«Жаслиқ» ёпилиши зулм даври ўтганини билдирадими?

11:07 05.08.2019 2993

2019 йил августининг 3-куни мамлакат бўйлаб буюк бир хушхабар тарқалди: Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ҳудудида жойлашган ўлим лагери – “Жаслиқ”ни ёпиш ҳақидаги фармонга имзо чекибди!

Бу хабар чиндан ҳам халқимизни енгил нафас олдирди, кўзини севинтирди, кўнглини яшнатди. Сиёсатда бутун бошли бир зулм даври ўтгандек мамнуният билан кутиб олди. Чунки “Жаслиқ” зулмнинг, ҳақсизликнинг ўзига хос бир рамзи бўлиб қолган эди.

Ҳарҳолда, мен мамлакатимизда ҳақсизлик ва адолатсизлик, зулм ва исканжа даври ўтаётганига ишонгим келади.

“Жаслиқ” Американинг “Гуантанамо”си сингари дунёга отнинг қашқасидай машҳур бўлган қамоқхонадир. Узоқ йиллар Ўзбекистоннинг халқаро обрўйини жиддий бузиб келди, дунё ҳамжамияти кўзида ватанимизни салбий томондан машҳур қилиб турди. Энди унинг ёпилиши, албатта, севинч билан қаршиланади-да.

Шундай бўлишини кечагина ким кутган эди? “Жаслиқ”ни ёпиш тугул, уни очиқ сўкишнинг ҳам иложи йўқ эди кеча. Бугун бўлса, бу хабар ижтимоий тармоқларни портлатди деса ҳам бўлади. Ҳатто давлатнинг 1-рақамли ахборот агентлиги ЎзА “Зулм манзилига қиёсланган “Жаслиқ” колонияси ёпилади” деган сарлавҳа билан мақола эълон қилиб ўтирибди!

Айни чоғда ижтимоий тармоқларда билдирилаётган айрим муносабатларда воқеа қадрини бироз пасайтиришга уриниш сезилади. Нима эмиш, “Ўзбекистон “Жаслиқ”ни ўз ихтиёри билан эмас, Амриканинг босими остида ёпишга мажбур қолди” эмиш.

Қандайдир маънода бу гапда ҳам жон бор, албатта. Лекин масаланинг тарихига назар солсак, “Жаслиқ” ҳозирги иқтидорнинг сиёсий иродаси билан ёпилганини англаймиз.

Чунки, масалан, БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Ўзбекистонга 2002 йилдан буён “Жаслиқ” қамоқхонасини ёпишни тавсия этиб келади, аммо Ўзбекистон томони бу талабларга асло юрмаган.

Ниҳоят, янги президент Шавкат Мирзиёев ўзида сиёсий ирода топа олди ва тарихий қарорга имзо отди! Яъни халқаро босим бўлган тақдирда ҳам, унга юриш-юрмаслик Ўзбекистон давлатининг ихтиёрида эди. Ва бу гал ижобий йўл танланди!

Шунинг ўзи янги Ўзбекистон сиёсатининг тобора инсонпарвар бўлиб бораётганини кўрсатади.

Шу ўринда "Жаслиқ" қамоқхонаси (УЯ 64/71 колонияси) ҳақида қисқача билдирги.

Ўзбекистон мустақилликка эришмасидан олдин СССРнинг кимёвий тажрибалар ўтқазиш лабораторияси бўлган ер 1999 йили махсус қамоқхонага айлантирилган. Илк паллалари (мас., 2000 йил апрели) 350 га яқин одам (маҳкум) бўлган. Ҳар ой охирида 80 нафаргача одам этап билан келтирилар эди.

2000 йили 4 қаватли узун бир бинодан бошқа бино бўлмаган. Уни "Титаник" деб аташган. Бошқа бинолар 2004 йилларда қуриб битказилган.

Асосан диндорлар ва сиёсий маҳкумлар сақланган. Ходимлар сони маҳкумлардан кам бўлмаган.

Бу ерда қийноқнинг одам хаёлига келмайдиган турлари қўлланган. Масалан, биринчи ва иккинчи этапдагиларни матрасларга ўраб, матрас устидан тиконли симлар билан чандиқлаб чиқишган. Кўплар ўлиб кетган, омон қолганлари ҳам майиб-мажруҳ бўлиб қолган.

Бу билдиргини нимага келтиряпман? Давлатимиз «Жаслиқ»ни ёпиш билан нақадар яхши иш қилганини ҳис этмоқчи бўлган киши бу ва бошқа маълумотларни билиши керак.

Хўш, “Жаслиқ”нинг ёпилиши халқимизга нима беради?

Биринчидан, юракларга “Жаслиқ” солиб келган ваҳшат ва қўрқувдан қутуламиз. Бу жуда оғир асорат. Қўрқув остида ушлаб турилган халқда самимият бўлмайди, тубан хислатлари юзага чиқади, сотқинлик ва ғаламислик кучаяди, одамлар бир-биридан ҳадиксирайдиган, ишонмайдиган бўлиб қолади.

Иккинчидан, у ерда амалга ошириб келинган ваҳшийликларга чек қўйилади.

Учинчидан, сиёсий ва диний сабаблар билан қамалганлар аталган концлагердан қутулдик.

Тўртинчидан, “Жаслиқ”нинг ёпилиши давлатнинг ўз халқи олдида айбини тан олиши, феълан кечирим сўраши ҳамдир. Яъни бу ҳодиса аввалги тузум қўлидаги қонлар аста-секин ювила бошланганини билдиради.

Бешинчидан, дунё кўзида Ўзбекистоннинг обрўйи ошади, халқаро муносабатларда тилимизни узун қилади.

Бу ерда саналмаган, эсимизга келмаган яна кўп яхшиликларнинг бошланиши деса бўлади бу ёпилишни.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, ёзувчи,
2019 йил августининг 4-куни, якшанба

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!