Ислом

Камбағалликнинг оилага таъсири

1514

Йўқчиликнинг оилага зарари жуда кўп. Жумладан, аввало оила қуриш, оилани сақлаб қолиш, унинг мустаҳкам бўлиши молиявий ҳолатга ҳам боғлиқ. Йигит кишини оила қуришдан тўсиб турадиган энг катта тўсиқлардан бири айнан камбағалликдир. Нафақат оила қуриш, балки маҳр, рўзғор, мустақил ҳаёт кечиришга ҳам маблағ зарур. Айни шу сабабдан Аллоҳ таоло оила қурмаганларга имкон топгунларига қадар иффатларини сақлашга буюради: “Никоҳ (имкон)ни топа олмаганлар, то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунича иффатларини сақласинлар” ( Нур сураси, 33-оят).

Ҳаётда кўп гувоҳ бўламиз, кўпчилик қизлар камбағалроқ яшайдиганларга турмушга чиқишдан бош тортади. Ота-оналар ҳам қизини турмушга узатишда бу жиҳатни албатта эътиборга олади. Йўқчилик азалдан катта дардлардан бири бўлиб, буни Қуръони карим ҳам эътироф этади ва ота-оналарга куёв танлашда фақат молиявий томонини эмас, салоҳиятини ҳам эътиборга олишлари лозимлигини уқтиради: “Ораларингиздаги никоҳсизларни ва хизматкорларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир” (Нур сураси, 32-оят).

Йўқчилик ахлоқ-одобга таъсир қиладиган иллатлардан бири саналиб, оила мустаҳкамлигига путур етказади. Кимдир эридан, кимдир аёлидан шикоят қилиб, ажрашишни маъқул кўради. Бу нарсалар Ислом қонунчилигида ҳам эътиборга олинган бўлиб, “зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ” қоидасига кўра, агар эрнинг оилани боқа олмаслиги маълум бўлса, аёлнинг талаби билан қози уларни ажраштириб юборади.

Йўқчилик оила аъзоларига нисбатан меҳрни, муҳаббатни камайтиради. Баъзан инсон йўқсиллик туфайли ўз жигаргўшасини ўлдиришгача боради. Бу инкор этиб бўлмас ҳақиқат бўлиб, воқеликда юз берганини ва юз бериши мумкинлигини Қуръони карим ҳам эътироф этган ҳамда бундан қаттиқ қайтарган: “Фақирлик туфайли болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз” (Анъом сураси, 151-оят) Бошқа оятда қуйидагича келади: “Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир” (Исро сураси, 31-оят)

Эътибор берсак, биринчи оятда “фақирлик туфайли” дейилди. Яъни бу ерда камбағаллик юзага келиб бўлгани айтилмоқда. Иккинчи оятда эса “фақирликдан қўрқиб” дейилди. Бу ерда камбағаллик ҳали юзага келмаган, лекин унинг келишидан хавф бор ҳолат назарда тутиляпти. Оятда камбағаллик боисиданми ёки ундан қўрқибми, фарқсиз – жиноят қилишга сабаб бўла олмаслиги таъкидланмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай жирканч ишни ширкдан кейин санаганлари ҳам бежиз эмас. У зотдан: “Энг катта гуноҳ нима?” деб сўрашди. “Сени яратган Аллоҳга ширк келтиришинг”, дедилар. “Кейинчи?” деб сўрашди. “Таом беришдан қўрқиб фарзандингни ўлдиришинг”, дедилар (Бухорий, Муслим)

Ислом дини иқтисодий омилларнинг инсоний фазилатларга ана шундай салбий таъсир қилишини, ҳатто баъзилар одамгарчиликдан чиқиб, разил ишларни ҳам қилиши мумкинлигини эътироф этади. Лекин бу билан ҳамма ёмон ишларга иқтисодий танглик сабаб бўлади, дейиш ҳам нотўғри, албатта.

Камбағалликнинг жамият барқарорлигига таъсири

Йўқчиликнинг юқоридагилардан ташқари жамият ва унинг барқарорлигига ҳам таъсири катта.

Абу Зарр розияллоҳу анҳу: “Ажабо, уйида егани нарсаси йўқ одам, қандай қилиб одамларга қилич кўтармаслиги мумкин?!” деган эканлар.

Умумий офат ёки бирор сабаб жамиятда камбағаллар кўпайган, йўқчилик элга келган “тўй”дек бўлса чидаш мумкин. Бироқ адолатсизлик натижасида кимдир бой, бошқаси камбағалга айланган, одамлар бир-бирини талашни одат қилган ва жамиятда кўпчилик бу дардга мубтало бўлса, бу ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Фақирлик балоси парокандалик, фитна-фасодлар урчишига, инсонлар ўртасида одамгарчиликнинг йўқолишига боис бўлувчи офатга айланади.

Жамиятда қасрлару кулбалар, тўқчилигу йўқчилик бўлар экан, ҳасад ва нафрат қалбларда аланга олаверади. Бу алангада эса ҳўлу қуруқ баравар ёнади, тўқлар билан очларнинг ўртасидаги жарлик кенгайиб бораверади. Натижада эса, бузғунчи ғояларнинг ўлаксахўр пойдеворлари ўз инларини йўқсиллик қурбонлари орасида қура бошлайди.

Бундан ташқари, камбағаллик миллатнинг юксалиши, эркинлиги ва мустақиллигига ҳам таҳдид солади. Бир бурда нонга муҳтож бўлган кишининг кўксида ватанини, миллатини ҳимоя қилиш деган туйғулар бўлмайди.

