Xabar.uz: Жазолашга бунча уста бўлмасак?

01:22 12.09.2019 6651

Кеча бир кўтарилиб, сўнг жойига тушган шов-шувга бугун яна мой қуйилганидек. Яъники, кеча тушдан кейин Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У. Алимовнинг вазифасидан озод этилгани ҳақида хабарлар тарқалди, уч соатдан сўнг бу маълумот ўз тасдиғини топмагани ҳам билдирилди. Орада хабарни тарқатган сайт ва унинг ходимига нисбатан чора кўрилгани хусусидаги хабарлар ҳам ҳаяллагани йўқ. Бор-йўқ гап шу. Бу ҳолат кундалик ижтимоий ҳаётнинг бир бўлаги, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ажралмас қисми ҳисобланди, холос. Бундан фожиа ясамаслик, дарҳол жазо қамчисига қўл югуртиришга даъват этмаслик керак.

Аммо... Бугун Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси ўринбосар Абдукамол Раҳмонов шунақанги кескин баёнот билан чиқдики, мантнни охиригача ўқимаган одам уни салкам айблов хулосаси дейиши мумкин. Нима эмиш, «...кимдир қасддан бу ёлғон ахборотни қонун ҳужжатларига зид равишда тарқатган ва пировардида халқимиз, қўшни мамлакатлар ва бутун мусулмон олами ўртасида нафақат У.Алимовнинг шаъни, қадр-қимматига, мамлакатимиз обрўсига, Ўзбекистоннинг ахборот тарқатувчи тизимига ҳам путур» етказилибди! Сўнг муаллиф ёлғон ахборот тарқатганлик учун қайси қонунда қандай жазо кўзда тутилгани, «ижтимоий хавфли хатти-ҳаракатни содир этган жисмоний шахсни» аниқлаб, жиноий жазога тортиб, гўёки шаъни, қадр-қиммати топталган шахснинг манфаатини кўзлаб, катта миқдорда маънавий зарар ундириш каби масалаларни ҳал этишга чорлайди.

Са-ал ошириб юбормадингизми? Биринчидан, тарқатилган маълумот ахборот характеридаги материал, холос. Унда ҳеч кимни, хоссатан, муҳтарам У. Алимовнинг шаъни ёки қадр-қимматини камситувчи бир оғиз гап йўқ. Қолаверса, ўз вақтида тарқатилган хабар тасдиғини топмагани ҳам билдирилди. Яна нима керак?

Наҳотки бир масъулнинг вазифасидан озод этилгани ҳақидаги тасдиғини топмаган хабар «ижтимоий хавфли хатти-ҳаракатни содир» этиш бўлса?!

Оммавий ахборот воситалари – тезкорлик талаб этадиган соҳа. Бу жараёнда бирор хабар ёки маълумот тасдиғини топмаслиги табиий ҳолат. Инсайдерлик, турли манбаларнинг маълумотларига таяниб хабар тарқатиш жаҳон тажрибасида табиий жараён. Аслида кейинчалик ўз тасдиғи топилмаган хабарлар эмас, шундай ахборот тарқатилганидан сўнг «журналистларнинг танобини тортиб» қўйишга қилинган даъватлар сўз эркинлиги энди-энди таъмин этилаётган мамлакат обрўйига путур етказади! Наҳот, сиёсий партия раҳбар ходимларидан бўлган муҳтарам сиёсатчи шуни тушунмайди? Халқаро меъёрларга кўра, журналистларда хато қилиш ҳуқуқи мавжуд. Шу боис оддий ахборот тарқатгани учун ОАВ вакиллари жазоланишини ривожланган давлатларда тасаввурга сиғмас ҳолат деб баҳоланади.

Лавозим жиҳатидан мусулмонлар идораси раислиги фавқулодда катта амал эмас. Таққос учун айтайлик. Отабек Муродов ҳали бош прокурор лавозимидалигида унинг вазифасидан озод этилиб, ўрнига ички ишлар вазири келиши мумкинлиги ҳақида озмунча ахборот тарқатилмадими?! Бироқ на у, на унинг «ўрнига келган» ички ишлар вазири оммавий ахборот воситаларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш ҳаракатига тушгани йўқ. Ҳолбуки, бунга уларнинг қуввати ҳам, ваколати, ҳатто имконияти ҳам етиб ортарди.

Ёки суд ҳали ҳукми чиқмай туриб Рашид Қодиров ва бошқаларнинг жиноятлари ҳақида қанча ёзилди?! Икки йилдан буён Гулнора Каримова ҳақида ёзилган мақола ва хабарлар жамланса, бир неча жилдли китоб бўлади. Унинг адвокати хорижлик. Бироқ бирорта оммавий ахборот воситасини судга бериш ҳақида ҳатто ўйлаб кўрмаган бўлса керак. Ваҳоланки, унинг судга мурожаат этиши учун ҳеч қандай монелик йўқ.

Қисқаси, бундай баёнот энди-энди тетапоя бўлаётган эркин оммавий ахборот воситалари фаолиятига тушов бўлиши эҳтимоли катта. Айниқса, жамиятда ижтимоий адолат ўрнатишни мақсад қилган партия вакилининг бундай чиқиши ҳеч бир қолипга сиғмайди.

Кенгроқ бўлинг...

Манба: xabar.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!