Жойнамоз устида ўтирган одам

08:00 08.06.2019 987

Бу фурсат Аллоҳ-ла турар юзма-юз,

Гўё дарахт баргин қучгандек шабнам.

Дунёда жамики азиздан азиз

Жойнамоз устида ўтирган одам.

 

Фақат унга хосдир кундуз-у туни,

Ўтган дамларига этмайин алам,

Бир четга суролган дунё ғамини

Жойнамоз устида ўтирган одам.

 

Майли, гарданида гуноҳлари бор,

Балки, комиликка етмаган бу дам.

Қарадим, чеҳраси нурли, улуғвор

Жойнамоз устида ўтирган одам.

 

Иймонсиз тўдалар сарсон-саргардон

Қалбига тополмай юрганда малҳам,

Маҳлуқот ичинда энг яхши инсон

Жойнамоз устида ўтирган одам.

 

У ҳақда ким нима деса, гапирсин,

Ёзса, тугаб битсин жамики қалам,

У салом бергунча дунё жим турсин,

Жойнамоз устида ўтирган одам.

 

Ахир, не каслар бор, юртдошларидан

Мадад беринг, дебон санарлар санам.

Бир қаранг, йиғлайсиз кўз ёшларидан

Жойнамоз устида ўтирган одам.

 

У балки мендирман, балки сиздирсиз,

Балки, биз танимас ғариб бир олам,

Нима бўлганда ҳам, суйганим ёлғиз -

Жойнамоз устида ўтирган одам.

 

Хайрулла Ҳамидов

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!