Камбағалликнинг ана шундай зарарлари бор. Ҳали озиқ-овқат танқислиги, оғир шароитлар оқибатида вужудга келадиган касалликлар ёки бошқаларнинг камситишлари, ҳўрлашлари натижасида юзага келадиган руҳий зўриқишлар ҳақида батафсил гапирганимиз йўқ.

1.  Ислом камбағалликка нисбатан жабарийларнинг қарашларини инкор этади

Ислом дини камбағалликни муқаддас деб биладиганларнинг қарашларини ёқламаганидек, йўқчиликни тақдирнинг ўзгармас қонуни ва уни ҳеч ким ўзгартира олмайди деб ҳисоблайдиган жабарийларнинг эътиқодларини ҳам инкор этади.

Ундайларнинг фикрича, камбағаллик ҳам, бойлик ҳам Аллоҳнинг хоҳишига кўра бўлгани учун ҳар бир киши Аллоҳнинг иродасини барча нарсадан устун деб билиши ва бунга рози бўлиши керак, уни ўзгартиришга ҳаракат қилмаслиги лозим.

Бундай қараш оғир вазиятларни ўнглаш, жорий воқеликларни ўзгартириш, адолат қилишга уриниш ва бирдам бўлишга интилишни қоралайди.

Исломнинг мукаммаллиги шундаки, у инсонни камбағаллик ва муҳтожлик кишанларидан озод қилишни, эркин ҳаётда шахснинг дахлсиз бўлишини ва жамиятдаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашни кўзлайди. 

Ажабланарли тарафи, камбағаллар асл ҳақиқатни билмаганлари ва ҳар гапга индамай кўниб кетаверадиган бўлгани учун жабарийлар қарашини маъқуллаган бўлсалар, бой кимсалар кибрлари ва ёвуз мақсадлари йўлида бунга хайрихоҳлик билдирганлар. Бу оқимга айрим диндорларнинг бўйин эгишлари эса, ғафлатдан бошқа нарса эмас.

Ислом келган пайтда ҳам бундай қарашлар мавжуд эди. Шунинг учун ҳам исломий қонун-қоидаларда бойларнинг Аллоҳ берган ризқдан инфоқ қилиши белгилаб қўйилди ва ўз ихтиёрича муҳтожларга ёрдам қўлини чўзган саховатпешаларга улкан ажрлар ваъда қилинди. Йўқчилик Аллоҳнинг мажбурий ва ўзгармас қонунидир, деганларга қуйидаги оят раддия беради: “Уларга “Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ қилинглар”, дейилганида, куфр келтирганлар иймон келтирганларга “Аллоҳ хоҳласа, Ўзи таом берадиган кимсани биз таомлантирамизми?! Сиз очиқ-ойдин залолатдан бошқа нарсада эмассиз”, дерлар” .

Уларнинг даъволарича, Аллоҳ бева-бечораларни таомлантиришни хоҳласа, осмондан нону таомларни нозил қилар эмиш. Бундан ҳам ақлсизроқ қараш бўлиши мумкинми?! Аллоҳ инсонларни бир-бирларига боғлиқ равишда ризқлантиришини тушуниш наҳотки қийин бўлса?! Ахир, уларнинг қаричи билан ўлчанган тақдирда ҳам, камбағалга ёрдам берган киши Аллоҳнинг иродаси билан ёрдам берган бўлади-ку?

Динимизда энг катта қарашлардан бири шуки, муаммо бор экан, албатта, унинг ечими ҳам бўлади. Дардни яратган Зот даво чораларини ҳам чиқариб қўйган, касал қилган Зот даволашгада қодирдир. Касаллик ҳам, давоси ҳам тақдирдан. Ҳақиқий мўмин киши тақдирни розилик билан қарши олиши керак.

Қисматига битилган очликни қисматидаги таом билан кетказсин, пешонасига битилган чанқоқликни пешонасига битилган ичимлик билан қондирсин. Шу ўринда Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу билан бўлиб ўтган бир воқеани келтириш айни муддао бўлади. У зот Шомда вабо тарқалгани туфайли у томон бошланган сафарларини бекор қиладилар ва бошқаларни ҳам қайтарадилар. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуга “Аллоҳнинг тақдиридан қочамизми, эй мўминлар амири?” дейишганида “Ҳа, Аллоҳнинг тақдиридан Аллоҳнинг тақдирига қочамиз” деб жавоб берадилар .

Камбағаллик бир дард экан, Аллоҳ унинг даво чораларини ҳам белгилаб қўйган. Йўқчилик Аллоҳнинг тақдири экан, ундан қутилиш учун ҳаракат қилиш ҳам Аллоҳнинг тақдири билан бўлади.

(давоми бор)
Ёрбек Исломнинг «Исломда бойлик ва камбағалликка муносабат» китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Гадойликдан олимликкача

1872 03:40 18.05.2020

Раво кўрмаса Маъбуд, найласин султон Маҳмуд?

1935 03:59 13.05.2020

Камбағаллар шифокори

1236 23:30 08.05.2020

Бутун дунёни низолар, очлик ва қашшоқлик кутиб турибди, агар...

972 11:30 08.05.2020

«Исломда бойлик ва камбағалликка муносабат»

971 20:04 03.04.2020

Закотни қанча бериш керак?

1258 20:00 02.04.2020
« Орқага