Жисман-маънан покланиш йўли

12:20 29.01.2018 590

Таҳорат ва намоз ҳаётимизнинг ажралмас икки бўлаги. Намоз, тавоф каби амалларни бажаришимизда энг зарур шарт – таҳорат ҳақида Қуръони каримда бундай баён қилинади: “Эй имон келтирганлар! Намоз (ўқиш)га турар экансиз, албатта, юзларингизни, қўлларингизни тирсакларигача ювинглар, бошларингизга масҳ тортинглар ва оёқларингизни тўпиқларигача (ювинглар)!..” (Моида, 6).

Таҳорат – белгиланган аъзоларни ювиб, жисмоний кирлардан тозаланиш билан бирга, маънавий покланишнинг ҳам воситаси. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) мусулмон банда таҳорат қилганида кўзлари, қўлу оёқлари билан содир этган барча хатолари сув билан бирга чиқиб кетишини айтганлар (Муслим ривояти).

Намоз – динимизнинг устуни, гуноҳлар ила кирланган кўнглимизни ёриштиргувчи ибодат. У билан дил уйимиз Аллоҳ таоло ташрифига лойиқ ҳолга келади. Намоз билан ўзимизга, ўзлигимизга қайтамиз. Яратганга сиғиниш завқи ва қувончини, яралашимизнинг сабаб ва ҳикматини тушуниб етамиз. Намоз воситасида ҳаётимиз тартибга тушади, вақтни қимматига муносиб ўтказамиз.

Айтиш лозимки, умримизнинг энг қимматли дақиқалари ибодат билан ўтказган онларимиздир. Шундай бўлгач, намозда шошмаслик, қироат, қиём, руку, сажда каби амалларни ўрнида бажариш зарур. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) намозни қандай ўқиганлари ҳақида Ойша онамиз (розиаллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Қиёмда оғирликларини икки оёқларига ташлаб, тик турар, руку қилганларида бошларини тепа ҳам, паст ҳам қилмай, иккисининг ўртасида тутардилар. Рукудан турганларида қоматларини тик тутмасдан аввал саждага бормасдилар. Бошларини саждадан кўтарганларида, тўғриланиб ўтирмасдан туриб, иккинчи саждага кетмасдилар” (Имом Бухорий).

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобалар билан суҳбатлардан бирида энг ёмон ўғрилик намоздан ўғирлаш эканини айтдилар. Шунда бир киши сўради: “Эй Расулуллоҳ, киши намозидан қандай ўғирлайди?” Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Руку ва саждаларни мукаммал бажармасдан”, деб жавоб бердилар.

Шартларига риоя қилиб, мукаммал ўқилган намоз фаҳш ва ёмон ишларга қалқондир (Анкабут, 45). Самимият, ихлосдан узоқ, риёга қоришган ибодатдан эгасига ҳеч қандай фойда йўқ. Намозни хушу, яъни Аллоҳнинг қудрати, азаматини қалбдан ҳис этиб, тавозе ила ўқимоқ бандани улуғ даражаларга кўтаради. Бу хусусда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида камтардирлар” (Мўминун, 1–2).

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи буюрган амалларни бажариб, розилигига эришишни насиб этсин!

Манба: Irfon.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!