Иймон

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

1673

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий сайтида бугунги жума мавъизасининг мавзуси эълон қилинди. Порталда таъкидланишича, бугун юртимиз масжидларида "Устозларга эҳтиром вожиб" мавзусида мавъиза қилинади.

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي رَفَعَ مَنْزِلَةَ الْعِلْمِ وَالْعُلَمَاء، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي رَغَّبَ أُمَّتَهُ عَلَى تَحْصِيْلِ الْعِلْمِ وَتَوْقِيْرِ الْعُلَمَاء، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.

Устозларга эҳтиром вожиб

(1-октябрь – Устоз ва мураббийлар куни)

Муҳтарам жамоат! Маълумки, муқаддас динимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром беқиёсдир. Муаллимлик, мураббийлик ва устозлик мартабаси ‒ буюк шарафдир. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари бўлмиш пайғамбарлар ҳам муаллим ва мураббий қилиб юборилганлар. Дарҳақиқат, бу соҳа вакиллари жамиятимизга сув ва ҳаводек зарурдир. Бу муҳтарам зотларни бамисоли ўз нурини атрофга сочаётган қуёшга ўхшатсак бўлади. Қуёшнинг нуридан барча мавжудот фойдаланганидек, уларнинг маърифат зиёларидан бутун башарият манфаатланади. Бу сўзимизга ҳазрат Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги байтлари яққол мисол бўлади:

Устоз, мураббийсиз қолганда замон,

Зулумотдан қора бўларди жаҳон.

“Муаллим” сўзининг маъноси “илм берувчи, таълим берувчи, ўргатувчи” демакдир. Пайғамбарлар инсониятга эзгуликни таълим берганлар, шунингдек,  яхшиликка чақирганлар. Мана шунинг ўзи ҳам бу соҳа вакилларининг мартабалари нақадар юксак эканига далолат қилади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бутун башариятга Устоз қилиб юборилганлари ҳақида Қуръони каримда бундай дейилади:

هُوَ الَّذِي بَعَثَ فِي الْأُمِّيِّينَ رَسُولًا مِنْهُمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آَيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ

яъни: “У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар пайғамбар келишидан) илгари аниқ залолатда эдилар” (Жумъа сураси, 2-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Муаллим қилиб юборилганликларини ўзлари очиқ-ойдин баён қилганлар:

إِنَّ اللهَ لَمْ يَبْعَثْنِي مُعَنِّتاً وَلاَ مُتَعَنِّتاً، وَلَكِنْ بَعَثَنِي مُعَلِّماً مُيَسِّراً

رواه الإِمَامُ مسلم عن جابر بن عبد الله رضي الله عنه

яъни: “Аллоҳ мени қийновчи ва қийинлаштирувчи қилиб эмас, балки муаллим ва осонлаштирувчи қилиб юборди”, ‒ дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс муаллим бўлишини унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда илмлар диний, дунёвийга ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у зотнинг уйлари томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, у зотнинг уйлари билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммоднинг вафотларидан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, у зотга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у зот, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга эзгулик ва яхшиликни ўргатадиган кишиларни мақтаб, шундай деганлар:

"إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتُ فِي الْبَحْرِ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ"

(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عن أبي أمامة الباهلي رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)

яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, инидаги чумоли,  ҳаттоки денгиздаги балиқ ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчининг ҳаққига  дуо қиладилар” (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълим услублари шу қадар мукаммал ва манфаатли бўлганки, У Зот берган таълимни ўзлаштирган толиби илмлар бутун жаҳонга машҳур бўлиб, етук зотлар бўлиб етишган. Буюк саҳобаи киром Муовия ибн Ҳакам ас-Суламий разияллоҳу анҳу Пайғамбаримизнинг муаллимликларини мақтаб шундай деган:

...فَبِأَبِيْ هُوَ وَأُمِّيْ مَا رَأَيْتُ مُعَلِّمًا قَبْلَهُ وَلَا بَعْدَهُ أَحْسَنَ تَعْلِيْمًا مِنْهُ فَوَاللهِ مَا كَرِهَنِيْ وَلَا ضَرَبَنِيْ وَلَا شَتَمَنِيْ...

(رواهُ الإِمَامُ مسلمٌ)

яъни: “Ота-онам У Зотга фидо бўсин! У Зотдан олдин ҳам, кейин ҳам У Зотдан яхшироқ муаллимни кўрмадим. Аллоҳга қасамки, У Зот мени жеркимаганлар ҳам, урмаганлар ҳам ва сўкмаганлар ҳам!” (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам энг яхши муаллим бўлганликлари учун бугунги кунимизда барча муаллимлар У Зотдан ўрнак олишлари айни муддаодир.

Муҳтарам жамоат! Маълумки, юртимизда ҳам устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қуватлаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлод баркамол, етук ва маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари каттадир. Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь кунини “Устоз ва мураббийлар куни” сифатида нишонланади. Бу кунда устозларга янада кўпроқ ҳурмат-иззат кўрсатилади ва уларга хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қилинади.

Ислом таълимотига кўра, устоз нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки, вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи аъмолига савоб тўхтовсиз бориб туради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إِذَا مَاتَ الْإِنْسَانُ انْقَطَعَ عَنْهُ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثَةٍ: إِلَّا مِنْ صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ، أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ

(رواهُ الإِمَامُ مسلمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)

яъни:  “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли (унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради): садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди ва ҳанафий мазҳабида собитқадам қилиб, тўғри ва ҳидоят йўлида бардавом қилсин! Омин!

УЛАШИНГ:

« Орқага