Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Иймон

Камтарин, чин мўмин адиб эдилар

2603

 

Бугун янгилик сайтларидан бирида улуғ адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик вафот этганига 3 йил тўлгани ҳақида ўқиб қолдим. Ўқидим-у, адиб ҳақида қачонлардан бери ёзишни диллаб қўйганим бир хотирани шу бугун сатрларга тўкишга қасд қилдим...

Диний-маърифий китоб мухлислари “Ирфон” тақвимини яхши билишади. Тақвим, Аллоҳнинг мадади билан, 2005 йилдан, токи тобора диний эркинликлар йўли қисқариб, шу мазмунда китоб нашр қилиш айни машаққатга айланиб кетган 2016 йилгача бўлган даврлардан ҳам омон чиқди, алҳамдулиллаҳ. Масъул идоралар диний китобларнинг деярли ҳар бир сатрини ўта синчиклаб ўқишар, дилларига сал “ўтиришмаган” ёки бироз чўчитган сатрларни аямай чопқилашар, қисқаси обдон силлиқлашгандан кейингина босишга изн беришарди. 

2007 йилнинг кеч кузи. “Ирфон”нинг қишки сонига рухсат олиш учун тегишли ташкилотларга берганмиз. Бир куни масъул идоранинг масъул ходимларидан бири ҳузурига чақирди. 

– Хўўш, тақвимингизни кўриб чиқдик, тегишли тузатишлар қилинди (булар, таъбир жоиз бўлса, боққа болта билан кириб, мақолаларни роса чопқилаганларини силлиққина қилиб “тузатиш” дейишарди. Н. А.). Энди рухсат учун биргина иш қолди. 

– Қандай иш экан, дедим бироз чўчиброқ.

–  Мундай олиб қаралса, оддий иш. Хуллас, менинг учала фарзандим ҳам ёзувчи Тоҳир Маликнинг мухлиси. Ўшаларни бир хурсанд қиласиз. Бунинг учун ёзувчининг учта китобидан олиб, дастхат ёздириб келасиз, мана бу қоғозда болаларимнинг исми ёзилган. Уларни алоҳида-алоҳида қилиб ёзиб берсин!

– Ким ёзиб берсин? дедим тушунмайроқ.

– Ким бўларди, Тоҳир Маликда!

Мен масъул шахснинг юзига тикилиб қарадим. Гарчи фарзандлари шундай адибнинг мухлиси эканига хурсанд бўлсам ҳам, унинг бундай “бемалолчилиги”дан ҳайрон қолдим. Бу одамга осон, талабини айтди-қўйди. Ҳамма гап уни бажаришда. Майли, “Шайтанат” асаринику бир амаллаб топарман (ўша пайтларда ўта оммалашган ва расталардан топиш бироз мушкул бўлган). Аммо Тоҳир Малик менинг кимим эдики, бу одамнинг учта боласига номма-ном дастхат ёзиб берса?! Ана шу ўйлар оғушида шеригим Шоакмал билан айтилган китобларни сўраб-суриштириб топдик. Энди Тоҳир Малик билан кўришиш қолди. Бир-икки кун бу ишга журъатимиз етмади. Бироқ вақт ўтиб борар, тезроқ ишни битирмасак, тақвимнинг чоп этиш фурсати ўтиб кетарди. Ахири, бор жасоратимизни тўплаб, адибнинг Тинчлик мавзесидаги уйларига йўл олдик. Йўлда кетиб борар эканман, шундоқ улуғ ёзувчи муҳташам кошонада яшаса керак, ахир китоблари пешма-пеш нашрдан чиқиб, қўлма-қўл ўқилаётган бўлса, деган ўйда эдим. Қаёқда! Одамлардан сўраб-суриштириб, топиб борган манзилимизда бизни анча аввал қурилган, одатий тошкентликларнинг ўта содда ҳовлиси қарши олди. Ҳайрон бўлиб, дарвозани аста чертдик, овоз бўлмади. Эшикни чия очиб, ичкарига овоз бердик. Ҳовли тўридан адибнинг аёли Муқаддас ая чиқиб келдилар. Салом-аликдан сўнг Тоҳир аканинг олдиларига муҳим иш билан келганимизни айтдик. “У кишининг мазалари йўқроқ, ётувдилар”, деган жавобдан руҳимиз тушиб кетди. Бир кўнглим, узр айтиб қайтиб кетайликмикан ҳам дедим, аммо унда рухсат масаласи нима бўлади? Ахир, ҳамма нарса тайёр, рухсат қоғозини олиш учун эса, мана бу юмушни бажариш керак... Бироз тараддуддан кейин минг истиҳола билан Муқаддас аяга жуда танг ҳолда қолганимизни, адиб билан кўришмасак бўлмаслигини айтишга мажбур бўлдик. Гапимизни эшитиб туриб, майли, қани, айтиб кўрай-чи, деб ичкари кириб кетдилар. Бизнинг хижолатдан юзимиз лов-лов ёнар, айни дамда бу иш қандай якун топишини ўйлаб, юрагимиз пўкилларди. Орадан бир муддат ўтиб, тўрдаги уйнинг эшиги яна очилди. Бу сафар Тоҳир ака кўриндилар. Чопонга ўраниб олган адибнинг бир қўлларида ҳасса, бошқа қўлларидан аёллари тутиб олгандилар. Адиб секин-секин юриб келиб, эшик олдидаги меҳмонхонага етганда биз томонга қараб, заиф товушда “келинглар” дедилар-да, хонага кириб кетдилар. Ортларидан биз ҳам шошиб, меҳмонхонага кирдик. Адибнинг ҳолсизлиги шундоқ кўриниб турарди. Биз бу ҳолдан хижолатимиз чандон ортди, тезроқ мақсадни айтиб, туриб кетишни ўйлаб арзиҳолни бошладик. Дастлаб, оғриқларидан бўлса керак, тунд ҳолда ўтирган адиб, ўзимизни таништиришимиз билан юзлари ёришди.

