Жанубий қутбда олтинчи қитъанинг кашф этилиши

20:05 02.08.2019 883
Рис харитаси XX аср олимларини ўйлантириб қўяди. Америка ва Европа олимлари Рис хариталари аниқ эмас, хатолари кўп, деб ўйлашарди. Кейинроқ сунъий йўлдошдан олинган расмларни кўриб, ҳайратдан қотиб қолишди. Қарангки, Муҳиддин Рис хариталари, орадан йиллар ўтиб, сунъий йўлдош харитасига тўлиқ мувофиқ экани аниқланади.

Шундан сўнг Америка фазо олимлари хариталарни бирма-бир синчиклаб ўргана бошлади. Натижада олимлар иккинчи бор ҳайратга тушишди. Муҳиддин Рис харитасида жанубий қутбда олтинчи қитъа – Антарктика кашф этилишидан икки аср олдин чизилган экан! Харитада қитъа тоғлар, водийларини тавсифлаган, ваҳоланки, бу водийлар 1952 йилда “кашф” қилинган эди (Эрих фон Дэникен. “Арабатил аалиҳа”).

Ёзувчи Эрих фон Дэникен “Арабатил алиҳа” (китоб фазо кемалари ҳақида бўлиб, шунинг учун “Илоҳлар аравалари” деб номланган, бу номга эътирозимиз бўлса-да, китобдан иқтибос келтираверамиз, зеро, ҳикмат – мўминнинг йўқотган нарсаси, қаерда бўлса ҳам уни олади) номли китобида ёзади: “Муҳиддин Рис хариталари Америка университети доктори, география фан номзодига тақдим қилинди. Олим харитани диққат билан текшириб кўриб, бирор камчилик топа олмади. Сўнг Америка флоти мутахассисларига мурожаат қилди, натижа даҳшатли бўлиб чиқди, Рис хариталари худди фазодан расмга олингандек аниқ эди!”

1957 йилда Америка географлари ва денгиз флоти мутахассислари Рис хариталари устида янги тадқиқот ўтказди. Маълум бўлдики, олтинчи қитъа Антарктика суратлари жуда аниқ, ишонарли қилиб берилган. Ҳатто ҳозир ҳам харитада номаълум бўлган минтақалар бор! Қитъадаги тоғлар 1952 йилгача аниқланмаган. Чунки тоғлар доим қалин қорлар билан қопланган бўлиб, акс-садо ускуналари орқали тоғлар кашф қилинган.

Америка фазогирлари олтинчи қитъани суратга олишди, беш минг мил масофани ўз ичига олган сурат Рис харитасига мутлақ ўхшарди. (Эрих фон Дэникен. “Арабатил аалиҳа”)

Мусулмонлар Ер шарини кашф қилиш учун тинимсиз изланишлар олиб боришди! Қанча сарф-харажат, меҳнат, матонат сарфланди! Бу саъй-ҳаракатлар қанчалар самара берди! Кимлардир уларнинг кашфиётини ўзиники қилиб олиб оламга жар солди!

Шубҳасиз, мусулмонлар бунчалик жидду жаҳд қилишларининг асосий омили Аллоҳнинг Ердаги “ўринбосари” эканини теран ҳис қилишганидадир. Дарҳақиқат, бу ишларда мусулмонларнинг дастури Аллоҳнинг Китоби эди. Аллоҳ шундай дейди: “(Эй, Муҳаммад,) айтинг: “Ерда сайр қилиб (Аллоҳ) қандай қилиб яратишни бошлаганини кўринглар. Сўнгра Аллоҳ (қиёматда) иккинчи (марта) пайдо қилур. Албатта, Аллоҳ барча нарсага қодирдир!” (Анкабут сураси, 20-оят).

"Ислом ва олам" китоби 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!