Меҳнат миграциясини ташкиллаштириш доирасида 400 нафар ўзбекистонлик Набережние Челни шаҳрига КамАЗ корхоналарида ишлаш учун кетади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берган.
Ўзбекистон фуқаролари бундай имконият Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида, шунингдек, КамАЗ ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасида тузилган шартномалар туфайли ташкил этилган. Энди ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россияга уюшган ҳолда замонавий саноат корхонасида ишлаш учун боришлари мумкин бўлади. Қайд этилишича, улар расмий иш билан таъминланади, уларга ижтимоий кафолатлар, имтиёзлар ва ётоқхона берилади.
Бундан ташқари, «КамАЗ» компанияси Ўзбекистондан Набережние Челнига ва шаҳар ичида транспорт харажатларини қоплайди, шунингдек чет элликларга ихтиёрий тиббий суғурта полисини беради.
Таъкидланишича, корхонанинг Набережние Челни саноат минтақасида қуйиш ва темирчилик, двигатель заводи, пресс-рамка, автомобиль, таъмирлаш ва асбобсозлик заводлари, шунингдек «Мастер» саноат парки жойлашган.