Тақвимимизни ўқиб туришларини айтдилар, ҳатто бизни бироз мақтаб ҳам қўйдилар. Биз бундан сал дадилланиб, муддаони англатдик ва сўзимизни узр сўраб битирдик. Адиб бошларини сарак-сарак қилиб тингладилар кейин менинг бир умр ёдимда қоладиган ушбу сўзларни айтдилар: “Нега хижолат бўласизлар, болаларим? Ахир, сизлар диёнат учун, маърифат учун ҳаракат қиляпсизларку. Ундан кейин, бу китобларни ҳам чакки сотиб олибсизлар. Беҳуда харажатга нима бор эди, тўғри шу ерга келавермайсизларми, китобдан уйда бор эди, ўзим берардим. Сизлар қилаётган иш бу – дин иши, динга хизмат, шундай экан, уни бажаришда мен-сени, соғ-касали бўлмайди, ҳамма қўлидан нима келса, оғринмай қилиши керак. Шу биргина дастхатим билан китобчага рухсат берилса, учта эмас, ўнта боласига ҳам номма-ном дастхат ёзиб беришга тайёрман. Яна шундай шарт қўйишса, иккиланмай келаверинглар, болаларим! Яна бир гап, лозим кўрсаларингиз, тақвим китобчангиз саҳифаларига китобларимдан бериб боришларинг ҳам мумкин. Бунинг учун мен сизлардан ҳеч нарса кутмайман”.

Очиғи, ишимиз бунчалик осон битишини, адибнинг бундай муомала қилишини сира кутмаган эдим. Зеро, шу пайтгача, бу улуғ адибнинг деярли барча  асарларини ўқиб чиққан бўлсам-да, шахсан танимасдим. Тоҳир Маликни яқиндан таниганимдан кейин жуда кўп ижодкорлардан фарқли равишда ёзгани билан амали бир эканига, жуда кичиккўнгил, маърифат ишига харис, ихлосли, чин мўмин ШАХС эканига амин бўлдим...

Бу воқеадан кейин адиб яна соғайиб кетдилар, кўплаб сара асарлар ёзиб, халқимизга туҳфа қилдилар. Бир самимий, ихлосли мўмин бўлиб, содда ва намунали ҳаёт кечириб ўтдилар. Аллоҳ у кишини ёзган китобларига қабулият берган экан, буни ҳалигача асарларига талаб юқорилигидан ҳам билса бўлади. Бугун, гарчи жисмонан орамизда бўлмасалар-да, асарлари орқали ҳануз халқимизга гўзал панду насиҳат қилишда давом этмоқдалар. 

Аллоҳ таоло бу улуғ адибимизнинг охиратларини обод қилсин.


Нўъмон Абдулмажид,“Азон китоблари” нашриёти директори

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қорақалпоғистондан расмий баёнот

337 12:34 02.07.2022

“16 миллион украиналик гуманитар ёрдамга муҳтож” – БМТ координатори

43 12:20 02.07.2022

Исроилнинг Эронга оид яширин маълумотлари тарқалиб кетди

388 12:00 02.07.2022

Ғарбий Соҳилдаги тартибсизликларда исроилликлар яраланди

108 11:45 02.07.2022

“Муҳожирлар ташналикдан вафот этган” – ХМТ таассуфда

204 11:15 02.07.2022

Осиё-Тинч океани мамлакатлари темир йўлчилари Қирғизистонда йиғилди

165 10:55 02.07.2022
« Орқага