Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Жароҳатга масҳ тортиш ҳукми

572

Шариат ҳукмлари инсонларнинг тоқатига қараб жорий бўлиши ҳаммамизга маълум ва машҳурдир. Ҳақли равишда динимиз енгиллик динидир дея оламиз. Чунки бунинг амалий ифодасини деярли барча ҳукмларда учратамиз. Бу мавзуда шариатдаги жабира устидан масҳ тортиш қоидасини ҳам мисол қилишимиз мумкин. Жабира деб жароҳат устидан боғланган латтани айтилади. Ҳозирги кунимиздаги гипслар ҳам мана шу жабиранинг ҳукмидадир. Демак гоҳида қўл, оёқ каби тана аъзоларимизга жароҳат етади. Ёки жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Оқибатда эса у ерга сув текизиш, ювишнинг иложи бўлмай қолади. 

Мана шу пайтда бизга шариатдаги жабира устидан масҳ тортиш қоидаси асқотади. Аввало мазкур ҳукмнинг шариатга киритилиш асосини келтириб ўтсак:

1.  Аллоҳ таоло ояти каримада хабар беради:

“Аллоҳ таоло бирор бир нафсни тоқатидан ортиқ ишга буюрмайди” (Бақара, 286)  

2.  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“Сизларга буюрилмаган ишларда мени тинч (савол сўраманглар) қўйинглар. Сиздан аввалгилар (кераксиз) саволлари ва пайғамбарларига хилоф қилиш билангина ҳалок бўлдилар. Сизларни бирор ишдан қайтарсам ундан буткул узоқ бўлинглар. Бирор амални бажаришни буюрсам уни қодир бўлганларингизча бажаринглар” (Бухорий).

Жабира устидан масҳ тортишлик шаръан жоиз эканига салаф ва ҳала барча уламоларимиз иттифоқ қилганлар. Қуйида унинг фиқҳий тафсилотини кўриб чиқамиз.

Демак жабира масаласи зарурий ҳолатда, бирор аъзомизни ювиш имкони бўлмай қолган пайтда қўлланилади. Яъни мазкур аъзомиздаги ювиш имконсиз бўлган қисмини айнан ўзинигина бинт, гипс ёки бошқа бирор нарса билан қоплаб мустаҳкамлаб оламиз. Мана шуни шариат тилида жабира дейилади.  Шундан келиб чиқиб яра ёки бошқа сабаблар билан таҳоратда ювиладиган аъзомизда жабира бўлса, у ерни ювиш, очиш билан соғлигимизга зарар етса, бошқа аъзоларимизни ювамиз. Аммо мазкур жойни эса қўл бармоқларимизни ҳўллаган ҳолда устидан масҳ тортамиз. Масҳ тортишда боғланган бинт ёки қопланган гипсни иложи борича тўлиқ сийпалаш афзал бўлади. Яъни усти ва теги (ўраманинг ичи, ораси эмас) қисмларини ҳам қўшиб масҳ тортиш мақсадга мувофиқдир. 

Масҳ тортишда қўлнинг намлик даражаси ҳам ушбу жой ва жароҳатга зарар етказадиган даражада бўлмаслиги керак. Чунки аслида масҳдан мурод сувдан етадиган зарарни даф қилиш учиндир. Шунингдек, масҳни оёқдаги маҳсига тортгани каби бир марта тортилади. Чунки азоларни уч марта ювиш бу сув билан ювилган пайтда суннат эди. Бу ерда эса зарурат ҳолатидан масҳ тортилмоқда. Шунинг учун уч бора тортиш суннат ҳисобланмайди. Гоҳида жабира устидан уч бора масҳ тортиш ҳам зарар келтириши мумкин. Демак бу масалада ҳам ҳудди бошга масҳ тортилгани каби бир бора масҳ тортилади.

Бундан ташқари жароҳатга масҳ тортишда тўлиқ таҳорат олиб кейин масҳ тортиш шарт қилинмайди. Оёқ махсиси эса тўлиқ таҳоратли ҳолда кийилади. Чунки жароҳат устидан масҳ тортиш азоларга зарар етишни олдини олиш учундир. Энди шариат бу жараёнда ҳам тўлиқ таҳорат олсин деса, жароҳат етган аъзо сув тегишлиги билан баттар зарарланади ва бу ҳукмдан маъно қолмайди. Оёқга маҳси кийишда эса мазкур узрли ҳолат мавжуд эмас. Борди-ю жароҳатга сув тегса ҳам зарар қилмайдиган бўлса унда у ер боғланмайди. Жабира ҳукмини олмайди.  

(давоми бор)

Тоҳир Воҳид,

Тошкент шаҳридаги “Умар ибн Хаттоб жомеъ масжиди” имоми ноиби

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жароҳатга масҳ тортиш ҳукми

419 16:30 23.01.2021

Бишкек: норозиликлар оқибатида жароҳатланганлар кўпаймоқда

851 12:35 06.10.2020
« Орқага