Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Жиҳод ва уруш ўртасида фарқ бор...

515

Бу мавзуда, энг аввало, замонавий халқаро ҳуқуқшунослик атамаларидаги уруш тушунчаси билан Ислом шариатида кўрсатилган жиҳод тушунчаси орасида катта тафовут бор. Чунки халқоро ҳуқуқшунослар урушни аҳлоқий, маънавий қадриятлар ёки тамойилларга қарамасдан моддий ва сиёсий мақсадларга етиш йўлидаги восита сифатида кўрадилар. Дарҳақиқат, улар уруш сўзини қуйидагича таърифлайдилар:

“Икки ёки ундан ортиқ давлат сифатида вужудга келган қуролли кучлар ўртасида тўқнашувларни аланга олиши ортидан юзага келадиган қонуний ҳаракатдир. Зеро, ушбу қуролли тўқнашувдан кўзланган мақсад давлатлар орасидаги тинчлик алоқаларини тўхтатишга қаратилган бўлади”

Уруш тушунчаси мақсадлар ўртасидаги қонли кураш экани ҳаммага маълум. Ҳар икки томоннинг ҳам истаги иккинчисидан устун келиш, унинг қаршилигини йўқ қилишга қаратилгандир. Кучли томоннинг манфаатларини таъминлайдиган муайян талабларнинг ишлаб чиқилиши ва унинг ижросини таминлаш кучсиз томоннинг мажбуриятига айлантирилиши каби ишларни кузатиш мумкин. Бу уруш айни зўравонлик бўлиб, унинг кўриниши икки қуролли жамоалар ўртасидаги қирғинбаротларда намоён бўлмоқда. Ҳа, чиндан ҳам бу каби урушлар одамларнинг рақобати сабабли юзага келадиган энг ёмон урушдир. Бу худди борлиқ коинотдаги доимий кураш ва у майдондаги энг кучли томоннинг омон қолиши каби эволюцион жараёнга ўхшайди.     

Аммо Ислом дининг алломалари Қуръони карим ва суннати набавияга тобе бўлгани ҳолда “жиҳод” калимасига юқорида ўтган уруш маъносини бермайдилар. Улар ушбу “жиҳод” калимасини ўзаро низо, қарама-қаршиликлар ва ўзганинг мол-мулкини ноҳақ ўзлаштиришга қаратилган уринишларга қарши курашиш деб талқин қиладилар.  Қолаверса, ушбу жиҳод калимаси айнан шаръий истилоҳдир. Шунинг учун ҳам бу сўз фақат “уруш” маъноси билангина чегараланганмайди. Барча мусулмонларнинг тушунчасида ҳам, луғат, қомус, алломаларининг талқинларида ҳам, жиҳод сўзи уруш сўзининг синоними (маънодоши) эмас, яъни араб тилида уруш сўзи “жиҳод” эмас, балки “ҳарб” дейилади.  Унинг синоними эса “қитал, муқотала, маърака”  сўзлари бўлиб, айнан шу атамалар одамларни муайян бир динга мажбур қилиш ёки уларнинг мол-мулкларига эгалик қилишга уриниш маъноларини билдиради. Бугун айрим ғарблик олимлар ва оддий одамлар айни шу тушунча нуқтасида янглишмоқдалар. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, бугунги халқаро таъриф ва тавсифлардаги уруш тушунчаси билан Ислом шариати назарда тутган “жиҳод”  орасида катта фарқ бор дея оламиз. Биз бу сўзимизнинг амалий исботини “аҳд, муъоҳид” атамаларидаги исломий талқин ва халқаро талқинлар мисолида ҳам билиб олишимиз мумкин. Доктор Холид Рамзи Исломдаги муъоҳидлар ва бугунги замонавий  муъоҳидлар хақида қуйидаги изоҳни беради: 

“Унинг асосини биз қуйидаги ояти каримада ҳам учратамиз: 

“Улар билан келишган битимларингизни ўз муддатигача етказинглар. Аллоҳ тақводорларни яхши кўради” (Тавба, 4).

