бўлиниб қолди: бир томонда янги тайинланган халифа ҳазрат Али ва у кишига эргашганлар, иккинчи томонда эса ҳазрат Усмоннинг қотилларидан тезроқ қасос олиш тарафдорлари бўлган Зубайр ибн Аввом, Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва ҳазрат Ойша онамиз бўлиб қолишди. Ҳамманинг фикри ва режасида мусулмонлар орасини ислоҳ қилишдан бошқа нарса йўқ эди. Аммо фитначиларнинг найранги ва ҳийласи туфайли мусулмонлар қони ноҳақ тўкилган маънисиз бир уруш келиб чиқди.

Ҳазрат Али атрофларида шиддат билан ўйнаётган қиличлар, санчилаётган найзалар ўрмони ичида, отилаётган камон ўқлари ёмғири остида сафлар орасида юрарканлар, тинмай “Менга Талҳани чақиринглар! Менга Зубайрни чақиринглар!” деб жар солар эдилар. Бу ҳайқириқлар нариги тарафга бош бўлган Талҳа ва Зубайрга етиб бориб, улар ҳазрат Алига рўпара бўлишди. Шунда дард-аламга тўлиб-тошган ҳазрат Али “Эй Зубайр, эслайсанми, бир куни Расулуллоҳ томонларига қараб келаётганимни кўриб, кулган эдинг?

Шунда Расулуллоҳ сендан “Уни яхши кўрасанми, эй Зубайр?” деб сўрадилар. Сен “Ҳа”, дединг. У зот сенга “Аммо сен унга қарши золим ҳолингда жанг қилурсан”, дедилар”. Шунда Зубайр ҳазрат Алининг гапларига жавобан “Тўғри! Сен менга эсимдан чиққан нарсани эслатдинг!” деди-да, қўлидаги қилични ерга ташлади. Сафларни ёриб, жанг майдонидан чиқиб кетди. У киши билан бир вақтда Талҳа ҳам жанг майдонини тарк этди.

Зубайр ибн Аввом жанг майдонини ташлаб чиқиб, Йиртқичлар водийси деган водийда Раббига илтижо қилиб, намоз ўқиётган пайтида Амр ибн Журмуз исмли бадбахт бир кимса томонидан ўлдирилди. Жангдан сўнг ҳазрат Али ўз одамлари билан қароргоҳларида ўтирганларида бир киши келиб “Зубайрни ўлдирган Амр ибн Журмуз киришга изн сўрамоқда” деди. Ҳазрат Али изн бердилар. Қотил қилмиши учун халифадан мукофот олиш умидида шахдам қадамлар билан мағрур кириб келди. Аммо унинг кўзи ҳазрат Алига тушиши билан шашти пасайиб қолди. “Қўлингдаги Зубайрнинг қиличими?” дедилар ҳазрат Али. “Ҳа, уни ўлдирганимдан кейин олдим” деди қотил титраб-қақшаб.

Ҳазрат Али қилични ўнг қўллари билан олдилар. Сўнг икки қўллари билан ушлаб оғизларига олиб келиб, ҳам меҳр, ҳам маҳзунлик билан ўпдилар. У кишининг кўзларидан дув-дув ёш тўкилиб, ёноқларини юварди. Ва, ниҳоят, “Бу қиличнинг эгаси у билан Расулуллоҳдан ғамни кетказган эди!” дедилар. Бир оздан сўнг ҳазрат Али қаҳр-ғазаб тўла кўзларини қотилга тикканча “Аммо сен, эй ибн Сафиянинг қотили, дўзахнинг башоратини олавер!” дедилар...

