Ислом

Жониворларнинг ҳақлари

1039

Аллоҳ ер юзидаги жамики жониворларни инсоният манфаати учун яратган. Инсон шариат доирасида ўзи учун лозим топган жониворларни боқишига монелик йўқ.

Лекин инсоният ҳаётини Ўзининг илоҳий қонунлари билан ҳадлаб қўйган Роббимиз қўл остимиздаги жониворлар учун бир қанча ҳақ-ҳуқуқларни белгилаб, унга риоя этиш масъулиятини биз бандаларига юклаб қўйган.

Ҳадисида келтирилишича Росулуллоҳ жониворларни бир-бирига гиж-гижлаб уриштиришдан қайтарган эканлар. Шунингдек, жониворларни қафас ё катакка қамаб қўйиб қийнаб ўлдиришдан, айниқса, ўқотар қуролларга нишон сифатидан боғлаб қўйиб ўлдиришдан ҳам шаръан қайтарилганмиз.

Имом Биргивий “Тариқа”да айтишича, фуқаҳолар ҳайвонларга, қушларга озор бериш инсонга озор беришдан кўра оғирроқ гуноҳ эканини таъкидлаганлар. Чунки жониворни қийнаган инсоннинг қиёматда азоб тортиши муқаррар. Имом Биргивийнинг сўзларини Ходимий раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагича изоҳлайди:

Қиёмат куни инсонларнинг ўзаро ҳақ-ҳуқулари уч хил услубдан бири билан ҳисоб-китоб қилинади:

1. Озор кўрган жабрдийдага золимнинг яхши амалларидан олиб, унинг ҳаққи ундириб берилади;

2. Агар золимнинг амал дафтарида яхши амаллар умуман топилмаса, ёки озроқ бору бироқ, у мазлумнинг ҳаққини тўлашга етарли бўлмаса, бу вазиятда мазлумнинг гуноҳларидан олиб золимга юклаб қўйилади;

3. Агар юқоридаги икки йўлдан бири билан ҳисоб китоб қилиш имкони бўлмаган тақдирда мазлумга золимникидан кўра юксакроқ даражалар берилиб, уни рози қилинади.

Энди, инсонлар билан жониворлар орасидаги ҳақ-ҳуқулар масаласини ҳал қилишда юқоридаги уч хил вариантнинг бирортаси иш бермайди. Чунки, дунё ҳаётида жониворларга озор берган инсонларнинг савобларидан олиб ҳайвонларни рози қилиш учун жониворларга қиёматда савобнинг аҳамияти бўлиши керак. Улар жаннат ё дўзахга киритилмагани учун уларга савобнинг заррача қиймати йўқ. Шундай экан, уларни савобимиздан бериш билан рози қила олмаймиз.

Иккинчи йўл ҳам фойдасиз. Яъни, жониворларнинг дунёда қилган гуноҳларини ўз бўйнимизга олиб уларни рози қиламиз десак, уларда гуноҳнинг ўзи йўқ. Чунки гуноҳ шаръий мажбуриятларга мукаллаф бўлган инсон ва жинларда бўлади. Ҳайвон ва паррандалар эса мукаллаф эмас. Шундай экан уларда гуноҳ нима қилсин?!

Учинчи йўлни ҳам тасаввур қилиб бўлмайди, дунёда биздан озор топиб ҳақдор бўлиб қолган ҳайвонларни рози қилиш учун уларга жаннатда олийроқ мақом бериб, биз инсонларни улардан пастда қолдириб рози қилиш учун ҳайвонлар ҳам жаннатий бўлиши керак. Ваҳоланки юқорида айтганимиздек жониворларга жаннат-дўзаҳ деган тушунчанинг ўзи йўқ.

Энди инсондан озорланган ҳайвон ё паррандани рози қилишнинг ягона йўли бу—ўша жонивор то рози бўлгунига қадар инсонга азоб беришдир. Бошқа йўл йўқ. Охиратдаги азобнинг дунёдагига нисбатан нечоғлик зиёда эканини тушунтириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Шундай экан инсонга озор беришдан кўра, жониворларга озор бериш оғирроқ ҳисобланади.

Жониворларни ҳар хил қийноқлар билан ўлдириш, ем-ҳашак, дон-дун ва сувларини вақтида бермаслик, касалга чалинганда даволатмай ўз ҳолига ташлаб қўйиш, бир-бирлари билан шунчаки завқланиш мақсадида уруштириб ўйнаш каби ишлар жониворларга ноҳақ озор бериш турларидандир.

Муҳаммад Ходимийнинг “Бариқа” асари асосида, Ботиржон Тожибоев.

Манба: ahlisunna.uz

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Дада, мени черковга киритишмади...”

4974 22:00 10.12.2019

Исломга чақирувчилар учун ихлоснинг зарур эканлиги

661 23:05 10.09.2019

Кунлар ўткинчидир

536 15:05 10.09.2019

Борига қаноат қилиш ғамни кетказади

710 14:05 09.09.2019

Икки ҳайит намози боби

559 14:00 29.07.2019
« Орқага