Демак, мазкур илоҳий ҳукмга биноан, модомики, аҳли аҳдлар (мусулмонлар билан ўзаро тинчлик сулҳини тузиб яшаётган ғайридинлар) ўз аҳдида турар эканлар ёки аҳдномадаги талабларни бажаришда камчиликка йўл қўйсалар ҳам, уларга қарши уруш қилинмайди. Ўртадаги битимга амал қилиш қиёмат кунигача янграб турадиган илоҳий каломда эътироф қилинмоқда ва бу амал Аллоҳ таоло яхши кўрадиган тақводорлик сифатида баҳоланмоқда. Бу ерда яна бир муҳим қоида улар билан ўзаро келишув ўзлари томонидан йўл қўйилган камчиликлар сабабидан тўхтатилган тақдирда ҳам, у эълон қилинмагунича уларга қарши уруш бошламасликдир. Чунки мусулмонлар томонидан уларга ўртадаги сулҳни бузиб, хиёнаткорона уруш бошлаш тасаввур ҳам қилинмайди. Зеро, шаръий далилларнинг барчаси хиёнаткорона уруш бошлашни мўмин одам сақланиши зарур бўлган манфур иш деб баҳолайди”.

Бугунги уруш жараёнларини кузатган одам уларда ҳеч қандай муъоҳидларнинг (ўртада ўзаро тинчлик сулҳига келишган томонлар) ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилинмаётганига гувоҳ бўлади. Бу каби келишувлар варақларни безаган сиёҳ бўлиб қолмоқда, холос. Бугунги кун муъоҳидларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва уларнинг дахлсизлик кафолати меъёрлари Ислом шариати жорий қилган талаб ва асосларнинг бутунлай акси бўлиб қолмоқда. Чунки воқеликдаги жараёнлар асло муъоҳидарнинг манфаати ва дахлсизлигига  боғланмаяпди.

Аммо Ислом шариатида  ушбу аҳдларга вафо қилиш масаласи ақидага боғлиқ  мавзу ҳисобланади.  

Мазкур таъриф ва фикрларни таҳлил қилиш орқали бизга қуйидаги нарсалар маълум бўлади:

Албатта, Ислом назарда тутган жиҳод бу Аллоҳ таолонинг сўзи олий бўлишга қаратилган ҳаракат бўлиб, дастлаб у тинчлик йўли билан амалга оширилади. Бу, ўз навбатида, Аллоҳнинг динига тўғри услуб билан даъват қилиш, бу борада чиройли мавъиза ва ҳикматли йўл тутишдан иборатдир. Яъни бу далил ва ҳужжатлар курашидир. Гоҳида бу ишлар урушгача етиб бориши ҳам  мумкин. Борди-ю иш урушгача етиб борса у ҳам, мусулмонлар ва уларнинг кофир душманлари орасидагина юзага келади. Лекин мўмин-мусилмонлар орасида асло уруш чиқиши кузатилмаслиги керак. Зарурат юзасидан гоҳида ўртада уруш чиқса ҳам, унинг мақсад ва ғояси очиқ-равшан бўлиши керак. У ҳам бўлса, Ислом давлатининг ҳимояси, унинг ривожи, Ислом даъвати ҳаракатидаги қийинчиликларни бартараф қилишга қаратилган ҳаракатдир.  Таъкидлаш лозимки, Ислом назаридаги жиҳод, кимлардир ўйлаганидек одамлар устидан ҳукмронлик ўрнатиш, миллатлар устидан ўз сиёсатини юритиш эмас. Бугунги айрим халқаро етакчилар айтаётган таърифларига мутлақо хилофдир. Чунки улар ўз  таъриф-таснифларида бошқаларнинг ҳудудий яҳлитлиги устидан ҳам ҳукмронлик қилишни ўйламоқдалар. Гарчи барчаси бир дин вакиллари бўлсалар-да, уларнинг барча таъриф ва ғоялари мухолиф томоннинг  ҳимоя тизимига қарши қаратилмоқда. 

Давоми бор. 

“Экстремистик ғояларга қарши курашишда шаръий далиллар” китобидан.

Таржимон: Тоҳир Воҳид

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Агар шошмаса...

1301 08:00 16.01.2021

"Ҳаммани чарчатдингиз, эй Абу Бакр!"

1399 21:30 15.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу (58-қисм)

321 20:00 15.01.2021

Ҳадис илми: Ҳанафийлар умумул балво бўлган нарсаларда хабарни қабул қилиш шартлари

135 19:00 15.01.2021

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қабрлари олдидан ўтганда...

1220 17:30 15.01.2021

«Кўкалдош» талабаси ҳафта ғолиби бўлди

356 13:44 15.01.2021
« Орқага