Ислом

«Жума кунининг фазилати ҳамда у кундаги солиҳ амалларни кўпайтириш»

660


فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانْتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِنْ فَضْلِ اللَّهِ وَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيرًا لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

“Намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинглар ва нажот топишингиз, муваффақият қозонишингиз учун Аллоҳни кўп зикр қилинглар — кўп ёдланглар“. (Жума, 10).

Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи вассаллам: «Кунларнинг энг яхшиси жума кунидир. Чунки жума куни Одам яратилган ва жаннатга киритилган ҳамда жума куни у ердан чиқарилган», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайрадан розийаллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи вассаллам : «Кимки чиройли таҳорат қилиб, кейин масжидга келиб, ваъзга жим қулоқ тутиб турса, икки жума ўртасидаги ва яна уч кунни қўшиб, ҳаммаси бўлиб, ўн кун ичидаги гуноҳи кечирилади. Кимки хутба пайтида майда тошларни ушласа, бефойда (лағв) ишни бажарибди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари. 

Абу Ҳурайрадан розийаллоҳу анҳу  ривоят қилинади. Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи вассаллам : «Жумадан жумагача, Рамазондан Рамазонгача беш вақт намоз шу вақт орасида бўлиб ўтган кичик гуноҳларга каффоратдир. Агар кабира (улкан) гуноҳлардан сақланилган бўлса», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ва Ибн Умардан розийаллоҳу анҳу ривоят қилинади. Икковлари Расулуллоҳнинг  саллоллоҳу алайҳи вассаллам  минбарда туриб айтган қуйидаги сўзларини эшитдилар. Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи вассаллам: «Қавмлар жумани тарк қилишдан тўхташсин. Бўлмаса Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр уриб қўяди. Сўнгра ғофиллардан бўлиб қоладилар», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Ибн Умардан разийаллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи вассалам : «Агар сизлардан бирингиз жума намозига келса, ювиниб (ғусл қилиб) келсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Саид ал-Худрийдан розийаллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи вассаллам: «Жума куни ювиниш (ғусл қилиш) ҳар бир балоғатга етган кишига таъкидланган буйруқдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Самурадан розийаллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи вассаллам : «Кимки жума куни таҳорат қилиб, (жума намозига) келса, яхши. Агар ювиниб, (ғусл қилса) афзалдир», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

Салмондан розийаллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи вассаллам : «Киши жума куни ювиниб, имкони борича тозаланиб, хушбўй ёғлардан, атирлардан суртиб, кейин масжидга борса, у ерда икки киши орасидан суқилиб ўтмаса, насиб қилганича намоз ўқиса, имом хутбада ваъз қилаётганда жим туриб эшитса, ўша жума билан кейинги жума орасидаги гуноҳлари кечирилади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари. 

Абу Ҳурайрадан розийаллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи вассаллам: «Кимки жума куни худди жунубликдан ювингани каби ғусл қилиб, кейин масжидга борса, гўёки бир туяни қурбонлик қилибди. Кимки иккинчи соатда, яъни иккинчи бўлиб масжидга борса, гўё бир сигирни қурбонлик қилибди. Кимки учинчи соатда масжидга келса, гўё шохли бир қўчқорни қурбонлик қилибди. Кимки тўртинчи соатда масжидга келса, гўё товуқни қурбонлик қилибди. Кимки бешинчи соатда масжидга келса, гўё бир тухумни эҳсон қилиб, Аллоҳга қурбат (яқинлашиш) ҳосил қилибди. Агар имом хутба айтиш учун жойидан чиқса, фаришталар зикр эшитиш учун ҳозир бўлишади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Фойда: Жума намозига эртароқ боришнинг фазилати ва унга тарғиб ҳақида сўз боряпти. Қанчалик эрта борса, савоби шунчалик кўп бўлади. Ва жума куни фаришталар ҳозир бўлиб, хотиржамлик, раҳмат олиб келишади.
 
Абу Ҳурайрадан розийаллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи вассаллам  жума кунини зикр қилатуриб: «У кунда бир фурсат бор. Агар мусулмон банданинг намозда Аллоҳдан бирор нарсани сўраши ўша пайтга мувофиқ келса, Аллоҳ у сўраган нарсани беради», дедилар. Лекин Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи вассаллам  ўша фурсатнинг жуда қисқа эканлигига қўллари билан ишора қилдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. 

Абу Бурда ибн Абу Мусо ал-Ашъарийдан розийаллоҳу анҳу ривоят қилинади. Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳу: «Сиз отангиздан Расулуллоҳнинг  саллоллоҳу алайҳи вассаллам жума кунидаги дуолар қабул бўладиган фурсат  ҳақидаги ҳадисларини эшитганмисиз?» деганларида, Абу Бурда розийаллоҳу анҳу: «Ҳа, эшитганман. Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи вассаллам : «У фурсат имом хутбага ўтирганидан намоз охиригача бўлган вақт оралиғидадир», деганлар», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари. 

Авс ибн Авсдан розийаллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ  саллоллоҳу алайҳи вассаллам: «Кунларингизнинг энг афзали жумадир. Ўша кунда менга салавот айтишни кўпайтиринглар. Чунки салавотларингиз менга кўрсатилади», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.

Қудратуллоҳ Аҳмад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бугунги жума маърузаси билан танишинг

791 09:56 18.09.2020

Олти ой кутилган жума мавъизаси мавзуси билан танишинг

931 11:39 04.09.2020

"Мен интиқ кутмаган Жумалар, қайтинг!"

348 11:22 04.09.2020

Эртага юртимизда жума намози ўқилади

541 13:00 03.09.2020

Хушхабар: 5 сентябрдан жума намозига рухсат берилди

2199 17:36 01.09.2020

Австралияда ҳам жума намози ўқилди

442 17:00 05.06.2020
« Орқага