Кал тўти (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

18:40 14.09.2018 1528

Баққол дўконида патлари яшил, овози ёқимли тўти боқарди. Тўти нашъали гаплари билан харидорларни кулдирар ва дўконда қоровуллик қилар эди.

Бир куни баққол тўтини дўконда қолдириб, шошилганча уйига кетди. Бироздан сўнг бир мушук сичқон қувлаганча дўконга югуриб кирди. Мушукни кўрган қуш жон аччиғида учиб тепароққа, гулёғи шиша идишлар устига қўнди. Қўрқувнинг зўридан шишадан шишага учиб бир нечтасини синдириб юборди. Баққол ишини битириб, дўконига қайтди. Қараса, ҳаммаёқ ағдар-тўнтар, қимматбаҳо ёғлар тўкилиб-сочилган. Буни тўти қилганини дарҳол англади. Ғазаби қўзиб қушининг бошига зарб билан урди. Тўтининг бошидаги патлари тўкилиб тушди ва кал бўлиб қолди. Баққол ўз қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлиб: «Бу қушни ургандан кўра қўлларим сингани яхши эди!», деб ачинишга тушди. Устига-устак, тўти гапиришни ҳам буткул йиғиштирди. Суюкли қушининг яна гапириши учун уни ширинликлар билан сийлади, назрлар қила бошлади, йўқсилларга садақа улашди. Орадан уч кечаю уч кундуз ўтди. Баққол дўконида хафа ҳолда, «Тўтимни яна қайтадан қандай гапиртирсам?», дея ўйлаб ўтирарди. Қушига турли ажойиб-ғаройиб томошалар кўрсатарди. Шу пайт дўкон олдидан кал бир дарвеш ўтиб қолди. Тўти уни кўрган заҳоти: «Эй дўстим! Сен нега кал бўлдинг, йўқса сен ҳам менга ўхшаб гулёғи шишаларни тушириб юбордингми?», дея қичқира кетди...

Қиссадан ҳисса шуки, тоза ва покиза кишиларнинг ишини ўзингникига қиёслама. Араб имлосидаги «шер» ва «шир» сўзлари бир хил шаклда ёзилади. Лекин биридан асал томса, иккинчисидан заҳар томади. Икки қамиш ҳам бир кўлда ўсади. Бирининг ичи бўш, иккинчисиники тўла шакар. Ушбу тақлидчи тўти билан Ҳақ таолонинг розилигини истаб қаландарлик йўлини танлаган дарвеш орасида ҳам беҳад фарқ бор.

Пурмаъно ҳикоядан яна шундай хулоса қилиш мумкинки, инсон ишида шошилмаслиги даркор. Жаҳл билан, шошқалоқлик қилиб иш бошласалар, охирида пушаймон бўладилар.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!