Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Журналист мардикор бозорига чиқди...

5744

Шу кунларда Rost24.uz журналисти Анора Содиқова ажойиб тажрибани синаб кўрди. У яқинда аёллар мардикор бозорига журналист сифатида эмас, мардикор аёл образида борган.

Журналист шахсан ўзи мардикорликка ёлланиб, бошидан кечирганларидан «Ички ишлар ходимларининг “ички найранглари” ёхуд Миллий гвардия кўз ўнгида ўлиб кетишига оз қолган "мардикор-журналист" кечинмалари» сарлавҳаси остида мақола ёзган.

Ушбу мақолада бугунги кунда журналистлар гендер тенглиги ҳақида жар солаётган бир даврда мардикор бозор аёллари бир кунлик ош-овқатга, ижарага пул топиш учун офтоб тиғида ер чопишга ҳам тайёрлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизим ходимлари истаган фуқарони жиноятчига, хоҳлаганини жабрдийдага ва албатта, истаганини туҳмат билан қамоққа тиқиш даражасидаги тузилмага айлангани ҳақидаги гап-сўзлар қанчалик рост эканлиги борасида фикр юритилган.

«Мардикорликнинг иккинчи куни қизиқ ва хатарли ҳодисалар мени таъқиб қилди. 2018 йил Афғонистонга борганимда ҳам бошимдан бир тола сочим тўкилмаганди. Аммо мусаффо осмон остида Миллий гвардиядек қўриқчилари бор мамлакатимизда ўлиб кетишимга оз қолди. Кутилмаганда ички ишлар ходимларининг ички ишлари, тўғрироғи «ички найранглари» билан ҳам танишишга эришдим» - деб ёзади Анора Содиқова.

Журналист мардикор бозорига ишчи аёл қиёфасида боради ва шу ердаги ўзига ўхшаб ишлашга чиққан аёлларга у ҳам иш излаб келганини айтади. Улар дарров Анора Содиқовага маслаҳат бера бошлайди:
«Аёллар менга маслаҳат беришда давом этади. «Ёш экансиз, шерик билан юринг», дейди бир аёл. «Ишга олиб бориб, тегажоғлик қилиб қолиши мумкин. Одамларни юзидан билиб бўлмайди. Ишлатиб кун кеч бўлгач, «Уйимдан нарсамни ўғирладинг, милицияга бериб юбораман», деб пулингизни бермай ҳайдаб юбориши ҳеч гап эмас. Шунда икки киши бўлганингиз яхши», дейди у.

Шунингдек, бу жараён ҳақида журналист шундай ёзади:
«Мен четроққа ўтиб, орқадаги ишчилар юзи кўринмаслиги учун узоқроқдан бозор фонида ўзимни суратга олишга уриндим. Телефонимда бир икки суратни туширганимдан сўнг шу атрофда юрган Миллий гвардия ходимларининг икки нафари ёнимга яқинлашди. Улардан бири гап бошлаб, ҳозир суратга олганимда улар ҳам тушиб қолган бўлиши мумкинлигини, ўчириб ташлашимни сўради. Аслида хизмат вазифасини бажараётган Миллий гвардия ходимини суратга олиш тақиқланмаган. Бунинг устига, зобит ўзини ҳам таништирмади, нега шубҳали кўринганим ва нега суратларни ўчиришга мажбурлигимни ҳам тушунтирмади. Назаримда, Миллий гвардия йигитларида мардикор аёлларга ҳам барча фуқаролар қатори рисоладагидек муомала қилиш керак, деган тушунчанинг ўзи йўқ бўлса керак. Мен шунга қарамасдан суратларни уларга кўрсатиб, ўчириб ташладим, лекин улар бундан қониқмади. Телефонни беришимни, уларнинг ўзи телефонимдаги суратларни кўриши кераклигини айтди. Рози бўлмадим. Телефон шахсий мулким ва беришга мажбур эмаслигимни тушунтириб улардан узоқлашишга уриндим. Аммо гвардия ходимлари ортимдан “телефонингни бер”, деб бақириб келаверди ва мардикор аёлларга мен ниқобсизларни суратга олаётганимни айтиб ишора қилди. Шунда бирдан икки нафар аёл келиб мени ура бошлади. Орқадан яна бошқаси келди, улар ҳам Миллий гвардия ходимларига қўшилиб, “телефоннингни бер”, дея бақира кетишди. Атрофда ҳеч ким аёлларни тўхтатишга уринмасди».

