Жоҳилнинг муҳаббати (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

22:00 15.04.2019 969

Султоннинг лочини бор эди. Бир куни саройдан қочиб, қари кампирнинг уйига қўнди. Кампир овқат тайёрлаётиб лочинга кўзи тушди ва унга: “Эҳ бечора, сени боқолмайдиганнинг қўлига тушиб қолибсан-ку! Қанотларинг ва тирноқларинг керагидан ортиқ ўсибди”, деди.

Сўнг лочинни ушлаб, оёқларини яхшилаб боғлади. Қанотлари ва тирноқларини қисқартирди. Олдига бир ҳовуч сомон қўйди.

Султон эса кун бўйи қушини қидирди. Кеч киргач уни ҳалиги кампирнинг уйида тупроққа беланиб ётганини кўрди. Султон лочинининг ҳолини кўргач, ачинганидан йиғлаб юборди. Сўнг унга: “Бизга бевафолик қилганинг учун шу ҳолга тушдинг ва сен бунга лойиқсан”, деди.

Лочин эса қанотларини Султоннинг қўли томон чўзиб “Ҳа, мен шунга лойиқман”, дейишга интиларди.

Эй дўстим! Жоҳилнинг муҳаббатини кампирнинг лочинга қилган муомаласидек бил.

Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!