Таҳлил

Жануби-Шарқий Осиё осмонини токсик туманлар тарк этмаяпти

446

Индонезияда деярли бутун сентябрь ойи бўйлаб давом этган ёнғинлар туфайли ҳаводаги токсик туман чегарадош давлатлар – Малайзия ва Сингапурга ҳам тарқаб кетди.

Бу мамлакатларда мактаблар ёпилди, №95 ниқоблари жорий этилди, шифокорлар нафас олиш ва кўриш билан боғлиқ шикоятлар кўпайгани ҳақида хабар бермоқда. Афсуски, бу каби ҳолат биринчи марта содир бўлаётгани йўқ, ҳатто иккинчи ёки учинчи марта ҳам эмас. Токсик туманлар масаласи 1997 йилдан буён Жануби-Шарқий Осиё учун жиддий таҳдидлигича қолмоқда.

Албатта, минтака ҳукуматлари у ёки бу даражадаги ечимлар устида ишлашмоқда. Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари атроф-муҳит вазирлари ушбу масала юзасидан душанба куни Камбоджадаги Сием-Реапда бошланган уч кунлик саммитга йиғилди ва инсон соғлиғи учун хатарли ҳисобланувчи токсик туманлар масаласи муҳокама марказига олинди.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, трансчегаравий  токсик туманнинг пайдо бўлиши Индонезия ва Малайзияда қоғоз саноати ва палма ёғини ишлаб чиқаришнинг ривожланиши билан бир вақтда кечганини кўрамиз. Мулкдорлар тропик ўрмонларни тозалашнинг энг тез ва арзон усули сифатида ёнғинлардан фойдалана бошлади.

Саноатнинг бу тармоғи йиллар давомида кенгайиб, палма ёғи пардоз воситаларидан тортиб музқаймоқларгача бўлган  маҳсулотларнинг таркибий қисмига айлана борди. Малайзия ва Индонезия бу борада ўз империясини яратди.

“Туман тобора қуюқлашиб ва чуқурлашиб борарди. Ўрмонларни тозалашнинг энг арзон усули охир-оқибат табиатга бемисл зиён етказди”, – деб ёзади «Жанубий Осиёда токсик туманлар муоммоси: палма ёғи ва патронаж» асари муаллифи, тадқиқотчи Ҳелена Варкки.

1997 йилда эса вазият янаям кескинлашди: бу сафарги туман сабаб Малайзия ҳукумати Борнео Саравак штатида фавқулодда ҳолат эълон қилишга мажбур бўлди. Сингапурда ҳаво ранги сариқ тусга кирди. Вазият ҳатто Филиппин ва Таиландга ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Айни пайтда Индонезиядаги баъзи ҳудудларда ҳаво ифлосланиши индекси 1000 даражадан ошди, бу эса хавфли ҳисобланган даражадан уч баравар кўп демакдир.

Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари уюшмаси (АСEАН) тақдим этган маълумотларга кўра, бу вақтда 40 мингдан ортиқ киши касалхонага ётқизилган, иқтисодиётга ва атроф муҳитга етказилган зарар 9 миллиард доллар деб баҳолаган.

1997 йилда содир бўлган фавқулодда вазият минтақа ҳукуматлари учун уйғониш чақириғи бўлди ва улар ёнғинларни бартараф этиш чораларини излай бошлади. 2002 йилда Жанубий Осиё мамлакатлари АСЕАН миқёсида  атроф муҳит муаммоларига бағишланган келишувни қабул қилди, 2010 йилда бу келишув сўнгги – ўнинчи аъзо томонидан ҳам ратификация қилинди.

Кейинроқ токсик туман тарқалишининг олдини олиш учун махсус жамғарма ҳам ташкил этилди. Ҳукуматлар мавжуд қонунчиликка муайян ўзгартиришлар киритиб, ёнғинларга чек қўйишни қонун йўли билан тартибга сола бошлади. Мисол учун, 1999 йилдан буён Индонезияда тропик ўрмонларни ёнғин ёрдамида тозалаш жиноят ҳисобланади. 2004 йилда Сингапурда токсик туманларни келтириб чиқаргани учун компанияларни жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида қонун қабул қилинган.

Сингапурда айбдор томонни топиш учун сунъий йўлдош тасвирларидан фойдаланилади. Агар сунъий йўлдошдан олинган суратлар компания ёнғини ва Сингапур томон эсаётган шамол йўналишида мутаносибликни намойиш этса, тегишли компанияга нисбатан тафтиш бошланади. Ҳозирда Сингапурда токсик туманларга алоқадорликда айбланаётган Индонезиянинг 4 компанияси иши кўриб чиқилмоқда.

Сингапур кўраётган чоралар самара бериши учун Индонезия ҳукумати ҳам бу борада ўз ёрдамини аямаслиги керак. Аммо суд талабига қарамасдан Индонезия сунъий йўлдош тасвирларини тақдим этишдан бош тортган.

Малайзия эса сунъий йўлдош олган тасвирлар давлат сири эканини таъкидламоқда.

Яқинда ёнғинлар учун жавобгар бўлган 16 та маҳаллий ва халқаро компаниялар аниқланди. Баъзи плантациялар фаолияти тўхтатиб қўйилди.

Жорий ҳафтада АСEАН давлатлари атроф муҳит вазирлари учрашуви бўлиб ўтаётганига қарамай, табиатни ҳимоя қилиш борасидаги минтақавий ҳамкорликка оид муаммолар ҳамон бартараф этилганича йўқ. Мисол учун, Индонезия атроф муҳит вазири Сити Нурбая Банкар 2015 йилдан буён йиғилишларда иштирок этмаяпти.

Об-ҳаводаги сўнгги ўзгаришлар ва ёмғирлар мавсуми токсик туманлар муаммосини бироз енгиллатди. Бу ҳукуматлар устидаги босимни бироз камайтирган бўлса-да, на уларни, на тегишли компанияларни масъулиятдан озод этмайди.

Зеро, агар мавжуд муаммони бартараф этиш учун минтақавий даражадаги зарурий чора-тадбирлар кўрилмаса, бундай бепарволикнинг оқибатлари сайёрамиз учун ҳалокатли бўлиши муқаррар.

Манба: Ал-Жазира

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Камбоджа мусулмонлари: тямлар

802 14:30 05.03.2019

ОАВ: Жануби-Шарқий Осиёда шубҳали биткоин ўтказмалари кузатилган

356 20:40 27.12.2017
« Орқага