Жасад лойга, руҳ эса Аллоҳга мансуб

00:00 12.11.2018 769

Аллоҳ таоло "Ҳижр" сурасида шундай марҳамат қилади:

Ушбу оятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинади:

«Албатта, мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан башар яратувчидирман. Бас, қачонки уни бекаму кўст қилиб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг» (28-29-оятлар).

Аллоҳ таоло инсоннинг асли бўлмиш Одам Атони яратишдан олдин фаришталарга ниятини айтган. Шу билан бирга, уни яратиб, мукаммал қилиб бўлганидан кейин, ичига Ўз руҳидан пуфлаб, жон киритган пайтида уларнинг Одамга сажда этишлари лозимлигини ҳам таъкидлаган. Бу ўринда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва ҳар бир эшитувчига (яъни Қуръон тиловатини тингловчига) ушбу ҳолни эслашни амр этмоқда.

Ҳа, бу ҳар қанча эсласа, ҳар қанча ибрат олса, арзигулик ҳодисадир.

Инсоннинг асли арзимаган қора балчиқ лойдан иборат эди. Аммо уни Аллоҳ қудрат қўли ила инсон шаклига келтирди. Бироқ шунда ҳам лойлигича қолаверди. Аллоҳ таоло унинг ичига Ўз руҳидан пуфлаганидан кейингина, инсонга айланди. Қадр-қиймат топди. Фаришталар Аллоҳнинг амри ила унга сажда қиладиган даражадаги олий мақомга эришди. Демак, инсоннинг қадр-қиймати руҳ билан боғлиқ. Инсон қанча руҳоний бўлса, шунча қиймати ортади. Руҳонийлигини йўқотган сари қадр-қийматини ҳам йўқотиб боради. Руҳонийликни инкор этса, инсонлигини ҳам инкор қилиб, ҳайвон даражасига тушиб қолади. Балки ундан ҳам паст даражага тушиб қолади.

Инсон лой ва руҳдан, яъни жисм ва руҳдан иборатдир. Унинг асл табиатида шу икки нарса қоришган бўлади. Ислом эса ҳам жасадга, ҳам руҳга эътибор бериш, икковини мутаносиб равишда тутишга буюради. Жасаднинг ҳам, руҳнинг ҳам талабларига меъёрида жавоб бериш лозим. Бирига эътибор бериб, иккинчисини бепарво қўйиш керак эмас.

Шунингдек, иблис инсондан олдин самум оловидан яратилган бўлиб, унга Аллоҳнинг руҳи кирмади, яъни оловдан яратилганича қолди. У ҳам ўз аслига тортади. Зарарли олов каби, инсонни куйдиради. Иғвосига учганларни ҳалокатга бошлайди.

Манба

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!