Тўполон орасида аёллардан қайсидир бири журналистни телефонини тортиб олади. Бу вақтда А.Содиқованинг ҳамкасблари ҳам етиб келади ва уларни машинасига миниб у ердан узоқлашишади. Лекин ҳамкасбларидан бири у ерда қолиб кетади.

«Иккинчи ҳамкасбим ўша тўполон ичида қолиб кетди. Қизиқ, ортимдан қувиб келган аёлларни нега Миллий гвардия йигитлари тўхтатишга уринмади, мени калтаклаётганларни нега тўхтатмади? Ҳамкасбим ва мени калтаклаган аёлларни Тошкент вилояти, Тошкент тумани, Келес шаҳри «Ифтихор» маҳалласи ҳудудий профилактика хонасига олиб боришган. У ерда мени қутқарган журналистга қарши, мени калтаклаган аёллар кўрсатма берган. Эмишки, бу одам аёлларни икки кун аввал Юнусобод даҳасига олиб борган ва уни массаж қилишларини «сўраган» ҳамда уларни «зўрлашга уринган». Кўнмаган аёллар машинадан тушиб қолган. Бу юзасидан телефонга олинган сьёмка ҳам бор экан» - деди журналист.

Хуллас, юқори турувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган мутасадди раҳбарларига қўнғироқ қилиб, бўлган вазият тушунтирилганидан сўнггина зўрлаганликда айбланган Анора Содиқованинг ҳамкасби қўйиб юборилади. Бироқ, ёлғон кўрсатма берувчиларга ҳеч қандай чора кўрилмайди. Эртаси куни Анора Содиқова Келес кўприги яқинидаги «Фаровон» маҳалласи профилактика инспекторига Миллий гвардия ходимлари устидан ариза бериш учун боради. Воқеаларни оқизмай-томизмай, борича тушунтиради. Улар кеча Анора Содиқова ҳамкасбини индамай қўйиб юборишгани учун бугун у ҳам индамай кетишини сўрашади. Анора Содиқовага ИИБ ходимлари агар шу воқеалар ҳақида материал ёзса, Келес кўпригидаги 200 нафар мардикор аёллар журналистнинг ишхонаси олдига жанжал кўтариб боришларини, уни шарманда қилишлари мумкинлигини айтади. Бу ҳақда Анора Содиқова «Қизиқ, бу ўзига хос қўрқитувми, шантажми ёки бизда оммавий митингларни Миллий гвардия ва ИИБ уюштирадими?» деб ёзади.

Мазкур иш юзасидан Анора Содиқова тегишли ташкилотга ариза билан мурожаат қилган. Лекин мурожаат тақдим қилинганига ўн кундан ошган бўлсада, ҳозирча инспектор жиноят аломатлари йўқлигини, маъмурий жазога тўғри келиши мумкинлигини, аммо иш ҳамон кўрилаётганини билдирган.

Агар бизнинг журналистларимиз воқеаларни жойига бориб ўрганмаса, ижтимоий тармоқлардаги хабарларга таяниб иш кўраверса, унда ҳақиқат қачон рўёбга чиқади? Лекин улар бошқа соҳа вакилларини камситмаган ҳолда уларга ўхшаб шу иш машаққатини тортиш учун ишчи қиёфасида вазиятни ўргангани борса-ю, бироқ унинг бошида калтак синаверадиган бўлса, у ҳолда журналистни ким ҳимоя қилади?

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Журналистга халақит берганлик учун жазо бор

304 09:00 09.06.2021

АОКА «мардикорга чиққан журналист» масаласи бўйича муносабат билдирди

2350 17:45 04.06.2021

Фаластинни қўллагани учун ишдан бўшатилган журналист ижтимоий тармоқларда таъқиб қилинмоқда

2214 20:20 23.05.2021

Мьянма: рўза тутган журналист карцерга ташланди

895 16:30 07.05.2021

Афғонистон: журналистлар икки ўт орасида қолди

382 13:40 06.05.2021
« Орқага