Каъбапўшни ким тикади?

09:00 30.06.2018 755

Мухтор Алим Шакдар қора тусли Каъбапўш – Кисвани тикадиган расмий хаттот ҳисобланади. У 1996 йилда 90 ёшида вафот этган хаттот Абдулраҳим Бухорийнинг ишини давом эттирмоқда. 

Алим Шакдар 1978 йилда Масжидул Ҳаром ҳузуридаги хаттотлик мактабига ўқишга кирди ва у ерда икки йил таҳсил олди. Ўшанда у бошланғич мактабда ўқир, тўртинчи синфни тамомлаган болакай эди.

Бакалавриатни тугатганидан кейин Алим Шакдар 20 йил давомида турли таълим муассасаларида ўқувчиларга хаттотлик сирларини ўргатди. Айни пайтда у хаттотлик бўйича магистр даражасига эга ва Масжидул Ҳаромда Қуръони Каримдан сабоқ бермоқда. 

“Устозларимдан бирининг тавсияси билан 2003 йилда мени «Kiswa» фабрикасига ишга таклиф этишди. Биз ишда замонавий компьютер технологияларидан фойдаланмиз. Кисвадаги барча ёзувлар Абдулраҳим Бухорийнинг сўнгги ишлари асосида чоп этилади. Мен фақатгина қирол Абдуллоҳ ва қирол Салмоннинг исмларини қўшдим, жузъий қўшимчалар киритдим”, – дейди хаттот. 

Каъбапўшни тайёрлаш бир неча босқичдан иборатдир. Аввалига матн қўл билан қоғозга ёзилади, кейин унинг устида компьютер графикаси рассоми ишлайди. Ишланган матн шаффоф қоғозда чоп этилади. Тайёр шаблонлар тикув цехига жўнатилиб, олтин ва кумуш қопланган махсус игналарда усталар томонидан тикилади. Компьютер технологиялари Кисвани тикиш ишини осонлаштирган бўлса-да, унинг бетакрор гўзаллиги ўзгаргани йўқ.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!