Ислом

Камбағалликдан қутилишнинг исломий йўллари

1705

Ислом дини камбағалликка қарши курашиб, унинг эътиқод, ахлоқ-одоб, оилага зарари тегмаслиги учун интилади, жамиятда барқарорликни таъминлаш, одамлар орасида дўстлик алоқаларининг мустаҳкамланиши учун йўл-йўриқ кўрсатади.

Биринчи чора: амал

Ислом дини ҳар бир кишига Аллоҳнинг беражак ризқини топиш учун имкон қадар интилишни буюради: “У сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва унинг ризқидан енг” .

Бу ерда амал деганимиз, инсон ўзига керакли нарсаларни қўлга киритиши учун бажариши лозим бўлган вазифалардир.

Фақирликни йўқотиш учун энг муҳим ва бирламчи чора меҳнат қилиш ҳисобланади. Пул топиш учун ҳам, Аллоҳ буюрганидек ер юзини обод қилиш учун ҳам аввало меҳнат қилиш керак. Қуръони каримда Солиҳ алайҳиссаломнинг ўз қавмига айтган қуйидаги сўзлари келтирилади: “У: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун ундан ўзга илоҳ йўқ. У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” деб айтди” .

1.  Динимизда ҳар бир инсон ўзининг қобилияти ва имкониятига қараб ўзи хоҳлаган касб билан шуғулланиши мумкин. Ҳеч кимни ўзи хоҳламаган ишга мажбурланмайди. Фақат кишининг ўзи танлаган касби сабабидан бошқалар ҳам, жамият ҳам зарар кўрмаслиги шарт. Бу зарар моддий бўладими ёки маънавий фарқи йўқ. Ислом динида ман қилинган ҳар қандай касб-корнинг асосида айнан шу қоида ётади.

2.  Меҳнат қилган инсон катта имкониятларга, ажру савобларга эга бўлади ва асосий эҳтиёжларига, оилавий сарф-ҳаражатларига етадиган маблағни қўлга киритади. Бу кўрсатмаларга амал қилиб, меҳнат қилган кишининг саъй-ҳаракати бекор кетмайди, аксинча, пешона териси қуримай туриб, улкан ажр-савобларга эга бўлади. Қолаверса, меҳнатининг мукофоти ва роҳатини бу дунёда ҳам кўради, албатта. Унинг ҳақига заррача хиёнат қилинмайди. Зеро, бу унга нисбатан зулм бўлиб қолади. Зулм эса, Ислом динида энг катта жиноятлардан бири саналади.

Ислом кишини меҳнат қилишдан, касб-кор қилишдан тўсадиган айрим нотўғри қарашларга ҳам ўз ўрнида ечим топа билган диндир. Улар қуйидагича:

1.  Айримлар “мен Аллоҳга тавваккал қилганман” деб, умуман қўлларини совуқ сувга урмайдилар ва ризқни осмондан тушишини кутадилар. Ислом дини бундай қарашларни қоралайди. Чунки Аллоҳга таваккал қилиш, бу – меҳнат қилмасдан, сабабларни бажармасдан ўтириш, дегани эмас. Набий алайҳиссалом Аллоҳга таваккал қилиб, туясини яйловга қўйиб юборган саҳройи арабга: “Аввал уни боғлаб, кейин Аллоҳга тавваккал қил”  деб буюрганлар.

Ривоят қилишларича, тасаввуф аҳлидан бўлмиш Шақиқ Балхий раҳматуллоҳи алайҳ тижорат мақсадида йўлга отланади ва сафари узоққа чўзилишини ҳисобга олиб, нарсаларини тақводор ва зоҳид дўсти Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ ҳазратларига омонат қолдиради. Лекин кўп ўтмай Шақиқ Балхий сафардан қайтиб келади. Бу пайтда Иброҳим ибн Адҳам ҳазратлари масжидда ўтирган эдилар. Ундан: “Нега бунча эрта қайтдинг?” деб сўраганларида Шақиқ Балхий “Сафарда бир ажойиб ҳолат юз берди” дейди. “Яхшиликка бўлсин, нима бўлди ўзи?” деб сўрайдилар Иброҳим ибн Адҳам. Шақиқ Балхий:

“Йўлда бироз дам олиш учун четга чиқдим. Қарасам, у ерда бир чалажон, кўзлари кўр қуш ётар эди. Ҳайрон бўлиб ўзимга ўзим “Бу қуш юра олмаса, кўра олмаса, бундай жойда қандай қилиб жон сақлаяпти экан?” дедим. Кўп ўтмай бир қуш унга таом кўтариб келди ва бу ҳаракатини кун бўйи бир неча маротаба такрорлади. Кейин ўзимга ўзим дедим: “Шундай жойда бу қушни ризқлантириб қўйган Зот менга ҳам ризқ беради”, дедимда ортимга қайтдим”, деди.

