Жисмоний имкониятлари чекланган қиз ҳасрати: “Аллоҳни танишни истайман” (видео)

10:00 31.12.2017 3697

Куни кеча muslimaat.uz сайтига «Аллоҳни танишни истайман» номли видеоролик жойланди.

Унда жисмоний имкониятлари чеклангани сабаб барча соғлом ёшлар қатори диний илм олиш имкониятидан маҳрум бўлган ҳолда, Аллоҳни танишга интилган, динини ахтарган қизнинг қалбида жўш урган туйғулари ҳамда фикрлари ҳавола этилган. Сиз ва мен каби равон гапира олмайдиган муслима қиз биздан мол-дунё ёки дунёдаги ҳашаматли қасрни сўрамаяпти. Биргина истаги бор. У ҳам бўлса ёлғиз Роббисини таниш.

Наргиза секталар таъсирига тушиб қолган собиқ синфдошлари таклифига кўра, улар билан черковда диний таҳсил олиш, Аллоҳни таниш учун онасидан изн сўрайди… Онаизор эса қизини уларнинг таъсиридан қутқариб қолиш ҳамда Ислом дини борасида унга етарлича илм бериш чораларини ахтара бошлайди.

“Мен рус мактабда ўқиганман. Ҳозирда рассомчилик коллежида таҳсил оляпман. Рус мактабида ўқиганимиз сабабли кўп ўзбек ўртоқларимиз рус синфдошларимизнинг тарғиботи билан черковга қатнаб, диний билим ола бошлашди. Менинг ота-онам эса: “Қизим, биз мусулмонмиз. Черковга боришингга асло изн бермаймиз”, деб боришимга рухсат беришмади.

Мен ҳам ўз динимни танишни, билишни хоҳлайман. Ислом ўзи қандай дин? Эшитмаганим, гапиролмаганим учун эса динимни ўрганишда жуда кўп муаммоларга дуч келяпман. Аллоҳ ҳақида, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида билишни истайман. Онам тушунтирмоқчи бўладилар, аммо ҳамма саволимга ҳам жавоб беролмайдилар. Чунки улар кар-соқовлар тили бўлмиш сурдочани яхши билмайдилар. Шунингдек, Ислом дини борасида ҳам илмлари етарли эмас”, дейди Наргиза.

Суҳбат давомида Наргиза бу муаммо юзасидан онаси билан мутасадди ташкилотларга икки маротаба (!) мурожаат қилганини аммо мурожаат жавобсиз қолдирилганини билдиради (амалдаги қонунчиликка кўра ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши керак).

“Мени ҳамиша бир савол қийнайди: нега бошқа динлар, хусусан христиан динида кар-соқовларга ўз динини тушунтириш жуда кучли йўлга қўйилган. Лекин бизда гапиролмайдиганларга Ислом динини ўргатиш, етказиш хусусида ҳеч ким бош қотирмайди? Ёки шундай мактаблар бор-у, биз бехабармизми?

Жисмоний имконияти чекланган ёшлар кўплигига ишонаман. Уларнинг диний илм эгаллашларига ёрдам берадиган ташкилотлар борми? Синфдошларимнинг эътирофича, черковда уларнинг барча диний саволларига жавоб бериш билан бирга моддий рағбатлар ҳам кўрсатилар экан. Бу иш билан махсус сурдо-таржимонлар шуғулланишар экан”,деб айтади Наргиза.

Суҳбат давомида Наргиза нимани орзу қилишига ҳам тўхталади. “Президентимиз Шавкат Мирзиёев бизга ўхшаган кар-соқовлар учун диний ўқув даргоҳлари очиб беришларини истайман. Бу улкан эзгу иш билан Ислом динидан бехабарлиги боис бошқа динларга, секталарга кириб кетаётган неча-неча ўзбек йигит-қизлари ўз динларига қайтишлари мумкин бўларди. Шахсан, мен билан битта синфда ўқиган ўзбек йигит-қизлар, яъни собиқ синфдошларим ҳозирда черковга қатнаб, Аллоҳ ҳақида илм олаётганларига гувоҳман…

Мен келгусида Ислом динини бирор олий даргоҳда ўрганишни истайман. Ва ўрганган барча диний илмларимни менга ўхшаб динини қидираётган жисмоний имконияти чекланган йигит-қизларга етказишни хоҳлайман”, деб қўшимча қилади Наргиза.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 декабрь куни «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга имзо чекди. Унга кўра ногиронлик белгиси бўйича камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда тенг шароитларни ва уларни бузганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш белгиланди.

“Атрофимиздаги аксарият одамлар: “Ўзим учун!” деб яшашни ёқтирадилар. Мен эса ҳамманинг: “Ўзгалар учун ҳам”, деб яшашларини истаган бўлардим… Бундай дейишимга сабаб, кўпчилик кишиларнинг жуда худбинлашиб кетганларига гувоҳ бўламан. Уларнинг Аллоҳ учун ўз илмидан, манфаатидан ўзгаларга улашиб яшашларини истайман.

Мен сингари кар-соқовлар, яъни имконияти чекланганларга ҳам исломий олий даргоҳларда диний илм эгаллаш имкониятлари йўлга қўйилса, беҳад хурсанд бўлардим. Яна ўқув даргоҳларида исломий илмларни эгаллаган ёшлар билганларини ҳаётга татбиқ этиб яшай олишларини Аллоҳдан сўрайман”, дейди суҳбат сўнггида Наргиза.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом (Ҳастимом) мажмуасида давлат ва жамоат ташкилотлари, Мусулмонлар идораси раҳбарияти, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан суҳбат чоғида мамлакатимиздаги диний йўналишдаги тўққизта ўрта махсус ва иккита олий таълим муассасаси Ислом цивилизацияси маркази ихтиёрига ўтказилиши ҳақида айтиб, яна нечта ўрта махсус ислом билим юрти кераклиги ҳақида таклиф киритишни сўраган эди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!