Аллоҳ йўлидаги барча жангларда мардларча жанг қилган, Пайғамбар алайҳиссалом “ҳаворийим” деб шарафлаган улуғ саҳобий Зубайр ибн Аввомнинг бу дунёдаги ҳаёт йўли ана шундай фожиали тугади. Жасур жангчи, тақво ва зуҳд бобида кўпчиликка намуна бўлган, бутун ҳаётининг мазмунини Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбарига хизмат қилишда деб билган улуғ инсон ана шундай шарафли умр кўрди. Зубайр ибн Аввомнинг бойлиги етарли бўлса-да, зуҳд йўлини танлагани учун кўпроқ фақирона ҳаёт кечирган. Бошда у кишининг хотини Асмо эрининг камбағаллигидан қийналиб, рўзғор ишларидан бўшаган заҳоти чорва ҳайвонларини боқиш, саҳродан ўтин териб келиш каби ишлар билан ҳам машғул бўларди. Зубайр кейинроқ тижорат билан шуғулланиб, яхшигина пул топадиган бўлган. Аммо ўта сахийлигидан мол-мулк тўпламас, қўлига тушган пул миқдорининг катта-кичиклигидан қатъи назар, йўлдаёқ муҳтожларга эҳсон қилиб юборар эди. Бутун умри давомида зоҳидларча ҳаёт кечирган Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу шу тариқа дунёдаги ҳаётини каттагина қарз билан якунлади.

Шунинг учун вафоти олдидан катта ўғлини олдига чорлаб, ана шу қарзини узишни алоҳида таъкидлади. Ўғли Абдуллоҳ ибн Зубайр шундай ҳикоя қилади: “Жамал куни отам мени олдига чақирди. Унинг ёнига бориб турдим. Шунда у “Ўғлим, бугун ўлдириладиган ёки золим, ё мазлум бўлади. Бугун мен мазлум ҳолда қатл этиладиганга ўхшайман. Менинг энг катта ғамим қарзимдир. Сенингча, қарзимиздан молимиз ошиб қолармикан? Эй ўғлим, мол-мулкимизни сотиб, қарзимни уз!” деди. У учдан бирни васият қилди. Учдан бирини унинг болаларига васият қилиб, “қарзни узгандан кейин бирор нарса ортиб қолса, сенинг болаларингга”, деди”. Абдуллоҳнинг баъзи фарзандлари Зубайрнинг болалари Ҳубайб ва Уббодга тенглашиб қолган эди. Унинг ўша кунларда тўққиз ўғил, тўққиз қизи бор эди. Абдуллоҳ айтади: “У менга қарзи ҳақида васият қила туриб “Ўғлим, қарзимни узишда қийналиб қолсанг, мавлойимдан ёрдам сўра”, деди. Аллоҳга қасамки, унинг нима деяётганини англай олмай: “Эй отажон, мавлойингиз ким?” дедим. У “Аллоҳ!” деди. Аллоҳга қасамки, ҳар гал унинг қарзини узишда қийналиб қолсам, “Эй Зубайрнинг Мавлоси, унинг қарзини Ўзинг уз” десам, қарз ўзидан-ўзи узилар эди. Зубайр қатл қилинди, аммо динор ҳам, дирҳам ҳам қолдирмади”.

Аллоҳ таоло саховатли ва тақволи бандаси, жаннат башорати берилган улуғ саҳобий Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!

(давоми бор)

(1 қисм) (2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10-қисм) 
(11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм) (19-қисм) (20-қисм) 
(21-қисм) (22-қисм) (23-қисм) (24-қисм) (25-қисм) (26-қисм) (27-қисм) (28-қисм) (29-қисм) (30-қисм) 
(31-қисм) (32-қисм) (33-қисм) (34-қисм) (35-қисм) (36-қисм) (37-қисм) (38-қисм) (39-қисм) (40-қисм) 
(41-қисм) (42-қисм) (43-қисм) (44-қисм) (45-қисм) (46-қисм) (47-қисм) (48-қисм) (49-қисм) (50-қисм) 
(51-қисм) (52-қисм) (53-қисм) (54-қисм)
 (55-қисм) (56-қисм) (57-қисм)

Аҳмад Муҳаммад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бухоро вилоятига ҳоким сайланди

132 12:40 22.01.2021

Жума маърузасини онлайн кузатиш мумкин...

182 12:00 22.01.2021

Твиттер уйғурлар туфайли Хитой элчихонасининг саҳифасини блоклади

367 11:00 22.01.2021

Бағдоддаги теракт учун ИШИД айбланди

137 10:30 22.01.2021

Мьянма роҳинжаларнинг қайтишига рози бўлди

222 10:00 22.01.2021

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

840 09:31 22.01.2021
« Орқага