Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

09:47 16.08.2019 1112

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий сайтида бугунги жума мавъизасининг мавзуси эълон қилинди. Порталда таъкидланишича, бугун юртимиз масжидларида “Шукр ва сабрнинг фазилати​” мавзусида мавъиза қилинади.

Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратиб, унга сон-саноқсиз неъматлар ва туганмас яхшиликларни ато қилди. Бу неъмат ва яхшиликлари билан инсонни бошқа яратилганлардан афзал қилди. Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигининг кафолатини берди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ وَاشْكُرُوا لِلَّهِ إِنْ كُنْتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ﴾

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шукр ҳақида шундай деганлар:

“مَنْ لَمْ يَشْكُرِ الْقَلِيلَ، لَمْ يَشْكُرِ الْكَثِيرَ، وَمَنْ لَمْ يَشْكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِ اللَّهَ، التَّحَدُّثُ بِنِعْمَةِ اللَّهِ شُكْرٌ، وَتَرْكُهَا كُفْرٌ، وَالْجَمَاعَةُ رَحْمَةٌ، وَالْفُرْقَةُ عَذَابٌ“ (رواه الإمام البخاري والإمام مسلم عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ).

яъни: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга ташаккур айтмаса, улардан миннатдор бўлмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Неъматлар ҳақида гапириш – шукрдир. Уни гапирмаслик эса –ношукурликдир. Жамоат билан юриш – раҳматдир. Ёлғизлик эса – азобдир”, – дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Шукрнинг фазилатларидан яна бири шуки, инсон шукр қилса, ризқи яна зиёдалашади. Бу ҳақда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу шундай деганлар:

“إِنَّ النِّعْمَةَ مَوْصُولَةٌ بِالشُّكْرِ، وَالشُّكْرُ مُتَعَلِّقٌ بِالْمَزِيدِ، وَلَنْ يَنْقَطِعَ الْمَزِيدُ مِنَ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ حَتَّى يَنْقَطِعَ الشُّكْرُ مِنَ الْعَبْدِ“ (رواه الإمام البيهقي) .

яъни: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади” (Имом Байҳақий ривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам барча гўзал амалларни ўзларида мужассам этган зот эдилар. Шукр қилишда ҳам У Зотга етадиган бирор бир киши топилмаслигига шубҳа йўқ. Сабаби, Аллоҳ таолога дуолари ижобат бўладиган киши бўла туриб, Аллоҳ таолодан кўп мол-дунё беришини сўрамаган эдилар. Балки, Аллоҳ берган ризққа қаноат қилиб яшаганлар. Очликдан қоринларига тош боғлаб юрганларини биламиз. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай ҳолатда шукр қилган бўлсалар, ҳозирги тўкинлик-фаровонлик даврида биз фақат шукримизни зиёда қилишга эътибор қаратишимиз лозим бўлади.

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ шундай деганлар: “Ҳар бир инсон ўз ҳолига, ҳаётига, қисматига, тақдирига рози бўлишни, шукр қилишни ўрганиши керак. Чунки, бу ҳаётни унга Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло раво кўрди ва шундай бўлишини ирода қилди. Шунинг ўзи – катта марҳамат, шунинг ўзи – катта бир неъмат! Шукр қилсак, Аллоҳ бундан ҳам зиёда қилади. Аммо ношукурлик қиладиган бўлсак, бошқа ҳаётларга ҳавас қиладиган бўлсак, ўзимиздаги боридан ҳам маҳрум бўлиб қолишимиз мумкин”.

Саид ибн Жубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши шундай деганлар:

“إِنَّ أَحَبَّ عِبَادِ اللَّهِ إِلَى اللَّهِ الشَّكُورُ الصَّابِرُ الَّذِي إِذَا ابْتُلِيَ صَبَرَ وَإِذَا أُعْطِيَ شَكَرَ“

(رواه الإمام الطبري والإمام أحمد)

яъни: “Бандаларни Аллоҳ таолога энг яхшиси – мусибат келганда, сабр қилгувчи ва неъмат берилганда, шукр қилгувчисидир” (Имом Табарий ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Сабр – ҳар қандай ҳолатда инсон ўзини ушлаб ва тўхтатиб туришидир.

Мусибатларга сабр қилиш.

Маълумки, инсон ҳаёти тинимсиз курашлардан иборат. Бу дунёда биз беҳисоб ва турли-туман қийинчиликларга дуч келамиз. Ушбу курашларда кишининг зафар қучиши унинг сабр-матонатига боғлиқ бўлади.

Машҳур саҳоба Ато ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳу менга шундай деди: “Сизга жаннат аҳлидан бўлган бир аёлни кўрсатайми?” Мен: “Ҳа”, – дедим. У: “Мана бу қора танли аёл”, – деди ва сўзида давом этиб айтдики:

هذِهِ الْمرْأةُ، أتتْ النّبِيّ صلى الله عليه وسلم قالتْ: إِنِّي أُصْرعُ، وإِنِّي أتكشّفُ، فادْعُ اللّه لِي قال: “إِنْ شِئْتِ صبرْتِ ولكِ الْجنّةُ، وإِنْ شِئْتِ دعوْتُ اللّه أنْ يُعافِيكِ“ فقالتْ: أصْبِرُ، فقالتْ: إِنِّي أتكشّفُ، فادْعُ اللّه لِي أنْ لا أتكشّف، “فدعا لها“ (رواه الإمام البخاري والإمام مسلمٌ).

яъни: “Бу аёл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб: “Менинг тутқаноқ касалим бор. Тутқаноқ вақтида авратим очилиб қоляпти, Аллоҳга дуо қилинг (менга шифо берсин)”, – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар хоҳласангиз, сабр қилинг, жаннатга эришасиз. Агар хоҳласангиз, Аллоҳга дуо қиламан, сизга шифо беради”, – дедилар. Шунда аёл: “Мен сабр қиламан, лекин тутқаноқ вақтида авратим очилиб қоляпти, Аллоҳга дуо қилинг, очилмасин”, – деди. Расулуллоҳ дуо қилдилар. Аёлнинг тутқаноғи тутганда аврат аъзолари очилиб қолмайдиган бўлди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар).

Сабр-тоқат туфайли жаннатга киришнинг бир нечта шартлари бор. Булар:

  • – мусибатнинг илк дақиқаларидан сабр қилиш;
  • – сабр қилгани учун Аллоҳдан савоб умидида бўлиш;
  • – шикоятни тарк қилиш.

Абдулқодир Жийлоний: “Эй фарзанд, бало-мусибат сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади“,– деб айтганлар.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!