Шунда Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ бундай дедилар: “Эй Шақиқ, нега бировларнинг қўлига қараб қолган қушнинг йўлини тутдинг? Нима учун ўзига ҳам, бошқаларга ҳам нафи тегадиган қушнинг йўлини танламадинг? Берувчи қўл олувчи қўлдан яхши эканини билмайсанми?”

Шунда Шақиқ ўрнидан туриб ҳазратнинг қўлларидан ўпди ва “Эй Абу Исҳоқ, сиз бизнинг ҳақиқий устозимизсиз” деди ва яна сафарга отланди.

Айрим жоҳил кимсалар қуйидаги ҳадисни ўзларининг ботил тушунчаларига ҳужжат қилиб оладилар: “Агар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилсангиз сизларни ризқлантириб қўяди. Худди, тонгда оч кетиб, кечаси тўқ қайтиб келадиган қушни ризқлантириб қўйганидек”.

Аслида ушбу ҳадиснинг ўзи уларга қарши далил ҳисобланади. Чунки бу ўринда ўша қушнинг тўқ қайтиб келиши учун эрталаб ризқ талабида чиқиб кетиши шарт қилинмоқда. Яъни бу ҳадисда ризқ топиш учун саъй-ҳаракат қилиш кераклиги таъкидланяпти.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳдан “Бир киши уйида ёки масжидда ўтириб “Ризқим ўзи келади, амал қилишим шарт эмас” деса, бунга қандай муносабат билдирасиз?” деб сўрашганида, у зот: “Ундай одам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ризқим меҳнатларим эвазига берилади”  деган сўзларини эшитмаган, жоҳил одам бўлади”, деб жавоб берган эканлар.

Аллоҳ таоло ерни баракали, сермаҳсул қилиб яратди. Аллоҳнинг неъматлари шунчалар зиёда ва баракалики, бандалар тўкин ҳаёт кечиришлари учун бемалол етиб ортади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Батаҳқиқ, сизларга ер юзида қудрат ва имкониятлар бердик ва унда сизлар учун яшаш воситалари қилдик. Қанчалар оз шукр қиласизлара” .

Шунингдек, Аллоҳ таоло бошқа оятда бундай дейди: “Батаҳқиқ, Биз бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (уловла) кўтардик, ҳамда, уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик” ;

“Аллоҳ сизга ерни қароргоҳ, осмонни том қилган ва сизларнинг суратларингизни гўзал суратда қилган, сизларга пок нарсалардан ризқ берган Зотдир. Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Бас, оламларнинг Робби Аллоҳ барокотли (юксак) бўлди” .

Аллоҳ таоло жамики инсонларнинг, ҳатто барча жонзотларнинг ризқини Ўз зиммасига олган: “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир” ;

“Албатта, Аллоҳ Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир” .

Лекин Аллоҳ таолонинг ҳикмати шуни тақозо қиладики, кафолати берилган ризққа эришиш учун инсон имкон қадар саъй-ҳаракат қилиши лозим. Айнан шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло емоқ учун ҳаракат қилиш лозимлигини айтади: “Бас, унинг турли жойларида юринг ва унинг ризқидан енг” .

Демак, ким саъй-ҳаракат қилса, ейди. Қодир бўлатуриб ҳаракат қилмаган киши эса маҳрум бўлади. Ривоят қилишларича, Ҳазрат Умар намоздан сўнг бир гуруҳ мусулмонларнинг масжидда ўтирганларини кўрадилар. Улар: “Биз Аллоҳга таваккал қилганмиз” дер эдилар. Шунда Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу бундай дедилар: “Ҳеч ким ризқ учун ҳаракат қилмай, ўтириб олиб “Аллоҳим, менга ризқ бер” демасин! Осмондан тилла ёки кумуш ёғмайди. Чунки Аллоҳ таоло “Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг” деб марҳамат қилган.

(давоми бор)

Ёрбек Исломнинг «Исломда бойлик ва камбағалликка муносабат» китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ислом хаёл эмас, ҳаёт динидир!

1799 11:55 04.04.2020

«Исломда бойлик ва камбағалликка муносабат»

341 20:04 03.04.2020

Бойлик, саховат саҳобалар ва ҳозирги бойлар мисолида

1401 12:30 03.04.2020

“Ислом умматининг 100 буюк шахси”: Имом Шавконий

598 20:30 02.04.2020

Закотни қанча бериш керак?

538 20:00 02.04.2020

Закот ҳақидаги мулоҳазалар

317 12:00 02.04.2020
« Орқага