“Жонимни асрай!” (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

19:10 05.07.2019 961

Бир одам шошилганча Сулаймон алайҳиссаломнинг саройига келди. Юзи ғам-қайғудан сарғайиб, қўрқувдан лаблари қалтирар эди.

Сулаймон алайҳиссалом ундан: “Сенга нима бўлди?”, деб сўради.

У: “Эй Султон, Азроилни кўрдим, менга шундай назар солдики...”

Сулаймон алайҳисалом: “Мендан нима истайсан?”, деди.

У: “Шамолга амр қилинг. Мени Ҳиндистонга элтсин. Жонимни асрай!”, деди.

Сулаймон алайҳиссалом амр қилди. Шамол уни денгизлардан ошириб Ҳиндистон ерига олиб бориб қўйди. Эртаси куни бир мажлис бўлиб, унда Азроил алайҳиссалом ҳам бор эди. Сулаймон пайғамбар ундан: “У бечора одамни ватани, оиласи, мол ва мулкидан айириш учун шундай нигоҳ билан қарадингми?”, деб сўради.

Азроил: “Мен унга ғазаб билан қарамадим, ажабланиб боқдим. Чунки, Аллоҳ менга унинг жонини бугун Ҳиндистонда олишимни амр қилган эди. Унинг қирқ қаноти бўлса ҳам, бу ердан Ҳиндистонга етиб олиши мумкин эмасди. Мен шу сабабдан ажабланган эдим. Шу кеча мен унинг жонини Ҳиндистоннинг фалон жойида олиб қайтдим”, деб жавоб берди.

Энди ўйлаб кўрайлик. Биз кимдан қочаяпмиз? Ўзимизданми, бу хаёлий бир нарса холос-ку?! Кимдан яшириняпмиз? Аллоҳданми, бу ҳам хомхаёлдан бошқа  эмас-ку?!

Дунё – Аллоҳдан ғофил бўлмоқдир. Билгинки, дунё фақатгина бола-чақа, аҳли-аёл, кийим-кечак ва молиявий тижоратдан иборат эмас, шуни асло унутма!

Бу дунё зиндондир, биз эса маҳбуслармиз. Зиндондан қочиб ўзингни қутқар. Асло унутмагинки, илоҳий қазо ва қадардан қочиб қутилиш имконсиздир.

Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!