Таҳлил

Жуманазар отанинг қайси гапида жон бор ёхуд ўзга оламларда ҳаёт борми?

5237

Яқин кунларда ижтимоий тармоқларда наманганлик Жуманазар отанинг ўзга сайёраликлар ҳақидаги “ажойиб ва ғаройиб” ҳикояси кенг муҳокамада бўлди. Гарчи унинг гаплари на диний, на илмий, на мантиқий асосга эга бўлмасада, муҳокама қилишга арзирли сабаблар бор. Диний асосга эга эмаслигини отахоннинг жаннатнинг учинчи дарвозасига чиқиши ва инсон пешонасидаги тақдирни кўра олиш қобилияти хақидаги чўпчагидан ҳам сезиб олиш мумкин. Ахир Қуръон оятларига кўра биламизки, ғойибни билиш фақат Яратганга хосдир. Отахоннинг сўзларидан тузалмас дардларни даволаш даъвоси билан одамларни чув тушириш ва фойда олиш мақсади борлигини сезиш қийин эмас. Содда халқимиз Ҳасан табиб балосидан, “Шифобахш булоқ” офатидан ва ширкнинг уяси бўлган қуриган дарахтдан эндигина қутилганида Жуманазар ота дардига йўлиқишини истамаган бўлар эдик.

Аммо асосий мавзу – ўзга сайёраликлар ҳақида исломда қандай фикрлар ва қарашлар мавжуд? Мана шу саволга бақадри имкон Қуръон оятлари асосида жавоб излаб кўрамиз...

Ўзга сайёралар ва уларда яшайдиганлар доимо инсонларни қизиқтириб келган. Бу мавзуда турли хил ёлғон ҳикоялар, хаёлий воқеъликлар тўқиб чиқарилган. Машҳурлик илинжида, ўзга сайёраликлар билан “учрашиб турадиган” инсонлар хам кўп учрайди. Бу мавзуда шу соҳа мутахассисларида хам ихтилофлар мавжуд. Келинг, динимизда ўзга сайёралар ва уларда яшовчилар хақида нима дейилганини ўрганиб чиқамиз.

Диний манбаларимизда ўзга оламлар ва ундаги мавжудотлар ҳақида очиқ хабарлар келмаган, лекин баъзи уламолар бунга ишора қиладиган оятларни келтириб ўтишади. Масалан, ердан ташқари ҳаёт мавжудлиги қуйидаги оятда энг очиқ ишора қилинган:

«У зотнинг оят-белгиларидан осмонлару ернинг яратилиши ва уларда турли жониворларнинг таратиб қўйилишидир. Ва У зот агар хоҳласа, уларни жамлашга қодирдир» (Шўро сураси 29-оят).

Бу ерда асосий сўз «дабба» араб тилидан «жониворлар» сифатида таржима қилинган. Муфассир Юсуф Али шарҳларига кўра, «дабба» сўзи «барча турдаги жонли судралиб юрувчи ҳайвонлар» демакдир. Бошқа тафсирчиларнинг ҳисоблашича, бу сўз фаришта каби танасиз руҳий мавжудотлардан фарқли равишда «танаси бор ва ўзи ихтиёрий равишда ҳаракат қила оладиган ҳар қандай онгли мавжудот» маъносини англатади. Худди шу сўз бошқа бир муҳим оятда ҳам қўлланади:

«Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди. Бас, улардан баъзилари қорни билан юрадир, баъзилари икки оёқ билан юрадир ва баъзилари тўрт (оёқ) билан. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. …» (Нур сураси 45-оят).

Қуръоннинг Шўро сураси 29-оятини шарҳлар экан, XII асрда яшаб ўтган мусулмон олими Шаббир Аҳмад Усмани таъкидлайди:

«Бу оятдан яққол келиб чиқадики, худди ер устида турли жониворлар, тирик мавжудотлар бўлгани каби, улар осмонларда ҳам мавжуд».

Осмонларда Аллоҳ уларнинг устидан ҳукмронлик қиладиган тирик мавжудотлар борлиги кўзда тутиладиган яна бир оят:

«Осмонлару ердаги барча кимсалар Роҳманга банда бўлган ҳолларида келурлар» (Марям сураси 93-оят),

сўнгра:

«Батаҳқиқ, У зот уларни иҳота қилган ва санаб қўйгандир. Уларнинг барчалари У зотнинг ҳузурига қиёмат куни ёлғиз ҳолларида келгувчидирлар» (Марям сураси 94-95-оятлар).

Бу эса шуни англатиши мумкинки, ушбу мавжудотларда ахлоқий жавобгарлик ҳақида тушунча мавжуд, улар ўз ҳаракатлари ва меҳнатлари учун жавоб бера олади, бундан хулоса чиқариш мумкинки, ушбу организмлар ривожланган бош мия ва онгга эга.

Уламоларнинг аксари эса бу борада инкор хам қилмаслик, тасдиқлаб хам қўймасликни афзал кўришади.

Қудратуллоҳ Аҳмад

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага