Аҳмад Довудўғли, профессор, иқтисодчи, жуда билимли одам. У ёзган «العمق الاستراتيجي» – “Стратегик чуқурлик” китобининг арабча талқинини ўқиганман. Жуда яхши китоб, жуда яхши ёзилган. Ўқишни маслаҳат бераман, афсусланмайсиз.
Бу одам катта мартабага эга. Давлатнинг баланд лавозимларида ишлаган. У доимо сиёсатда қаттиққўллиги билан ажралиб турар, сўзлари қатъий эди. Қаерда нима қилиш, нима дейишни биладиган одам.
Ёдингизда бўлса, 2010 йилда Туркия қирғоқларидан “Фаластин – манзилимиз, ҳуррият – юкимиз” шиорлари билан сузиб чиққан кема ҳужумга учраган эди. 10 нафар Туркия фуқароси Исроил ҳужуми қурбони бўлди. Шунда Аҳмад Довудўғли Исроилга бойкот, ҳатто уруш эълон қилиш, ҳар қандай исроиллик ҳарбийни отиб ташлашга ўхшаш баёнотларни берган эди. Буни юқори лавозимда бўлган одам гапирган эди. Лекин Эрдоған буларнинг барчасига қарши эди. У буларни иложи борича жимгина ҳал қилмоқчи эди. Мисол учун, барча марҳумларнинг оилаларига Туркиядаги энг яхши виллалар таклиф қилинган, бироқ қариндошларнинг барчаси бир овоздан рад этишган. Бу ерда ҳам Довудўғли: “Бизнинг миллатимиз очиқчасига шафқатсизларча ўлдирилганда давлат улар учун ўч олиш ўрнига мол-дунё таклиф қилмоқда”, деган эди.
Шунингдек, эсингизда бўлса, 2015 йилда Туркиянинг F-16 қирувчи самолётлари Туркия суверен давлати ҳудудига ноқонуний кирган Россия авиация гуруҳининг СУ-24 бомбардимончи самолётини уриб туширган эди. Бу ўша пайтда вазир бўлган Аҳмад Довудўғлининг тўғридан-тўғри буйруғи билан амалга оширилган эди. Бу ҳаракатлар натижасида Россия ва Туркия муносабатлари кескин ёмонлашди. Ўшанда у интервюсида Туркия ҳатто қушларнинг ҳам давлат чегараси устидан ноқонуний учиб ўтишига рухсат бермаслигини айтганди.
Агар шу гап-сўзлар, баёнотлар жиддий бўлса, Туркия Россия билан барча алоқаларини узиши керак эди.
Аммо Эрдоған бундай қилмади. Шу билан бирга, у Россиядан узр ҳам сўрамади. Бироқ, у шундай бир воқеа туфайли икки давлат ўртасидаги муносабатлар узилишига қарши эди ва ўлдирилган учувчи учун соф рус ва насроний маросимини ўтказишга рухсат берди. Ва бу Туркияда содир бўлди. Эрдоған ўлган учувчининг оиласига ҳам уй таклиф қилган, бироқ унинг оиласи бунга рози бўлмаган.
Бундай ҳаракатлар жуда кўп ва булар ортидан турли саволлар туғилади.
Эрдоған Довудўғлига халифа Ҳорун ар-Рашид вазирига қилган усулини қўллашга қарор қилдими?
Бир куни халифа Ҳорун ар-Рашиднинг вазири Жаъфар Бармакий халифага шундай деган эди: “Агар мен ювош бўлсам, сиз ҳам юмшоқ табиат бўлсангиз, халқ бизнинг бўйнимизга чиқиб олади. Агар мен қаттиққўл бўлсам, сиз ҳам қаттиққўл бўлсангиз, унда одамлар биздан қочиб, бизни бошқаларга ўзгартиришади. Шунинг учун биримиз қаттиққўл, иккинчимиз эса одамларга меҳрибон бўлиши керак”. Вазир шунчаки, ундан қочган одамлар халифага ёки халифадан қочиб, вазир ҳузурига келишлари кераклигини айтган эди.
Ёки Эрдоғаннинг Довудўғли билан қилган бу ҳаракати халифа Муътасимнинг ўз вазири Ибн Ал-Алқамий билан бўлган воқеага ўхшайдими? Эрдоған сиёсий ва стратегик жиҳатдан минани четлаб ўтиб, унинг гапига қулоқ солмай, халифа Муътасимнинг хатосини такрорламадими?
Ибн Алқамий халифа Муътасимнинг вазири эди, лекин у халифа Муътасимга қарши Чингизхоннинг набираси Хулагу билан келишиб, давлатни йўқ қилишга рози бўлди. Унинг вазифаси ичкаридан вайрон қилиш эди, дастлаб у халифага уларни чиройли томонларини кўрсатиб, мамлакат учун ҳалокатли ишларга етаклади. Кейин у шундай қонунлар қабул қилдики, улар туфайли мамлакат иқтисодиёти инқирозга юз тутди. Шунингдек, гўёки хазина маблағини ҳимоя қилгандек, у аскарлар сонини қисқартираверди. Халифа Муътасимнинг Бағдодда икки миллион аскари бор эди, вазир қўшин сонини юз мингга яқин қолгунча камайтирди. Кейин Хулагу билан келишди, натижада Бағдод барча олимлари ва қозилари билан бирга хароб бўлди. Мамлакатнинг барча бойликлари Хулагу томонидан эгалланди ва бутун халифалик бир неча йил давомида йўқ қилинди.
Дарҳақиқат, бу саволлар чуқур тафаккур ва энг яхши сиёсатчилардан жавоб талаб қилади.
Агар Довудўғли Ҳорун ар-Рашиднинг вазиридек иш тутган бўлса, Эрдоған қанчалик ақлли, малакали сиёсатчи эканини тушунасиз. Довудўғли ибн Алқамийдек ҳаракат қилган бўлса, Эрдоған 21-асрнинг буюк ҳукмдори экан. Чунки у ўз давлатини ва мусулмонларни ҳимоя қилди, юрт ичида ўзиники бўлсада, зарар келтирмоқчи бўлганларга алданмади. Биз доимо ташқаридаги душманни кўрамиз, лекин улар учун ишлайдиган яқиндагиларни кам одам сезади!
Қайси жавобни танласак, Эрдоғанни чўққида кўрамиз. Шундай экан, биз бу чўққида ислом ва мусулмонларга жуда фойдали бўладиган мусулмон борлигидан хурсандмиз, инша Аллоҳ.
Муҳаммад Акбаров,
Ислом иқтисодиёти ва ҳуқуқи йўналиши бўйича доктор.